Эркак ва аёл: Бу дунёда аёлларга жой йўқми?

Chief Warrant Officer Four, Rosemary Masters, of Oklahoma Army National Guard, left, listens to the speaker during the 20th Anniversary of Women In Military Service For America Memorial celebration on Saturday, October 21, 2017, at the Arlington National Cemetery in Arlington, VA. Фото муаллифлик ҳуқуқи The Washington Post via Getty Images
Image caption 2017 йили Америка ҳарбий хизматида аёллар иштирокига рухсат берилганининг 20 йиллиги нишонланди. Байрам тадбирида қатнашган аёл зобитлар

НАСАнинг таркиби фақат аёллардан иборат бўлган экипажининг очиқ фазога чиқиши вақтида махсус кийим билан юзага келган муаммо ортидан бу дунёнинг эркаклар учунгина мослангани борасидаги мунозаралар қизимоқда.

Журналист ва муаллиф Каролин Крайдо Перез Би-би-си билан суҳбатда фазогирлар кийими муаммоси туфайли аёллар жамоасининг очиқ коинотга чиқа олмаганидан ҳайратланмаганини билдирди.

Унга кўра, биз атрофимиздаги борлиқни эркакларга мослаштиришга ўрганиб қолганмиз ва аёлларни алоҳида жинс сифатида ҳисоблашга кўникмаганмиз.

Крайдо Перез хоним жинсларга нисбатан шаклланган нотўғри муносабатни юрак хуружи бўйича тиббий маълумотларнинг фақат эркакларда кузатиладиган аломатларга асосланиб, таҳлил қилинишидан хабар топганидан сўнг ўргана бошлаган.

«НАСА фақат аёллардан иборат фазовий жамоага эркакларнинг ўртача ўлчамига мосланган махсус кийимларни берганига ҳам сабаб шу,» дейди у.

Крайдо Перез хоним кўкраклар ўлчами ҳисобга олинмаган полиция ҳимоя нимчаларидан тортиб оёқ кийимларига қадар бўлган фақат эркакларга мўлжалланган буюмлар сонининг чексиз рўйхатини келтириш мумкинлигини айтади.

Қуйида нега бу дунё аёллар учун мосланмаганининг етти мисолини кўриш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NASA
Image caption Кристина Коч (марказда) фазогирлик кийиларини кийишда астронавтлар Ник Ҳаг(чапда) ва Анн Макклейнга ёрдамлашмоқда

1. Фазогирлар кийими

НАСА фазогирлар кийимининг мос келмагани туфайли аёллардан иборат гуруҳнинг очиқ фазога чиқиши бекор қилингани ҳақида хабар бериши ортидан кескин танқидларга учраган.

Фазогир Анна Макклейн очиқ фазога чиқишга бир неча дақиқа қолганда, махсус кийимнинг ўзига мос келмаётганини пайқаб қолган. Шундан сўнг унинг ташқарига чиқиши, хавфсизлик важи билан, бекор қилинган.

Крайдо Перез хонимнинг айтишича, Халқаро Космик Станцияда мавжуд кийимларни тайёрлашда фақат эркакларнинг тана тузилиши ҳисобга олинган.

Маълумотларга кўра, НАСА 1990 йиллардаги бюджет чекловлари ортидан кичик ўлчамдаги кийимлар тайёрлашни тўхтатган. Бу аёл фазогирларнинг учдан бир қисми айнан кийим мос келмагани сабабли очиқ коинотга чиқа олмаганини англатади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи David Turnley via Getty Images

2. Ҳарбий жиҳозлар

2016 йилда АҚШ армияси аввал фақат эркак ҳарбийлардан иборат бўлган бўлинмаларга аёлларни ҳам қабул қила бошлаган. Бироқ ҳарбий жиҳоз-аслаҳалар, масалан, дубулға ва оёқ кийимларнинг аксарият қисми ҳамон эркакларга мосланганича қолаверган.

Ўша вақтда Конгресс аъзоси Ники Тсонгас мудофаа вазирлигининг аёл ҳарбий хизматчилар эҳтиёжларига етарлича эътибор бермаётганини таъкидлаган эди. Тсонгас хоним аёл ҳарбийлар ноқулайликлар туфайли, ҳатто, қуролдан ўт очишда қийинчиликка учраётганини маълум қилган.

Бир қанча аёллар Buzzfeed нашрига ўз ҳарбий хизмати давомида, тана ўлчамига мослаш учун, ҳимоя нимчаларининг ён қисмидаги панелларни олиб ташлаш ёки кенг бўшлиқларга пўкак қўйишга мажбур бўлганини сўзлаб берган.

Ўтган йили АҚШ армияси жиҳозларнинг аёлларга мослаштириш ишлари жадаллаштирилаётганини хабар қилган бўлсада, ҳозиргача бу ишлар ниҳоясига етказилмаган.

«Аёллар 2018 йилга қадар Ироқ ва Афғонистонда эркакларга мўлжалланган жиҳозлар билан хизмат қилди,» дейди ҳарбий соҳадаги аёллар масаласини ўрганувчи тадқиқотчи Алекс Элиас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Andy Cross via Getty Images

3. Синов манекенлари

АҚШ ҳукумати 2012 йилгача автомашиналарнинг ҳалокатга бардош беришини ўрганиш учун ўтказиладиган назорат синовларида аёллар кўринишидаги манекенлардан деярли фойдаланмаган.

Виржиния Университети қошидаги Амалий Биомеханика Маркази томонидан 2011 йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, синовларда нозик жинс вакилларининг тана тузилишига мувофиқ манекенлардан фойдаланишга эътибор берилмагани туфайли аёл ҳайдовчиларнинг автоҳалокатларда жиддий тан жароҳат олиш эҳтимоли эркакларникидан кўра 47 фоиз, ўртача жароҳатланиш эҳтимоли эса 71 фоизга юқорироқ бўлган.

Крайдо Перез хонимнинг таъкидлашича, ҳатто, бугунги кунда мавжуд манекенларнинг аёл талқини эркакларникининг бироз ўзгартирилган шакли бўлиб, улар ҳалокатнинг аёл танасига қанчалик таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасида аниқ маълумотларни олишга имкон бермайди.

Европа Иттифоқида ҳам ўхшаш манзарани кузатиш мумкин.

"Европа Иттифоқида ҳар беш назорат синовидан фақат биттасида аёл манекендан фойдаланилади ва шунда ҳам манекен ҳайдовчи эмас, балки йўловчи ўриндиғига ўтқазилади."

Крайдо Перез хоним саноат вакиллари дунё аҳолисининг 50 фоизини ташкил қилувчи аёллар масаласига жиддий эътибор қаратиши шарт, дейди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

4. Смартфонлар

Айрим аёлларнинг фикр билдиришича, мобил иловалардан тортиб қурилмаларнинг ўлчамига қадар эркаклар эҳтиёжларига мослаб ишланган.

Аёллар кафтининг ўлчами эркакларникидан, ўртача, 2.5 сантиметрга кичикроқдир. Бу юзаси катталашиб бораётган мобил қурилмаларнинг аёллар учун янада ўнғайсизлик келтириб чиқараётганини англатади.

Ўлчами 4.7 дюм (12 сантиметр) ёки ундан каттароқ смартфонда матн териш аксар аёллар (ва кафти кичик эркаклар) учун анчайин ноқулайдир.

Крайдо Перез хоним мобил иловаларда ҳам айни шу ҳол мавжудлигига ишора қилади.

"iPhone'да мавжуд саломатликни кузатиб борувчи иловада хайз кўриш даврийлигини қайд этадиган функция умуман йўқ. Қулайликлар ҳақида бош қотириш жараёнида аёлларни ҳисобга олмаслик шундай натижалар билан якунланади."

5. Спорт кийимлари

Америкалик машҳур баскетбол юлдузи Стивен Карри ўтган йили болалар оёқ кийимларининг янги талқинини ишлаб чиққанда, у фақат ўғил болалар ўлчамини таклиф қилган эди.

Натижада Райли исмли тўққиз яшар қизалоқ жаноб Каррига мактуб йўллаб, нега спортга ишқибоз қизларнинг қизиқиши ҳисобга олинмаганини сўраган.

Жаноб Карри мурожаати учун унга ташаккур билдирган ва вебсайтда кўрсатилган барча ўлчамларнинг «ўғил болалар» бўлими остида жойлаштирилганини тушунтирган. 2019-йил март ҳолатига кўра, Стивен Карри оёқ кийимлари ҳамон ўғил болалар учун кўпроқ танлов бераётган бўлсада, уларнинг аксарияти ҳар иккала жинс вакиллари учун мослаштирила бошланган.

6. Лаборатория жиҳозлари

Ақшлик биолог олима Жессика Маунтс Би-би-си билан суҳбатда шу пайтгача ўзи фойдаланган лаборатория жиҳозларининг катта қисми эркаклар учун мўлжалланганини маълум қилган.

«Кийимлар жуда кенг, ҳаракатланаётганда одам ўралиб қолади. Оёқ кийимлар ҳам катталигидан қоқилиб тушиш мумкин.»

«Аёлларга мўлжалланган муқобил жиҳозлар, одатда, анча қиммат, чўнтаклари кичкина ва барибир ўлчам жиҳатдан қулай эмас,» дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи The Washington Post via Getty Images

7. Офисдаги муҳит

Аёллар нафақат нарса-буюм ёки кийимлар билан ноқулайликларга юзланади, балки аксарият иш жойларидаги муҳит ҳам эркакларнинг манфаатига мослаштирилган.

АҚШдаги офисларнинг ўртача ҳарорат тартиби 1960 йилларда ишлаб чиқилган. Бу тартибда 70 килограмм вазнга эга 40 яшар эркакда юз берувчи метаболизм жараёни ҳисобга олинган.

2015 йили Nature журналида чоп этилган тадқиқотда айтилишича, аёллардаги метаболик жараёнлар эркакларникидан 35 фоизгача секинроқ кечиши мумкин. Бу аёллар ва эркакларнинг хона ҳароратига нисбатан эҳтиёжи, ўртача, беш даражага фарқланишини англатади.

Тарихчи Ширли Важда шундай дейди: «Ноқулай муҳитда ўзингни жамоанинг бир қисми, дея ҳисоблаш жуда мушкул.»

Бундан ташқари офисдаги тўрсимон ўриндиқлардан ўтувчи елвизак аёллар учун янада ноқулайлик туғдиради, баланд стулларда эса узун кўйлак ёки юбкада бўлган аёллар бемалол ўтира олмайди, қўшимча қилади Важда хоним.

Шунга қарамай, Крайдо Перез хоним мазкур масалага бўлган эътибор охирги пайтда орта бошлаганидан мамнунлигини айтади. Унинг фикрича, бундан ўн йил муқаддам НАСАнинг фазогирлар кийими муаммоси жамиятда ҳеч қандай акс-садо бермаган бўлар эди.

«Аммо ўз ҳаётини кечираётган аёллар ҳамон нимадир ўзига тўғри келмаганидан ҳайрон бўлаётгани ҳақида ўйлаш жаҳлимни чиқаради.»

«Бунинг сабаби - биз аёллар учун ҳали ҳеч нарса яратмаганимизда.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ