Дунё. Янгиликлар: Оловдан омон чиққан Нотр-Дам ва Украина шарқини фуқаролари билан тўлдирмоқчи бўлаётган Россия

Президент Макрон: Нотр-Дамни албатта қайта тиклаймиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Макрон: Нотр-Дамни албатта қайта тиклаймиз

Кеча Франция пойтахти Парижда жойлашган машҳур Нотр-Дам ибодатхонасида чиққан ёнғин юзлаб ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракати ортидан ўчирилган. 850 йиллик тарихга эга бинонинг асосий қисмини сақлаб қолишга муваффақ бўлинган эсада, унинг найзасимон минораси ва томи қулаб тушган. Ёнғин деярли тўққиз соат, деганда тўлиқ назорат остига олинган.

Ҳозирча ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмаган. Бироқ Париж расмийларининг бирига кўра, бу бинода кетаётган қайта таъмирлаш ишларига боғлиқ бўлиши мумкин. Пойтахт прокуратураси вакилларидан бири ёнғин, ҳозирча, бахтсиз ҳодиса сифатида ўрганилаётганини маълум қилган. Фавқулодда вазият гуруҳлари бино ичида бўлган кўплаб диний ва тарихий нодир буюмлар ҳамда санъат асарларини сақлаб қолгани айтилмоқда. Нотр-Дам сўнгги бор 18 аср охиридаги Буюк Француз Инқилоби даврида жиддий зарар кўрган эди. У икки жаҳон урушига ҳам бардош берган.

Душанба куни тунда воқеа жойига етиб келган Франция президенти Эммануэл Макрон француз халқига Нотр-Дамнинг қайта тиклашга сўз берган ва сешанбадан таъмир ишлари учун умуммиллий маблағ йиғиш кампанияси бошланишини эълон қилган. Хабарларга кўра, Gucci ва Yves Saint Laurent каби брендларга эгалик қилувчи Kering Group раиси, миллиардер Франсуа-Ҳенри Пино 100 миллион евро ($113 миллион) хайрия қилиш ниятида эканини аллақачон маълум этган.

Дунёдаги энг ноёб тошбақалардан бири ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Деярли қирилиб битган Янгзе катта юмшоқ косаси (илмий номи - Rafetus swinhoei ) турига мансуб урғочи тошбақа Хитойнинг Сужоу ҳайвонот боғида ҳалок бўлди. Эндиликда, бутун дунё бўйича ушбу турга мансуб атиги уч тошбақа қолди.

Мутахассислар 90 ёшда бўлган бу тошбақани ўлимидан аввал беш бор сунъий уруғлантиришга уринган эдилар. Ҳозирда Хитойнинг бошқа бир ҳайвонот боғида 100 яшар эркак ва Въетнамда икки тошбақа табиат қўйнида яшамоқда. Олимлар ҳаддан зиёд овлаш, балиқларни қириб ташлаш ва яшаш муҳитига зарар келтириш туфайли бу турдаги тошбақалар йўқолиб кетганини таъкидлайди.

Кремль ДХР ва ЛХР аҳолисига Россия паспортларини беришга тайёрланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Matytsyn/TASS

РБК телеканали ва Коммерсант газетасининг ўз манбаларига таяниб, хабар беришича, Россия ҳукумати Украина шарқида ўзини халқ республикаси, деб эълон қилган Донетск Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикаси аҳолисига енгиллаштирилган тартибда фуқаролик бериш режасини ишлаб чиқмоқда. Расман тасдиқланмаган хабарларда президент Путин Украинадаги президентлик сайловининг иккинчи туридан сўнг бундай қарорга имзо чекиши кутилаётгани айтилади.

Тахмин қилинишича, бундай қарор кучга киргандан сўнг ДХР ва ЛХР аҳолиси турли имтиҳонлар ва Россия ҳудудида беш йил муқим яшаш каби талабларсиз Россия Федерацияси паспортини қўлга кирита олади. Кузатувчиларнинг фикр билдиришича, «халқ республикалари» ҳудудини Россия паспортига эга одамлар билан тўлдириш Владимир Путинга, агар Украина билан ҳарбий зиддият кучайиб кетса, вазиятга ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонаси билан осонгина аралашиш имконини беради.

2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, ДХР аҳолиси 2,28 миллион, ЛХР аҳолиси сони эса 1,45 миллионга тенг. Ўзини халқ республикаси, деб эълон қилган бу ҳудудларни БМТга аъзо бирор давлат тан олмаган. Кремль, ҳозирча, ДХР ва ЛХР аҳолисига Россия фуқаролигини бериш режаси бўйича бирор изоҳ бермаган ёки бу хабарни рад этмаган.

Россия ўз паспорти билан империяни тикламоқчими?

Дунё. Янгиликлар: Элчихонани «жосусхона»га айлантирган Ассанж ва ўзи билан ўзи баҳслашган Порошенко

Alibaba асосчиси 12 соатли иш кунини ҳимоя қилиб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитойлик миллиардер ва Alibaba интернет дўкони асосчиси Жек Ма кунига 12 соат, ҳафтасига 6 кун ишлаш тартибини ёқлаб чиқди. Айни вақтда «996 соатли тизим» номини олган бундай иш тартиби масаласи Хитойда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мамлакатдаги айрим компаниялар ходимларини расмий иш соати тугагандан сўнг ҳам меҳнат қилишга рағбатлантиради. Хитой ижтимоий тармоқларида компания раҳбарларининг ишчилари соғлиги ва шахсий ҳаётини қадрламаслиги масаласи тез-тез кўтарилиб туради. Ўтган ҳафта жаноб Ма мазкур тизимсиз Хитой иқтисодиёти «ўз яшовчанлик қобилияти ва шиддаткорлиги»ни йўқотган бўлишини таъкидлаган эди.

Alibaba дунёдаги энг йирик интернет компанияларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳозирги бозор нархи, тахминан, $490 миллиардга тенг, жаноб Манинг шахсий бойлиги эса $40 миллиард атрофида баҳоланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek