Юксак мартабали нотенглик: Путин атрофидаги амалдорларнинг бойлиги қанча?

Коллаж Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC/TASS

Россия ҳукумати мулозимлари ва уларнинг оила-аъзолари бу йил қарийб 2 миллиард рубль ишлашган. Бу пулларнинг ярмидан кўпи Кремлдаги учта оила ҳиссасига тўғри келади. Даромадлар ҳақидаги декларация Россия президенти администрациясида ҳам табақаланиш кучли эканини кўрсатган.

Рейтинг ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ўзгарган: унда 2017 йилда Россия ҳукуматимнинг энг бой амалдорлари бўлган собиқ бош вазир ўринбосари Александр Хлопонин ва собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачевлар йўқ.

Ўзбекистон: Мирзиёев тўнғич қизи ҳам ишга олинди

Ўзбекистон: Каримов қизини ўзининг ўрнига тайёрлаган

Россия, Ўзбекистон: Путин суратини чизган мигрант ватанга қайтгач қамалди

Би-би-си Рус хизмати Россия ҳукумати ва Президент администрациясидаги бешта оиланинг даромадларини ўрганди.

Президентнинг Волгабўйи федерал округидаги махсус вакили Игорь Комаров

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Metzel/TASS
Image caption Игорь Комаров (ўртада)

Путиннинг Волгабўйи федерал округидаги махсус вакили Игорь Комаров оиласи Кремлнинг энг бой оилаларидан бирига айланган.

Комаров - президенти администрациясида янги одам. Ушбу лавозимга 2018 йил сентябрида тайиноланган. Бунга қадар Роскосмосда ишлаган.

Унинг рафиқаси билан даромадини қўшиб ҳисоблаганда 659 миллион рублдан ошиб кетган. Бунинг катта қисми - 657,278 млн Комаровга тегишли.

Оила бешта ер участкаси, турар-жой, квартира, битта газ қувури, нотурар жой, яна иккита квартира ва қўшимча иккита квартирадаги ҳисса ҳамда битта машина қўядиган жойга эгалик қилади.

Бундан ташқари яна ер участкаси, кваритара ва турар-жой.

Комаровнинг автомобиллари орасида Лада Ларгус (Камаоров муқаддам "АвтоВАЗ" директори бўлган) ва иномаркалар бор. Комаровнинг ўзида Mercedes-Benz Viano, рафиқасида эса Range Rover Evoque ва Mercedes-Benz Viano бор.

Юрий Трутнев - Бош вазир ўринбосари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin/TASS

Ўтган бир йил ичида Трутнев 538 миллион рублдан кўпроқ даромадни декларацияга киритган. Унинг рафиқаси билан 2018-2019 йил учун даромади 540 миллион рубль ($8,4 миллион)ни ташкил қилган.

Би-би-сининг аниқлашича, Трутнев бу пулларни ўтган йили ўзига тегишли уй ва қимматли қоғозларни сотиш ортидан ишлаб топган. Трутневнинг ёрдамчиси гап айнан қандай қиммат қоғозлар ҳақида кетаётганини очиқламади.

Ҳақиқатан, Трутнев 2017 йилги ўз декларациясида майдони 345,6 ва 170,8 квадрат метрга тенг ҳовли ва 30 сотихдан ошиқроқ ер участкаси борлигини кўрсатган.

Бу йилги декларацияда эса яна бир ҳовли пайдо бўлган, аммо унинг майдони каттароқ - 819 квадрат метр. Шунингдек, у яна бир нотурар бино сотиб олганини ҳам кўриш мумкин.

Олдингидек, Трутнев автомобилларга бўлган ишқидан воз кечмаган: унинг BMW X6, Porsche Cayenne Turbo, Mercedes-Benz ML 350 ва Toyota Hihglander машиналари бор.

Денис Мантуров - Саноат ва савдо вазири

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin/TASS

Савдо-саноат вазирлиги раҳбари Денис Мантуров 2018 йилда 443 миллион рубль ($6,8 миллион) ишлаб топган. Рафиқаси Наталья Мантурованинг даромади эса 7 миллион рубль ($108 минг)дан кўпроқ бўлган. Вазирнинг рафиқаси - соғлиқни сақлаш вазирлигининг пластик жарроҳлик бўйича штатдан ташқари мутахассиси, шунингдек, Ланцетъ эстетик тиббиёт клиникаси асосчиси.

2017 йилда Мантуровлар икки баробар кам даромад кўрган эди - 218 миллион рубль ($3,3 миллион).

Оиланинг даромади айнан ниманинг ҳисобига ўсганини билиш учун Би-би-си Рус Хизмати Савдо-саноат вазирлигига мурожаат йўллади. Мақола эълон қилинаётган вақтда ҳеч қандай жавоб олинмаган эди.

Декларацияда Мантуровлар оиласи ўтган йил давомида ҳеч қандай кўчмас мулк объектини сотмаганлигини кўриш мумкин. Денис Мантуров ҳозирга қадар майдони 1,14 гектарга тенг ер участкаси, 480,9 квадрат метрли квартира, бир неча автомобиль қўйиш жойлари ва хўжалик биноларига эгалик қилиб келмоқда. Наталья Мантурова номига эса 640 квадрат метрли ер участкаси ва 814 квадрат метрли ҳовли расмийлаштирилган.

Декларацияга кўра, Мантуровлар миллий автомобилсозлик саноатини қўллаб-қувватлашни афзал билади. Land Rover'дан ташқари уларда икки Москвич, ВАЗ 2103, Лада Веста ва ГАЗ 21 мавжуд. Ўтган йилда оила ҳеч қандай янги машина сотиб олмаган.

Дмитрий Песков - Президент матбуот котиби

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Metzel/TASS

Кремлдаги иккинчи энг бой оила - Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ва фигурали учиш бўйича Олимпия чемпиони Татьяна Навка оиласи. Уларнинг ўтган бир йил бўйича даромади 231,4 миллион рубль ($3,5 миллион)га тенг. Асосий маблағни Татьяна Навка ишлаб топган. Матбуот котибининг ўзининг ўтган йил учун даромади атиги 12,7 миллион рубль ($197 минг)ни ташкил қилган.

Песков номида учта квартира, битта автомобиль тураржойи, Навка номида эса иккита ер участкаси, иккита ҳовли, учта машина мавжуд.

Оилага тегишли машиналар учта Mercedes-Benz, KIA SEED'дан иборат.

Янги топширилган декларацияда Татьяна Навка номида АҚШда квартира борлиги ҳақида эсланмаган. Песковга кўра, бу квартира сотиб юборилган.

Дмитрий Патрушев - Қишлоқ хўжалиги вазири

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Metzel/TASS

Дмитрий Патрушев - Дмитрий Медведев ҳукуматидаги янги шахс. Аввалги қишлоқ хўжалик вазири Александр Ткачевнинг сўнгги декларациясида кўрсатилган даромадига (548,4 миллион рубль ёки $8,5 миллион) солиштирадиган бўлса, жорий вазир Патрушев анча паст даромад билан камтарона ҳаёт кечиради - 183,8 миллион рубль ($2,8 миллион).

Ҳукуматга келгунга қадар Патрушев Россельхозбанкни бошқарган.

Вазирнинг шахсий мулки тўртта ер участкаси, иккита ҳовли, битта квартира, тўртта гараж, икки ёрдамчи хўжалик иншооти, битта омбор, учта нотурар бинодан иборат.

Машиналардан Патрушев номида битта Toyota Land Cruiser бор, холос.

Декларациялардаги рақамларга ишониш мумкинми?

Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова ўтган йили ҳукумат аъзолари ичида энг кам маблағ ишлаб топган - 7,2 миллион рубль ($112 минг).

Шу тариқа энг «камбағал» вазирнинг ўртача ойлик даромади деярли 599 минг рубль ($9,300)ни ташкил қилган.

Ведомости газетасининг ёзишича, бундай декларациялар хўжакўрсинга, холос.

«Декларациялардаги маълумотлар арзимас. Муҳими, бундан билиш мумкин бўлган асосий нарса - бу давлат амалдорлари кўрсатишни истаган сумма,» деб ҳисоблайди нашр.

Transparency International ташкилотининг Россиядаги бўлими бош директори ўринбосари Илья Шумановнинг фикрича, даромадлари тўғрисида мунтазам декларация топшириш тизими коррупцияни тийиб туришда муҳим восита сифатида хизмат қилсада, Россияда у аллақачон амалдорлар бойлигини текширишга асос бўлмай қолган. У амалдорларнинг асл бойлиги борасида декларациялардаги рақамларга қараб, тасаввур ҳосил қилишнинг имкони йўқлигини айтади.

Айни вақтда, яқинда Россия солиқ тизимига киритилган ўзгартиришлардан сўнг оддий фуқароларга берилувчи энг кам ойлик иш ҳақи, солиқлардан сўнг, 9,800 рубль ($152)ни ташкил қилмоқда.