Шариат кучга кирди: Энди гей эркаклар ўлимга ҳукм этилади (18+)

Бруней султони Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бруней Султони гейларни ўлдиришни ёқлаб чиққан.

Бруней султонлигида бугун, 3 апрелдан бошлаб гомосексуал муносабатлар ва турмуш ўртоғига хиёнат қилишга нисбатан ўлим жазосини кўзда тутувчи қонун кучга кирди.

Шу билан бирга ўғирлик учун қўлни чопиш жазосини тайинлаш ҳам жорий қилинмоқда. БМТ султонликдан ушбу қонунларни ўзгартиришни талаб қилмоқда, машҳур инсонлар эса Бруней компанияларига тегишли меҳмонхоналарни бойкот этишга чақирмоқда.

Янги қонунлар кучга кириши билан Бруней шариат тартиблари миллий даражада ишлай бошлаган Жанубий-Шарқий Осиёдаги илк давлатга айланди. Кузатувчилар мамлакатнинг «Осиёдаги Саудия Арабистони»га айлана бошлаганини таъкидламоқда.

ЛГБТ (гей) ўзбеклар Мирзиёевдан эркинлик сўрашмоқда

Ўзбеклар СПИД ёки ОИТС, ВИЧ ҳақида нима билиши керак?

Ким гейларни ёмон кўрса, у руҳий касал

Бу қонунлар 2014 йилдаёқ қабул қилинган, аммо шу кунга қадар кучга кирмаган эди. Улар Бруней султони Ҳассанал Болкиахнинг шахсий ташаббуси ҳисобланади.

Қуйида воқеаларнинг қандай ривожланиб бораётгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Тошми ё дарра?

Янги қонун бўйича, Брунейда, эндиликда, хиёнат ёки бесоқолбоз муносабатлар учун дарра билан уриш ёки тошбўрон орқали қатл этиш ҳукми белгиланади. Айни вақтда шахснинг жиноятини исботлаш учун тўрт мусулмоннинг гувоҳлиги етарли ҳисобланади.

Бунга қадар ҳам бесоқолбозлик ушбу мамлакатда қонундан ташқари ҳисобланган, аммо бундай «жиноят» учун озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланган, холос.

Мазкур қонун кучга киришига бир неча ҳафта қолганда, дунё бўйлаб султоннинг қарорига қарши кенг миқёсли норозилик кампаниялар бошланди ва улар ҳозир ҳам давом этмоқда.

«Гомосексуаллик ёки хиёнат учун тош билан уриб ўлдириш жирканч ва ахлоқсиз ишдир. Ер юзидаги ҳар бир инсон ҳурматга асосланган муносабат кўриш ва қўрқувсиз яшаш ҳуқуқига эга,» деб ёзган АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден ўзининг Twitter'даги саҳифасида.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Amnesty International ташкилоти султонлик ҳукуматидан янги қонунларни зудлик билан бекор қилишни талаб қилган.

Буюк Британия, Австралия, Франция ва БМТ ҳам Брунейга ўхшаш чақириқ билан мурожаат этган.

БМТ таҳдиди, юлдузлар бойкоти

Ғарбнинг машҳур актёрлари ва мусиқачилари Бруней компанияларини бойкот қилишга чақирмоқда. Март ойи сўнггида таниқли актёр Жорж Клуни султонга тегишли кўриладиган Dorchester Collection холдингига қарашли меҳмонхоналарда ортиқ тунамаслигини маълум қилган.

«Бруней - бу монархия ва, шубҳасиз, ҳеч қандай бойкот бу қонунларни ўзгартира олмайди. Бироқ, наҳот, биз инсон ҳуқуқларини поймол қилаётганлари учун уларга пул тўлашимиз керак?» ўртага савол ташлайди актёр.

«Ҳар сафар бу меҳмонхоналарда тунаганимизда, у ерда тушлик қилганимизда ёки кимдир билан учрашганимизда, биз ўз фуқароларини тош ёки дарра билан ўлдиришни истаётган одамлар чўнтагини тўлдираётган бўламиз,» деб ҳисоблайди жаноб Клуни.

ЛГБТ интиҳоси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Гей бўлиш Ўзбекистон каби Брунейда ҳам ноқонуний эди.

Гейлар, лесбианлар ва трансгендерлар шариат қонунлари кучга кириши маълум бўлгандаёқ - бундан бир неча йил аввал мамлакатни ташлаб чиқа бошлаганлар.

Энди улар Брунейда қолган ЛГБТ жамиятининг бошқа аъзолари тақдиридан хавотирга тушмоқда.

«Бундай кун келишини билгандим, лекин бунчалик тез келади, деб ўйламаган эдим,» дейди Шоҳироншароффутдин исмли брунейлик гей.

Унинг қўшимча қилишича, кимнидир шариат қонунлари бўйича бесоқолбозликда айблаш учун жиддий далил-исбот талаб қилинади, аммо ҳар бир аъзоси янги қонунларнинг илк қурбонига айланиши эҳтимоли юқорилиги сабабли ЛГБТ жамияти қўрқув ичра яшамоқда.

«Шундай бўлишини билгандим,» сўзлайди Зоуи исмли трансгендер аёл. У Брунейдан қочиб чиққан ва ҳозирда Канададан бошпана олиш бўйича йўллаган аризасига жавоб кутмоқда.

«Бизнинг нефть захираларимиз тамом бўлди. Султон учун эса янги солиқларнинг жорий қилиниши ва субсидияларнинг камайтирилишидан сўнг иқтисодиётни назорат этишнинг янги чораларини излаб топиш ҳаммасидан ҳам муҳим эди,» ҳисоблайди у.

«Ўлим қўрқуви ҳақиқатга айланди. Оилам мени қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилиши борасидаги орзуйим орзулигича қолиб кетди,» дейди Хайрул исмли брунейлик 19 яшар мусулмон гей йигит.

Хитой томон юзланиш?

АҚШнинг Oil and Gas Journal журналининг ҳисоб-китобига кўра, Бруней минтақада нефть захиралари бўйича тўртинчи ўринда туради. Султонлик қазиб олинган нефтнинг асосий қисмини осиёлик харидорларга экспорт қилади.

Жорий йилда Хитойнинг Zhejiang Hengyi Group ширкати Брунейда нефть қайта ишловчи завод ва кунига 148 минг баррел нефтни қайта ишлаш қувватига эга нефть-кимё комплекси очишни режалаштирмоқда.

"Мавжуд тузум қадимчи исломий мафкурани легитимлаштиришга борган сари кўпроқ уринмоқда. Бу ҳаракат иқтисодиётнинг заифлашуви ва режимга нисбатан ишончнинг эҳтимолий сусайиши фонида кечмоқда," дейди Жон Кебот Университетидан Жанубий-Шарқий Осиё бўйича эксперт Брижит Буш.

Агар Ғарб танқид қилишда давом этиб, санкциялар қўллашга қарор қилса, Бруней ўз иқтисодиётини Хитой томон буткул буриб юбориши мумкин, дейди таҳлилчилар. Ҳуқуқ фаоллари эса Брунейнинг қўшнилари ҳам янги қонунларга нисбатан норозилик билдиришидан умид қилмоқда. Бироқ ҳозирча бундай муносабат кузатилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek