Дунё, янгиликлар: Касалхонага ётқизилган Далай Лама,қарзга ботаётган Россия фуқаролари ва сайловда деярли ғолиб чиққан Нетаняҳу

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Далай Ламанинг аҳволи оғирлашиб қолди

Далай Ламанинг аҳволи оғирлашиб қолди

83 ёшли Далай Лама Ҳиндистон пойтахти Деҳлидаги касалхонага ётқизилган. Ёрдамчисининг маълум қилишича, руҳоний ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят этгандан сўнг зудлик билан касалхонага олиб келинган. Айни вақтда Далай Ламанинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда. У нафас йўли органлари инфекцияси туфайли оғирлашиб қолган.

Тибетлик маънавий етакчи Хитой бошқарувига қарши исён кўтариши ортидан бундан 60 йил муқаддам Ҳиндистонга қочиб келган. Хитой 1950 йили Тибетдаги назоратни ўз қўлига олган ва Далай Ламани ўта хавфли бўлгинчи сифатида таъқиб қилган. Далай Лама охирги йилларда ўзининг халқаро майдондаги фаоллигини анча қисқартирган эди. Ҳозирда Далай Лама ўлимидан сўнг унинг ўрнини ким эгаллаши номаълумлигича қолмоқда.

Бенямин Нетаняҳу яна Бош вазирга айланиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Бенямин Нетаняҳу яна Бош вазирга айланиши мумкин

Исроилда ўтган ялпи сайловда амалдаги Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ва унинг асосий рақиби Бени Ганц партиялари деярли бир хил овоз йиғишга муваффақ бўлди, уларнинг ҳар икки ҳам ўз ғалабасини тантанали равишда эълон қилган, аммо ушбу вазиятда жаноб Нетаняҳунинг ҳукумат коалицияси яратишга имконияти кўпроқ экани тахмин қилинмоқда. Шу вақтга қадар бирор сиёсий партия Исроил парламентида мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмаган ва ҳукуматларнинг бари коалиция кўринишида бўлган.

Ҳозирча сайлов бюллетенлари деярли санаб бўлинган, якуний натижалар эса бугун кечга томон эълон қилиниши кутилмоқда. Агар бу сафар ҳам жаноб Нетаняҳунинг қўли баланд келса, у бешинчи бор Бош вазирлик курсисига ўтириб, бу амалда энг узоқ қолган шахс сифатида Исроилнинг асосчи отаси бўлмиш Давид Бен-Гурионни ортда қолдиради.

Бунга қадар жаноб Нетаняҳу коррупцияда айбланган эди. У агар сайловда ғолиб чиқса, Ғарбий Қирғоқда жойлашган яҳудий аҳоли манзилгоҳларини аннекцияга қилишга ваъда берган. Исроил қуролли кучларининг собиқ бошлиғи бўлмиш Бени Ганц жаноб Нетаняҳунинг қаттиққўл хавфсизлик сиёсатига қарши чиқиб, агар Бош вазирга айланса, шаффоф сиёсат юритишга сўз берган.

«Ғаройиб аёл» Исроил араблари юзасидан Бош вазир Нетаняҳу билан жанжаллашиб қолди

Россия Марказий Банки қашшоқ аҳоли қатламининг қарзлари бўйича хавотир билдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ARTYOM KOROTAYEV/TASS
Image caption Россия Марказий Банки қашшоқ аҳоли қатламининг қарзлари бўйича хавотир билдирди

Статистикага кўра, Россиядаги энг юқори қарздорлик юки даромад даражаси паст бўлган аҳоли қатлами гарданида қолмоқда. Мамлакат Марказий Банки бундай ҳолат юзасидан ўз хавотирини билдирган. Марказий Банкнинг маълум қилишича, айни вақтда истеъмол кредитининг «жуда тез суръатда» ўсиши кузатилмоқда.

Ҳозирда истеъмол кредити олган фуқароларнинг 14,6 фоизи (8,2 миллион) кредит қарзларини сўндириш учун ойлик даромадининг ярмидан кўпини сарфлашга мажбур бўлаётгани айтилади. Шунингдек, банклардан қарздор бўлиб қолган фуқароларнинг деярли 80 фоиз қисмининг ойлик даромади 50 минг рублдан ошмайди. Росстатга кўра, 47 фоиз қарздорлар 2017 йилда атиги 11 минг рубл ($169)га тенг маош олган.

Марказий Банкка кўра, россияликларнинг банклар олдидаги умумий қарздорлиги 2018 йилда 14,9 триллион рубл ($231.7 миллиард)ни ташкил қилган. Бу кредит қарздорлигининг ўтган даврга нисбатан 22.8 фоизга ўсганини кўрсатади. Экспертлар камбағал аҳоли қатламининг бу қадар катта миқдорда қарздор бўлиб қолиши яқин келажакда оғир ижтимоий муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Путин Тошкентда: АЭС ёки Мирзиёев "Россия таҳдидидан қўрқмайди"ми?

Россия ва сиёсат: Путин портрети устидан кулсангиз, сизга нима бўлади?

Японияга тегишли йўқолган ҳарбий самолёт қолдиқлари топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кеча радарлардан йўқолиб қолган Японияга тегишли F-35 қирувчиси қолдиқлари Тинч Уммонидан топилгани хабар қилинмоқда

Кеча радарлардан йўқолиб қолган Японияга тегишли F-35 қирувчиси қолдиқлари Тинч Уммонидан топилгани хабар қилинмоқда. Бироқ учувчи ҳали ҳам бедарак кетганича қолмоқда. Ҳозирча ишлаб чиқарилганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган самолётнинг нега ҳалокатга учрагани сабаблари маълум эмас. Кеча Япония шимолий-шарқида жойлашган Мисава ҳаво базасидан кўтарилганидан 30 дақиқа ўтиб, самолёт билан алоқа узилиб қолган эди.

Япониянинг NHK телеканалига кўра, шу вақтга қадар самолётда бирор носозлик аниқланмаган. Япония ўзининг эскирган F-4 қирувчиларини замонавий F-35 самолёти билан алмаштиришда давом этмоқда. F-35 қирувчиларининг ҳар бири Япония учун, камида, $90 миллионга тушаётгани айтилади. Кечаги ҳалокатдан сўнг, эндиликда, Япония ихтиёрида 12 та F-35 қирувчиси қолган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek