Россия НАТОни ғафлатда қолдирди, бугун қримликлар нима дейишади? - Видео

Андерс Фог Расмуссен Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

2014 йилдан сўнг Россиянинг ҳаракатларига жавоб чораси ишлаб чиқиш учун НАТОнинг ўз фаолиятини сезиларли даражада қайта йўл қўйишига тўғри келди, деди Би-би-си Рус Хизмати билан суҳбатлашган альянснинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен. У, шунингдек, 2014 йили Украинанинг шарқи ва жанубида юзага келган инқироз вақтида НАТОнинг Москва билан музокаралари қандай кечгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Би-би-си: Энг муҳимидан бошласак. Сиз 2009 йилдан 2014 йилга қадар НАТОнинг Бош котиби бўлгансиз. Россиянинг 2014-йил февраль-март ойларидаги Украинада амалга оширган ҳаракатлари сиз учун кутилмаган ҳол бўлганми?

Андерс Фог Расмуссен: Ҳа, кутилмаган ҳол эди. Ишонч билан айтишим мумкинки, бизни ғафлатда қолдиришди. Биз Европа давлатининг куч билан ўз қўшниси ҳудудининг бир қисмини босиб олишини кутмаган эдик. Россия айнан шундай ишга қўл урди, Қримни ноқонуний равишда аннекция қилди.

Би-би-си: Наҳотки, сизда Россия ўз ҳарбийларини Қримга ташлашга тайёрланаётгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот бўлмаган бўлса?

Андерс Фог Расмуссен: Йўқ, умуман бўлмаган. Россия ўшанда мураккаб махсус амалиёт - гибрид уруш бошлаган эди. Улар, нафақат, оддий қуролли кучлар, балки киберҳужумлар, дезинформация бўйича кампаниялар ва бошқалардан фойдаланди… Ўша вақтда биз бунга қарши туришга тайёр эмас эдик. Шундан бери биз бундай ҳолатларга мослашдик. Бироқ 2014 йилда бизни доғда қолдиришди.

"Руслар ўзини тажовузкорона тутди"

Би-би-си: Сиз 2014 йил баҳорида бўлиб ўтган муҳим вазиятларни эслай оласизми? Россия вакилларидан кимлар билан боғлангансиз, қандай чоралар қўллагансиз?

Андерс Фог Расмуссен: Ўша вақтларда Россия-НАТО кенгаши яхши иш олиб борди. Айтганча, бу кенгаш ҳали ҳам мавжуд, лекин расмиятчилик учун, холос. Ушбу кенгаш доирасида биз Россия вакиллари билан ўзаро манфаатларни тамсил этувчи мавзулар, жумладан, Украина масаласини мунтазам муҳокама этганмиз.

Лекин Россиянинг Украинага нисбатан ҳужумларидан сўнг ҳаммаси бошқа ўзанга бурилиб кетди. Айтганча, ўшанда, 2014 йилда, Россиянинг Брюсселдаги НАТО қароргоҳида жойлашган етарлича катта делегацияси бор эди. Бизда ўзаро диалог ўтказиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2014 йилдан кейин НАТОнинг шарқий Европадаги ҳарбий ўқув машқлари сони кўпайди

Би-би-си: Тез-тез мулоқот қилиб турармидинглар?

Андерс Фог Расмуссен: Баъзида ҳар куни. Одатда, ҳафтада, камида, бир марта.

Би-би-си: Россияликлар ўзини қандай тутган эдилар?

Андерс Фог Расмуссен:Умуман олганда, ўзларини анча тажовузкор тутишганди. Улар тез-тез Қримдаги ўз ҳаракатлари тўғрисида ёлғон маълумотларни тақдим қилишар эди. НАТОда уларга ишонмаганмиз.

Би-би-си: Айнан нима ортга қайтмас нуқта бўлиб, хизмат қилди?

Андерс Фог Расмуссен: Россиянинг Қримда оширган амалиётлариданоқ биз, хавфсизлик нуқтайи назаридан, Европа мутлақо янги вазиятга тушиб қолганини англаганмиз. Ва биз қандайдир чоралар қўллашни бошлаганмиз. Биз мудофаа салоҳиятимизни кучайтириш учун Европа шарқидаги ҳамкор давлатларимизга НАТО қўшинларини киритган эдик.

Биринчи босқичда бизни ғафлатда қолдиришди, аммо кейин биз бўлаётган ҳодисаларга зудлик билан жавоб қайтара бошладик. Юз бераётган ҳолатга нисбатан ҳамманинг кўзини очган воқеа, албатта, Украина шарқида уриб туширилган "Боинг" MH17 фожиаси бўлди.

Ҳамкордан душманга

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Расмуссен (суратда ўнгдан бешинчи) сўзларига кўра, 2014 йили НАТО аъзолари Россиянинг Қримдаги амалларини ҳайронлик ва хавотир билан жим кузатиб туришди.

Би-би-си: НАТО 2014 йили Совуқ Уруш даврида ўз мавжудиятининг асоси бўлган мақсадга қайтди, деб ҳисоблаш мумкинми - яъни Россияга қарши туришга?

Андерс Фог Расмуссен: Ҳа, ўшанда биз НАТОнинг дастлабки ва асосий мақсадига қайтганмиз, дейиш мумкин. Альянс 70 йил муқаддам Европа ва Шимолий Американи СССРдан муҳофаза қилиш учун ташкил этилган эди. Совет Иттифоқининг қулашидан сўнг биз янги стратегия ишлаб чиққанмиз. НАТО Афғонистон ва Ливиядаги амалиётларда иштирок этди. Бизнинг Ироқда малака оширишни кўзлаган миссияларимиз бўлган, Африка соҳилларида қароқчиларни тутганмиз.

Биз Москва билан кўп ишладик. Россия НАТОга Афғонистонда амалиётлар ўтказиш йўлида ёрдам берди. Биз наркотрафик билан кураш, террорчилик ва қароқчиликка қарши ҳаракатлар олиб боришда ҳамкорлик қилдик. Бироқ 2014 йилда - Россиянинг Украинага нисбатан хуружи ортидан - Россия стратегик ҳамкоримиз эмас, балки стратегик ғанимимиз эканини англадик. НАТОнинг асосий вазифаси эса - бу, олдингидек, ўз ҳудудимизни муҳофаза қилиш.

«Жавоб қайтариш учун бизда атиги олти дақиқа вақт бўлади»

Би-би-си: Ҳозирда сиз Украина президенти Петр Порошенконинг штатдан ташқари маслаҳатчиси билан ишламоқдасиз. Украина ва Россия ўртасида уруш бошланиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз?

Андерс Фог Расмуссен: Ҳа, уруш давом этаяпти. Донбассдаги инқироз - бу ҳақиқий оловли уруш. Ҳар куни у ерда одамлар ҳалок бўлмоқда, отишмалар юз беряпти. Бу инқирозга чек қўйишнинг ягона йўли - у ерга БМТ тинчликпарвар кучларини киритиш. Улар Украина ва Россия ўртасидаги ҳақиқий чегарани назорат қила олган, бу чегара орқали ўтаётган россиялик ҳарбийлар ва қуролларни кузатиб, бу ҳолни тўхтатиб қолган бўлар эди.

Би-би-си: НАТОнинг келажагини қандай кўрасиз?

Андерс Фог Расмуссен: НАТО бугунги куннинг қийинчиликларига мослашиб боришда давом этиши лозим. Альянс аъзоларининг ҳудуди ва суверенитетини Россиянинг ҳар қандай кўринишдаги тажовузидан ҳимоя қилишга тайёр туриш керак. Бироқ, бунга қўшимча равишда, НАТО терроризмга кўпроқ эътибор қаратиши ва унга қарши курашиши зарур. Мен НАТОнинг терроризмга қарши кураш бўйича мустақил штабини ташкил қилиш зарур, деб ўйлайман.

НАТО киберхавфсизлик соҳасида фаолроқ бўлиши керак. Бизда Кибермудофаа Маркази бор, лекин у 2023 йилга келибгина тўлиқ куч билан ишлай бошлайди. Менимча, бу ўта имиллашдир. Жараённи тезлаштириш лозим. Кейин бу бўлинма ходимларининг сони сезиларли юқори бўлиши керак.

Мен яна электрон разведка ҳақида ҳам эслатиб ўтган бўлар эдим. Тез орада душманларимиз НАТО давлатлари томон оғир дронлар юбориш имконига эга бўлади. Рақибларимиз жонли талафот беришга таваккал қилмасдан, альянс аъзолари билан де-факто уруш бошлаб юбориши мумкин. Бундай хуружларга қарши туриш учун зудлик билан қарорлар қабул қилиш керак бўлади.

1990 йилларда НАТО Болқонда ҳарбий амалиётлар бошлаш йўлида қарор қабул қилиш учун олти ой вақт сарфлаган. Ливияда ҳаракат бошлаш бўйича қарор қабул қилишимизга олти кун кетди. Ўйлайманки, келажакда бир қарорга келишимиз учун бизда бор-йўғи олти дақиқа бўлади, холос. НАТО қўмондонлигида бундай даражадаги қарорларни қабул қилиш учун ҳуқуқ ва имконият бўлиши шарт.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ