Илҳан Омар: Президент Трамп ҳужумига учраган муслима конгрессвуман " Мен мум тишлаб ўтириш учун конгрессга сайланмадим!"

Congresswoman Ilhan Omar in front of US flag (file photo) Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Конгрессвуман Илҳан Омар

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Twitter саҳифасида мамлакат Конгрессига сайланган илк икки мусулмон аёлнинг бири бўлмиш Илҳан Омарнинг 2001 йил 11 сентябрда Жаҳон Савдо Марказига уюштирилган террор хуружига оид сўзларига нисбатан ҳужум қилувчи видеони эълон қилди.

Видеонинг остида «Ҳеч қачон унутмаймиз» сўзларини ёзган президент Трамп бу билан Омар хонимни аксил-америка кайфиятидаги сиёсатчи сифатида кўрсатишга уринган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШ Конгрессининг Вакиллар Палатасига Миннесота штатидан сайланган 37 яшар Илҳан Омар 23 март куни Америка-Ислом Муносабатлари Бўйича Кенгаш (CAIR)да сўзга чиқиб, исломофобия ва Янги Зеландияда масжидларга уюштирилган ҳужум юзасидан ўз фикрини билдирган эди.

11 сентябр воқеалари ҳақида сўзлай туриб, Демократлар партияси вакиласи бўлган Омар хоним «Баъзи одамлар нимадир қилдилар,» деган. Республикачилар бу сўзлари билан Омар хонимни террорчилик хавфи аҳамиятини пасайтиришга уринишда айблаган. Ўз партияси эса конгрессвуманни ҳимоя қилиб чиқиб, жаноб Трампнинг сўзларни контекстдан юлиб олганини таъкидлаган.

Асли сомалилик қочқин бўлган Омар хоним ҳижобли илк Конгресс аъзоси ҳисобланади.

Трамп бу муслима аёлдан қаттиқ дакки олди.

"Мен конгрессга сукут сақлаш учун сайланмадим...Демократиямиз учун курашаман ва уни ҳимоя қиламан", деб твитлади Омар хоним.

"Қанчалар иқтидорсиз, аҳлоқсиз ва бешафқат бўлмасин, ҳеч бир одам менинг Америкага муҳаббаттимга дахл қилолмайди".

Бунга қадар ҳам у Исроил ва исроилпараст лоббичилар тўғрисида билдирган изоҳлари ортидан антисемитизмда айбланган эди.

CAIR'да ирод этган нутқи давомида Омар хоним 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШда мусулмонларга нисбатан совуқ муносабат юзага келганини таъкидлаган:

«Мана ҳақиқат.Узоқ вақт биз иккинчи даражали фуқаролар сифатида ноқулай вазиятда яшадик ва, очиғи, мен бундан чарчадим ва мамлакатдаги ҳар бир мусулмон бу ҳолатдан чарчаши лозим. CAIR 11 сентябр воқеаларидан сўнг ташкил этилган, сабаби улар баъзи одамларнинг нимадир қилгани ва барчамиз фуқаролик эркимиздан айрилаётганимизни англаб етдилар.»

9 апрел куни Омар хонимнинг ушбу нутқи консерватив қарашдаги республикачилар ва матбуот назарига тушган.

Республика Миллий Қўмитаси раисаси Ронна Макданиел Омар хонимни "аксил-америка" кайфиятидаги шахс сифатида тасвирлаган.

Макданиел хонимга кўра, исломий терроризм туфайли 2001 йил 11 сентябр куни 3,000 га яқин америкаликнинг умрига завол етган, «Баъзи одамлар нимадир қилдилар» сўзлари билан эса Омар хоним бу фожиа кўламини пасайтиришга уринган.

Шунингдек, Washington Post нашри CAIR'нинг аслида 11 сентябр воқеаларидан сўнг эмас, балки 1994 йилда ташкил топганини эслатиб ўтган. Омар хонимнинг сўзчиси нашрга конгрессвуман ўз фикрини ноаниқ ифода этгани, нутқида ташкилот аъзоларининг террор хуружи ортидан икки баробарга кўпайганини назарда тутганини билдирган.

11 апрел куни New York Post нашри ўзининг бош саҳифасида олов ичида қолган эгизак бинолар суратини жойлаштириб, қуйидаги сўзларни ёзган: "Мана сенинг нимадиринг" ва ҳужум ортидан 2,977 нафар инсон ҳалок бўлганини яна бир бор таъкидлаган.

Мазкур бош саҳифа ижтимоий тармоқларни иккига бўлиб юборган. Айрим фойдаланувчилар нашрнинг жасорат кўрсатганига ишора қилган бўлса, бошқалар бундай муносабат учун New York Post'ни қаттиқ танқидга тутган.

12 апрел куни президент Трамп мақола аввалида тилга олинган видеони ўзининг Twitter'даги саҳифасига жойлаган. Шундан бери бу видео ўн минглаб марта қайта улашилган.

Танқидлар ва айбловларга қарамай, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Омар хонимнинг тарафини олиб чиққан. Ўтган ҳафта охирида Twitter'да #IStandWithIlhan (#МенИлҳанБиланБиргаман) ҳештеги оммалаша бошлаган.

Демократлар партиясининг бир қатор машҳур вакиллари жаноб Трампни "бўлгинчилик ва зўравонликни рағбатлантириш"да айблаб, Омар хоним ҳимоясига отланган.

2020 йилда бўлиб ўтувчи президентлик сайловида иштирок этишини эълон қилган сенатор Берни Сандерс Омар хоним шахсига нисбатан бўлаётган «жирканч ва хавфли ҳужумлар»ни қоралаган.

Сенаторлар Эми Клобушар ва Камала Ҳаррис ҳам президентни нафрат тарқатишда айблаган.

Вакиллар Палатаси спикери Ненси Пелоси эса жаноб Трампнинг 11 сентябр воқеаларига оид таъсирли суратларни ишлатиши нотўғри бўлганини билдириш билан бирга Омар хонимнинг фожиа юзасидан беҳурматлик қилганига ишора қилган.

Конгресснинг яна бир муслима аъзоси Рашида Тлайиб ва конгрессвуман Александрия Оказио-Кортез демократларни Омар хоним ҳимоясига чиқишга даъват этган.

Ўзини қўллаб-қувватлаётганларга Twitter орқали ташаккур изҳор қилган Омар хонимнинг ўзи танқидлар унинг овозини бўға олмаслигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek