Дунё. Янгиликлар: Астероидни "бомбалаган" японлар ва $35 миллиардга тушган ажрашиш

A woman works on socks that will be exported to the US at a factory in Huaibei in China's eastern Anhui province on August 7, 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Доналд Трамп АҚШнинг савдо урушидаги бир қанча энг муҳим масалалар юзасидан Хитой билан тил топиша олганини маълум қилди.

Жаноб Трамп кейинги бир ой ичида бу масала бўйича расмий келишув имзоланиши мумкинлиги, лекин баъзи оғриқли нуқталар ҳали ҳам ўз ечимини топмаганини таъкидлаган.

Президент Трампга кўра, агар шу кунларда эришилган келишувлар расман тасдиқланса, унда у «мисли кўрилмаган, тарихий битим»га айланади.

Ҳукуматга қарашли Синхуа ахборот агентлиги ҳам, мамлакат раҳбари Си Жингпингдан иқтибос келтирган ҳолда, жаноб Трампникига монанд некбин хабар тарқатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ ва Хитой бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган савдо урушини юмшатиш ёки буткул барҳам бериш бўйича ўтган йилнинг декабрь ойидан бери музокара ўтказиб келади.

Мазкур муросасизлик давомида ҳар икки томон бир-бирининг товарларига, умумий ҳисобда, $400 миллиардга яқин бож тарифи жорий этган.

Дунёда энг қимматга тушган ажрашув қайд этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Замонамизнинг энг бой одами Жефф Безос ва унинг рафиқаси Маккензи рекорд даражадаги қиммат ажрим келишувига эришгани хабар қилинмоқда.

Маълум қилинишича, жаноб Безос рафиқасига, камида, $35 миллиард тўлашга рози бўлган.

Бундан ташқари Безос хоним турмуш ўртоғи 25 йил муқаддам ташкил этган Amazon онлайн чакана савдо дўконида 4 фоиз улушга ҳам эга бўлган.

Бунга қадар рекорд даражадаги энг қиммат ажрашув ($3.8 миллиард) арт-дилер Алек Вайлденштейн ва унинг рафиқаси Жокелин ўртасида қайд этилган эди.

Amazon онлайн дўкони ва Blue Origin космик саёҳат компаниялари раҳбари бўлмиш Жефф Безос, Forbes маълумотларига кўра, $131 миллиард маблағ билан дунёнинг энг бой одами номига эга бўлган.

Япония космик кемаси астероидни бомбалагани тахмин қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AKIHIRO IKESHITA

Бугун Япониянинг Ҳаябуса-2 номли космик кемаси ўзи ўрганаётган астероидда портловчи қурилмани ишга туширгани тахмин қилинмоқда. Олимлар Рюгу деб аталган ушбу астероидда сунъий чуқур яратишни кўзлагани айтилади. Ҳаябуса-2 500 метр юқоридан астероиднинг кўзланган нуқтасига чуқурлиги 10 метр ва радиуси 200 метрга тенг кратер яратиш кучига эга портловчи қурилма жойланган контейнерни ташлаган. Бироқ қурилманинг муваффақиятли ишга тушгани ёки йўқлиги фақат шу ойнинг охирига келиб, маълум бўлади. Олимлар портлаш жойидан 1 километр нарида кичик камера жойлаштирилгани, агар портлаш юз берган бўлса, камера юборган тасвирларнинг Ерга етиб келиши учун вақт керак бўлишини маълум қилган.

Рюгу Қуёш Тизимининг илк кунларидан бери яшаб келаётган ибтидоий фазовий жисмлар туркумига мансуб бўлиб, олимлар унинг ички қисмини ўрганиш орқали Ер сайёрасининг қандай шакллангани борасида янада батафсил маълумотга эга бўлишдан умид қилмоқдалар. Тадқиқотлар космик нурланиш туфайли бундай жисмларнинг юзаси кескин ўзгаришга учрашини кўрсатган. Шу сабабли ҳам олимлар портлатиш усули ёрдамида астероиднинг қадимдан сақланиб келган ички қисмига етиб олишни кўзлаган.

Ливия армияси Бош қўмондони пойтахтга юриш қилишга буйруқ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ливия миллий армияси Бош қўмондони Халифа Ҳафтар ўз аскарларига мамлакат пойтахти Триполига ҳужум қилишга буйруқ берди. Жаноб Ҳафтар бу қарорини «Триполини озод этиш амалиёти» деб номлаб, мақсади «шаҳардаги жангарилар ва террорчилар ҳокимиятига чек қўйиш» эканини таъкидлаган. У, шунингдек, Триполи аҳлидан «қуролни қўйиб, оқ байроқ кўтариш»ни сўраган ва ўз аскарларига тинч аҳоли ҳамда хорижликларга ўқ узмасликни буюрган.

2011 йилда мамлакат раҳбари Муаммар Каддафийнинг ўлдирилиши ортидан Ливияда қўшҳокимиятчилик юзага келган. Шарқда парламент ва фельдмаршал Ҳафтар қўмондонлигидаги миллий армия назорати ўрнатилган, ғарбда эса БМТ ёрдамида Триполини пойтахт қилган миллий келишув ҳукумати шакллантирилган. Халқаро ҳамжамият миллий келишув ҳукумати ҳокимиятини тан олган.

Ливия Бош вазири Файз Сараж фельдмаршал Ҳафтар ҳужумини тўхтатиб қолиш учун ҳукумат қўшинларини оёққа турғизган. Триполидаги гарнизон ҳам тўлиқ жанговар ҳолатга келтирилган. Айни вақтда Триполи шаҳрида турган БМТ Бош Котиби Антониу Гутерреш томонларни зудлик билан қуролни ташлаш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.

Тўрт оёқли қадимий кит қолдиғи топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Перудан тўрт оёқли, панжалари парда билан қопланган ва туёқли қадимий кит қолдиғи топилди.

Топилманинг ёши 43 миллион йилга тенг экани тахмин қилинмоқда.

Палеонтологлар узунлиги тўрт метрга тенг бу сут эмизувчининг ҳам қуруқликда, ҳамда сувда яшашга мослашганини маълум қилмоқда.

Бу жиҳатдан унинг қундузга ўхшаб кетиши айтилади.

Олимларнинг ишонишича, илк китлар бундан 50 миллион йил муқаддам ҳозирги Жанубий Осиёда шаклланган.

Танаси сузишга мослашгандан сўнг улар Шимолий Африка ва Шимолий Америка каби олис ҳудудларга қадар тарқала бошлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ