Дунё, янгиликлар: Жулиан Ассанж можароси, Ойга қулаган Исроил кемаси ва ҳамон тинчимаётган Судан

Фото муаллифлик ҳуқуқи JACK TAYLOR/GETTY IMAGES

Эквадор Жулиан Ассанжни нега «бериб юборди?»

Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанж Британия ва Швецияда ўзига қарши қўзғатилган айбловлар ортидан Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан сиёсий бошпана олган ва сўнгги етти йилни ўша ерда ўтказиб келаётган эди. Кеча Эквадор уни сиёсий бошпана ва бу мамлакат фуқаролигидан маҳрум этиб, Британия полициясига, том маънода, қўшқўллаб топшириб юборди. Бугун Эквадор жаноб Ассанжни халқаро конвенция нормаларни бузганликда айблаб чиқди.

Кузатувчилар Эквадорнинг бундан етти йил аввал жаноб Ассанжга сиёсий бошпана бериш ҳақидаги қарорини сиёсий, деб атайди. Associated Press'га кўра, мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Рафаэл Корреа шу йўл билан дунё ҳамжамияти эътиборига тушишни истаган, ўзининг сўз эркинлиги тарафдори сифатида кўрсатишга уринган. Жорий президент Ленин Морено даврида вазият ўзгариб, Эквадорнинг Ассанжни суд қилиш ниятида ёнаётган АҚШ билан муносабатлари яхшиланиб бораётгани айтилади.

Президент Морено ўзининг махсус видеомурожаатида мамлакатининг жаноб Ассанжнинг «ўзбошимча ва хурмача қилиқлари»дан сабр косаси тўлганини маълум қилган. Жаноб Моренонинг сўзлашича, Жулиан Ассанж элчихона ичида ўзини тажовузкор тутган, бошқа давлатлар ички ишларига аралашишда давом этган, кузатув камераларини тўсиб қўйган, мобил телефондан фойдаланган ва бошқа айрим тақиқланган хатти-ҳаракатларга қўл урган. Ўз навбатида, Wikileaks асосчисига яқин одамлар бунга қадар элчихона ходимлари жаноб Ассанжнинг ҳар бир қадамини видеокамера ва диктофон орқали кузатиб келганидан шикоят қилган эди.

Дунё, янгиликлар: Жаҳондаги энг йирик сайлов, янги топилган одам тури ва Суданда эҳтимолий давлат тўнтариши - bbc.com/uzbek

Дунё, янгиликлар: Касалхонага ётқизилган Далай Лама,қарзга ботаётган Россия фуқаролари ва сайловда деярли ғолиб чиққан Нетаняҳу

Дунё янгиликлари: 'Айбсизʼ топилган Трамп, Венесуэладаги рус ҳарбий самолётлари ва Apple'нинг сирли тадбири

Исроилга тегишли космик кема Ой юзасига қулаб тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ойга учирилган илк хусусий космик кема табиий йўлдош юзасига қўнишга уринаётган вақт қулаб тушган. Бундай муваффақиятсизликка унинг асосий двигателида юзага келган носозлик сабаб бўлган. Берешит номли бу луноходнинг вазифаси Ой сиртини суратга олиш ва тажрибалар ўтказиш бўлган. Исроилдаги нотижорат ташкилот ва Israel Aerospace Industries давлат концернининг қўшма лойиҳаси бўлмиш бу миссияга $100 миллион маблағ сарфланган.

Берешит ўзининг жуда паст харажати билан дунё эътиборини тортган эди. Одатда, бундай миссиялар ўнлаб миллиард доллар маблағ талаб қилади. Шу вақтга қадар атиги учта давлат Ойга ўз космик аппаратини қўндиришга муваффақ бўлган, холос - АҚШ, Собиқ Иттифоқ ва Хитой. Агар Берешит миссияси ижобий якунланганда, Исроил ҳам улар қаторидан жой олган бўлар эди.

Суданда президент ағдарилди, аммо одамлар хурсанд эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кеча Судан армияси томонидан мамлакатни 30 йил давомида бошқариб келган 75 ёшли президент Омар ал-Баширнинг қудратдан кетказилиб, ҳибсга олинганини намойишчи оломон хуш қарши олган бўлсада, суданликлар, эндиликда, ҳарбийларнинг янги ҳокимиятини тан олмаётир. Намойишчиларнинг таъкидига кўра, ҳокимиятга келган ҳарбийлар ҳам ал-Башир тузумининг бир қисмидир.

Жаноб ал-Башир декабрь ойидан буён давом этаётган оммавий намойишлар ортидан ҳибсга олинган. Ўтган ойлар давомида собиқ президентга садоқатли кучлар намойишчиларни қаттиққўллик билан тарқатишга уринган, лекин армия одамлар ҳимоясига чиққан эди. Судандаги ички манбаларнинг гувоҳлик беришича, бугун армия ва намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиқиши эҳтимоли ошиб бормоқда. Кеча армия давлат телевидениеси орқали кечки соат 22.00 дан тонгги 04.00 гача комендантлик соати эълон қилиб, одамларни уйга қайтишга чақирган, аммо намойишчилар ҳарбийлар кўрсатмасини писанд қилмай, тунни кўчада ўтказган.

Жаноб Баширнинг бундан кейинги тақдири қандай кечиши ҳозирча номаълум. Халқаро Жиноят Суди уни Судан жанубида уруш ва инсониятга қарши жиноятларга қўл уришда айблайди. Мамлакат мудофаа вазири Авад Ибн Оуфга кўра, Суданда кейинги икки йил давомида муваққат ҳукумат назорати ўрнатилади, сўнг сайловлар ўтказилади.

Россияда «Суверен интернет тўғрисида» қонун қабул қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россия Давлат Думаси кескин баҳсларга сабаб бўлган «Суверен интернет тўғрисида»ги қонунни иккинчи ўқишда қабул қилди. Аввалроқ президент Путин мазкур қонун қабул қилингандан сўнг Ғарб махсус хизматлари россияликларнинг ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларини ўқий олмаслигини таъкидлаган эди.

Расмий изоҳга кўра, қонуннинг асосий мақсади - умумжаҳон тармоғидан узиб қўйилган тақдирда ҳам интернетнинг рус сегменти фаолиятини таъминлашдан иборат. Танқидчилар ҳукуматни бу йўл билан интернет алоқасини мамлакат ичида марказлаштиришга уринишда айблайди. Қонуннинг содда тавсифига кўра, бундан кейин барча интернет траффики Россия ва халқаро тармоқлар ўртасидаги айирбошлаш нуқталари реэстридан ўтиши шарт бўлади. Қонунга кескин қаршилик билдирганларнинг айтишича, бундай марказлашган «мустақил» интернет алоқа сифатининг кескин пасайиб кетишига олиб келади ва ҳукуматнинг интернет устидан назорат имкониятларини оширади.

Ҳозирча қонуннинг кучга кириши учун унга президент имзо чекиши лозим. Бироқ жаноб Путин февраль ойидаёқ ушбу қонун лойиҳасини ёқлаб чиққан эди. Президент имзосидан сўнг қонун шу йилнинг 1 ноябридан кучга киради (айрим бандлари 2021 йилга қолдирилган).

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek