Дин ва дунё: Сўфийлар самоси нимани англатади?

Сўфийлар само рақсининг тарихи узун. Само зикр, Аллоҳга яқинлашиш йўли ҳисобланади. 12 асрда яшаб ўтган Хўжа Аҳмад Яссавий ҳикматларида ҳам «Сармаст бўлуб рақсу само урдум мано» деган сатрларни ўқийсиз. Бугунда эса, кўплар само рақсини Мавлавийлик йўналиши билан боғлайди. Маснавийхонлик кечалари самосиз кечмайди. Айрим жойларда само шунчаки томоша мақсадида ташкил қилинади. Гулсевар Замон Туркиянинг Мавлавийлик асос солинган Кўнё шаҳрида само мажлисига борган ва дарвешлардан бири Митҳат Ўзчакилдан рақсдаги рамзлар, унинг мазмун-моҳияти ҳақида сўраган.

Ўзбекистон-Туркия: Ҳеч такка деб эшитганмисиз?

Дин ва дунё: Румий - сўнмас қуёш, адоқсиз муҳаббат

Ўзбекистон - Туркия, Кавсар ая: Ўзбекистон мустақил бўлди деб шундай суюндим...

Митҳат Ўзчакил: "Само эшитиш, тинглаш деган маънони беради. 13 асрда яшаган Жалолиддин Румий эски бозордан ўтиб кетар экан, қулоғига болғачалар овозини чалинади. Ва бу товушларни жаннатда эшитгани хотирига келади. Кутилмаганда у гир айланиб рақс туша бошлайди. Бу Аллоҳга муҳаббатдир. Мовлоно ҳар айланганида: "Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ", дея Роббининг исмини такрорлайди. Само зикрдир. Аллоҳни ёд тутмакдир. Чирпарак айланаётган дарвишлар ҳам бутун қалблари билан сассиз-садосиз Аллоҳни зикр қиладилар.

Само рақсида жуда кўп маъно, рамз ва истиоралар (метафора)бор. Аввалида қора либосимиз. Қора кийим фоний дунёнинг рамзидир. Рақс бошлашдан олдин у ечилади. Бу гўё руҳий дунёда қайта туғилишдир. Қора либос тагидан қоладиган оқ кийим эса, кафандир. Дарвишлар бир маънода фонийдан боқий дунёга кўчган инсонлардир. Улар жисман яшасалар-да, руҳлари ерда эмас. Бу нафсни, кибрни ўлдиришдир. Бундай ҳолатда эса, сиз руҳан қайта туғилган, озод инсонга айланасиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb
Image caption Митҳат Ўзчакил, сўфий дарвешлардан.

Рамзлардан яна бири - қўлларимизнинг шакли. Рақс пайти ўнг қўлимиз кўкка узанади, чап қўлимиз пастга... Ўнг қўлимиз билан Аллоҳдан раҳмат тилаймиз, чапи билан эса, ушбу раҳматни бошқаларга улашамиз. Юзимиз эса, қалбимиз томонга эгилган бўлади. Чунки Аллоҳ қалбингиздадир. Сўфийликда инсон қалби ўта муҳим ҳисобланади. Чунки Аллоҳ ҳар бир мўминнинг қалбидадир.

Буни сўзда ифодалаш жуда қийин. Бу - сир. Ҳар бир дарвиш ушбу сир билан яшайди. Аммо умумий қилиб шуни айта оламан: самодан сўнг биз осойишталикка қовушамиз. Дунё ташвишларидан озод бўласиз гўё. Бу ниҳоятда ажойиб ҳисдир... Қалбингиз ва ҳофизангиз барча ташвишлардан ҳоли бўлади

Мен самони томоша ёки рақсга айлантирганларга қаршиман. Баъзан, тўй маросимларда ҳам кўрасиз буни. Гоҳида, сайёҳлардан пул ишлаш учун қиладилар. Бу яхши эмас. Айни пайтда само қилаётган бошқа гуруҳлар ҳам бор. Улар самони маданият ўлароқ яшатишни исташади. Улар ҳам Аллоҳнинг исмни такрорлашади. Самозинлар орасида дўстларим бор. Томошабинлар кимлиги уларга фарқ йўқ. Улар фақат қалбларига боқишади, Аллоҳни зикр қилишади. Бу яхши. Агар самони Аллоҳ номи билан қилар экансиз, уни қаерда ташкил қилишингизнинг аҳамияти йўқ".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek