Исроил танклари Ғазодан учирилган ракеталарга жавоб зарбаси берди

Танки Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Исроил танклари ХАМАС ҳаракати позицияларини ўққа тутди. Исроил мудофаа вазирлиги буни Ғазо бўлгасидан отилган ракеталарга нисбатан жавоб эканлигини айтмоқда. Икки ўртада муносабатлар сўнгги бир ҳафта янада таранглашган.

Исроил мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, якшанбага ўтар кечаси Ғазо бўлгасидан Исроил ҳудудига бир нечта ракета учирилган. Жами беш ракета учирилган, уларнинг бирортаси ҳам аҳоли яшайдиган жойларга тушмаган. Ракета билан нишонга олиш натижасида Исроил томонидан жабрланганлар бўлмаган.

Шундан сўнг Исроил танклари ХАМАС ҳаракатининг Ғазодаги нуқталарини танклар билан ўққа тутган. Ҳозирча ҳужум тафсилотлари йўқ.

Ғазо бўлгасини ўққа тутилишидан бир неча соат олдин 40 минг атрофидаги одам "Буюк қайтиш марши" норозилик намойишига чиққан эди. Улар Исроил ва Ғазо бўлгасини ажратиб турувчи девор олдида намойиш ўтказаётган бўлган.

Бу норозилик бир йилдан бери давом этмоқда.

Исроил мудофаа вазирлиги вакилларига кўра, шанба кунги намойиш тинч ўтган. Ғазо бўлгаси раҳбарияти эса намойиш давомида уч нафар 17 ёшли фаластинлик ўсмир отилганини айтмоқда.

"Буюк қайтиш марши" бир йил олдин 2018 йилнинг 30 март куни бошланган эди.

Шундан бери ҳар дам олиш кунлари ўтказилади.

Намойиш иштирокчилари эндиликда Исроилга тегишли бўлган ерларга ундан қочганлар ва уларнинг авлодларини қайтаришни талаб қилмоқда.

Бир йиллик намойиш давомида 200 атрофида фаластинлик ҳалок бўлди, минглаб одам жароҳатланди.

Ғазо бўлгасидан Исроилга эса минглаб ёнувчи қоришмали ракета учирилди. Улар ёнғин ва вайронагарчилик келтириб чиқаргани айтилади.

БМТ Исроилни тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч ишлатишда айблайди. Исроил ўзини мудофаа қилишга ҳаққи борлигини ва чегараларини қўриқлаётганини айтади.

Икки томон ҳам тинч музокаралардан бўйин товламоқда.

Ўтаётган ҳафта бошида икки ўртадаги қарама-қаршилик янада кескинлашди.

Унга Ғазо бўлгасидан учирилиб, Тель-Авив шимолидаги уйни бузган ракета сабаб бўлди.

Натижада икки бола дохил етти киши жабрланган.

Исроил ҳукумати томонидан тарқатилган тасвирларда ракета бир қаватли уйнинг томини бузгани кўриш мумкин бўлган. Яна деворларнинг бир қисми бузилган, дераза ва эшиклар синган. Уй ёнида турган машина зарар кўрган.

Исроил жавоб тариқасида Ғазо бўлгасига бир неча зарба берди. Исроил армияси вакилларининг хабар беришича, нишонлар орасида ХАМАС ҳаракатининг сиёсий раҳбарлари офиси ҳамда гуруҳнинг ҳарбий разведка штаби бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek