Дунё, янгиликлар: Жаҳондаги энг йирик сайлов, янги топилган одам тури ва Суданда эҳтимолий давлат тўнтариши - bbc.com/uzbek

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳиндистонда ялпи сайловнинг биринчи босқичи бошланди

Ўн миллионлаб ҳиндистонликлар 20 штат ва бирлашган ҳудудлар бўйлаб парламентга вакилларни танлаш учун овоз беришни бошлади. Етти босқичдан иборат сайлов жараёни 19 майга қадар давом этади. Овозларни ҳисоблаш куни - 23 май.

Ҳиндистон ҳукуматини шакллантириш учун бирор сиёсий партия парламент қуйи палатасидаги 543 ўриннинг, камида, 272 тасини эгаллаши лозим бўлади. Айни вақтда жорий Бош вазир Нарендра Моди сайловга лаёқатли 900 миллион овознинг аксар қисмини қўлга киритиб, яна мамлакат раҳбарига айланишдан умид қилмоқда. Бироқ у Ганди-Неру сулоласидан бўлган Раҳул Гандининг кучли рақобати билан юзлашмоқда.

Ҳиндистонда ақл бовар қилмас даражада кўп овоз беришга лаёқатли одам бор - 900 миллионга яқин. Сўнгги бор 2014 йилда бўлиб ўтган сайловда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 66 фоизи қатнашган эди. Бугундан бошлаб 19 майга қадар ҳиндистонликлар етти босқичда ва бир миллион сайлов участкасида ўз мамлакатлари келажаги учун овоз берадилар. Ҳиндистоннинг илк тарихий сайлови 1951-1952 йилларда уч ой давом этган. Сайловларнинг бунчалик узоқ давом этишига сайловчиларнинг ҳаддан зиёд кўплиги сабабдир.

Дунё, янгиликлар: Касалхонага ётқизилган Далай Лама,қарзга ботаётган Россия фуқаролари ва сайловда деярли ғолиб чиққан Нетаняҳу

Дунё янгиликлари: 'Айбсизʼ топилган Трамп, Венесуэладаги рус ҳарбий самолётлари ва Apple'нинг сирли тадбири

Дунё янгиликлари: Хитойда портлаш, Ғўлон Тепалиги ва Facebook калит сўзлари можароси

Брексит 31 октябрга қадар қолдириладиган бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Брекситни 31 октябргача чўзиб туриш имконияти юзасидан келишиб олди. Европа Кенгаши президенти Доналд Таск ўзининг «британиялик дўстлари»га хабар йўллаб, «бу сафар ҳам вақтни беҳуда кетказмаслик»ни илтимос қилган.

Брюсселда йиғилган Британия Бош вазири Тереза Мей ва Евроиттифоқ етакчилари беш соатли йиғиндан сўнг қуйидагилар бўйича келишиб олган:

  • Чиқиб кетиш келишувини ратификация қилиш учун «фақат зарур ҳолдагина» Брексит чўзиб турилади ва бу узайтирилган муддат «31 октябрдан ўтиб кетмаслиги лозим.»
  • Британияда май ойида Европа Парламентига бўладиган сайловлар ўтиши шарт, агар бундай бўлмаса, Британия 1 июнь куни Иттифоқдан чиқиб кетади.
  • Европа Иттифоқи чиқиб кетиш бўйича музокарага қайта киришмаслиги мумкин.

Европа Иттифоқи бунга қадар Брексит бўйича бир қарорга келиш учун Британияга 12 апрелга қадар вақт берган эди.

Судан армияси «тез орада» муҳим баёнот беришни маълум қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўтган йилнинг декабрь ойидан бери давом этаётган Суданни ўттиз йил бошқариб келган президент Омар ал-Башир ҳокимиятига қарши норозилик намойишлари ортидан мамлакат армияси тез орада давлат телевидениеси орқали муҳим баёнот билан чиқишини эълон қилди. Ҳозирча мазкур баёнотнинг расмий мазмуни маълум бўлмасада, кузатувчилар, катта эҳтимол билан, президент ал-Баширнинг армия томонидан қудратдан кетказилганини тахмин қилмоқда.

Суданда бўлган журналистлар, ички манбаларга таяниб, Судан армияси бошлиғи генерал лейтенант Камол Абдел-Маъруф муваққат ҳукуматга бошчилик қилишга тайёргарлик кўраётганини хабар қилмоқда.

Президент Омар ал-Башир 1989 йилда бўлиб ўтган исломий давлат тўнтариши ортидан ҳокимият тепасига келган. Суданликлар унинг даврида иқтисодий қийинчиликлар ҳаддан ташқари ошгани, фуқаровий эркинлик бўғилганини таъкидлайди. Унинг даврида жанублик исёнчилар Жанубий Судан давлатини яратишга муваффақ бўлган. Жанубнинг ажралиб чиқиши ортидан Судан нефть захираларининг учдан бир қисмини қўлдан бой берган.

Филиппинда одамнинг янги тури топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи FLORENT DETROIT

Филиппининг Лузон оролида йўқолиб кетган одам тури топилди. Homo luzonensis номини олган ушбу турнинг жисмоний хусусиятлари одамнинг қадим аждодлари ва замонавий одамникига ўхшаб кетиши айтилмоқда. Мазкур топилма одамнинг ибтидоий қариндошлари Африкадан чиқиб, Жанубий-Шарқий Осиёга қадар етиб борганини англатиши мумкин. Бунга қадар олимлар бундай назарияни илгари сурмаган эди.

Ўтказилган таҳлиллар Homo luzonensis'нинг бундан 67 ва 55 минг йил аввал вақт оралиғида мавжуд бўлганини кўрсатган. Шу вақтгача Жанубий-Шарқий Осиё минтақасидан, камида, уч одам тури қолдиқлари топилган. Уларнинг бари аждодларимизнинг ҳудудга келиши арафасида яшаган. Олимлар Лузон оролига фақат денгиз орқали етиб бориш мумкинлигини ҳисобга олиб, ибтидоий одамларнинг бу ерга қандай келиб қолгани борасида бош қотирмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek