Дунё. Янгиликлар: Элчихонани «жосусхона»га айлантирган Ассанж ва ўзи билан ўзи баҳслашган Порошенко

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ассанж

Эквадор президенти Ленин Моренога кўра, бирор бошқа давлат Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжга берилган сиёсий бошпананинг бекор қилинишига таъсир кўрсатмаган, балки айнан жаноб Ассанжнинг элчихона ичида олиб борган «жосуслик» фаолияти бунга сабаб бўлган. The Guardian нашри билан суҳбатлашган жаноб Морено Эквадорнинг собиқ ҳукуматини Жуиан Ассанжга кенг имкониятлар берганча, Лондондаги мамлакат элчихонасини «бошқа давлатлар ички ишлари»га аралашувчи марказга айлантириб юборишда айблаган. У ўз элчихонасининг «жосуслик маркази»га айланишига тоқат қила олмагани туфайли ҳам жаноб Ассанжга кўрсатилган етти йиллик мурувват ўз ниҳоясига етганини таъкидлаган.

Давлатлар ички ва ташқи сиёсатига оид махфий маълумотларни ошкор қилиш билан шуғулланувчи Wikileaks ташкилоти асосчиси Жулиан Ассанж Швеция полицияси томонидан жинсий тажовузда айбланиши ва АҚШга экстрадиция қилиниши хавотири ортидан 2012 йилда Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан сиёсий бошпана олган эди. Эквадор ҳукумати етти йил давомида ўз элчихонасида яшириниб келган жаноб Ассанжни ўтган ҳафта Британия полицияси қўлига топширган. АҚШ уни давлат сирларини фош этишга бош қўшганликда айблайди.

Дунё, янгиликлар: Жулиан Ассанж можароси, Ойга қулаган Исроил кемаси ва ҳамон тинчимаётган Судан

Петр Порошенко ёлғиз ўзи дебат олиб борди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Порошенко

Тахмин қилинганидек, 14 апрел куни Украина президентлиги учун номзодлар Петр Порошенко ва Владимир Зеленский ўртасида баҳс бўлиб ўтмади. Бундан аввалроқ икки рақиб пойтахт Киевдаги Олимпия Стадионида ўзаро баҳслашишга рози бўлган, аммо баҳс куни бўйича келиша олмаган эди. Амалдаги президент Порошенко 14 апрелни танлаган, телеюлдуз Зеленкский эса икки ўртадаги баҳс 19 апрел куни бўлиб ўтиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Ваъдасига мувофиқ жаноб Порошенко 14 апрел куни стадионга келган ва бир қанча вақт жаноб Зеленскийнинг бўй кўрсатишини кутган. Олимпия Стадионида ҳозир бўлган Би-би-си мухбири Жона Фишерга кўра, стадионга минглаб одам, аксаран номзод Порошенконинг тарафдорлари йиғилган. Стадионга исталган одамнинг ҳеч қандай тўлов ёки таклифномасиз киришига имкон берилган. Жаноб Порошенко рақибини жонли баҳсдан қўрққанликда танқид қилган ва жаноб Зеленский истаган кунда яна стадионда ҳозир бўлишга сўз берган.

Президент сайловларида қизиқчига овоз берган бўлармидингиз?

Дунёдаги энг катта самолёт илк бор осмонга кўтарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Stratolaunch.com
Image caption Дунёдаги энг катта самолёт илк бор осмонга кўтарилди

Калифорнияда дунёдаги энг катта самолётнинг илк синов парвози амалга оширилди. Олти двигатель ва икки фюзеляжга эга ушбу ҳаво кемаси қанотларининг узунлиги 117 метр, узунлиги 53 метр ва баландлиги 15 метрни ташкил қилади. Космик аппаратлар ва юкларни орбитага олиб чиқишга мўлжалланган бундай учоқ лойиҳаси Stratolaunch компанияси томонидан 2011 йилда ишлаб чиқилган.

Соф оғирлиги 226 тоннага тенг бу самолёт 300 тоннадан зиёд юкни орбитага олиб чиқа олиш имконига эга эканини айтилмоқда. Бунга қадар Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган АН-225 самолёти дунёдаги энг йирик ҳаво кемаси ҳисобланар эди. Унинг илк парвози 1988 йил 21 декабрда бўлиб ўтган.

Лондонда Украина элчиси машинасига ҳужум уюштирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Номаълум эркак Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Наталья Галибаренко машинасига ҳужум қилди. Дипломатик хизмат машинаси Лондондаги Украина элчихонаси яқинида жойлашган автотураргоҳда бўлган ва ҳужумчи эркак ўз машинаси билан унга келиб урилган. Элчихонанинг хабар беришича, полиция ҳужумчини ўраб олган, бу вақт ичида у элчининг машинасига яна бир зарба беришга улгурган. Ҳужум ортидан ҳеч ким жабр кўрмаган.

Полицияга кўра, эркак қўлга олинган ва у ҳужумни атайин уюштирган. Ҳозирда унинг шахси ва ҳужум сабаблари аниқланмоқда.

Судан собиқ ҳукумат аъзолари ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Судан собиқ ҳукумат аъзолари ҳибсга олинди

30 йил қудратда бўлган Судан президенти Омар ал-Баширнинг ўтган ҳафта ҳарбийлар томонидан ағдарилиши ортидан муваққат ҳарбий кенгаш собиқ ҳукумат аъзоларини ҳибсга олган. Ўтган йилнинг декабрь ойидан буён мамлакатда сиёсий ҳокимиятга қарши оммавий намойишлар давом этиб келмоқда. Суданликлар президент Башир ағдарилганидан сўнг ҳарбийлар ҳокимиятини ҳам тан олмаган. Намойишчилар Суданда зудлик билан фуқаролик ҳокимияти ўрнатилмагунча, тарқалмаслигини таъкидламоқда.

Якшанба куни матбуот конференцияси чақирган муваққат ҳарбий кенгаш фуқаролар ва мухолифат истагининг «имкон қадар» амалга оширилиши ва норозилик ҳаракатининг бостирилмаслигига сўз берган. Жаноб Башир ҳокимиятдан кетказилиши ортидан муваққат ҳарбий кенгаш раҳбарига айланган мудофаа вазири Авад Ибн Ауф ҳам намойишчилар босими остида орадан бир кун ўтиб, кенгаш раҳбарлигини топширишга мажбур бўлган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek