Дунё, янгиликлар: Ислом ва демократия - Миср референдуми ва Индонезия сайловлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Энг катта мусулмон аҳолисига эга Индонезияда сайлов бошланди

Индонезияда «Исломнинг мамлакатдаги тақдирини ҳал қилувчи» сайловларга старт берилди. Илк бор президентлик, парламент ва ҳудудий сайловлар бир куннинг ўзида бўлиб ўтмоқда. Кузатувчиларнинг фикрига кўра, бу сайловларнинг ўзига хослиги шундаки, аҳолисининг 80 фоизи мусулмон ва барча диний эътиқодларга эркинлик берилган, лекин сўнгги йилларда исломий консерватив қарашлар кучайиб бораётган Индонезияда марказий ва маҳаллий ҳукуматларга номзодлар ўз сайловолди кампанияларида диннинг таъсиридан кенг фойдаланган, шу сабабли ҳам сайловлар Исломнинг мамлакатдаги келгуси ролини белгилаб беради.

Президентлик курсиси учун асосий кураш жорий мамлакат раҳбари Жоко Видодо ва собиқ генерал Прабово Субианто ўртасида кечмоқда. Ҳар икки сиёсатчи ҳам сайловолди кампанияларида консерватив Ислом таъсиридан сайловчиларни жалб қилиш йўлида самарали фойдаланган. Мўътадил диний қарашларга эга жаноб Видодо Индонезиядаги катта таъсир кучига эга мусулмон руҳонийлардан бири бўлмиш Маъруф Аминни ўз сиёсий шериги сифатида танлаган. Жаноб Прабово эса, агар сайловда ютиб чиқса, исломий етакчиларни ҳимоя қилиш ва диний мактаблар учун молиявий таъминотни оширишга сўз берган.

Мамлакатни 30 йил давомида қаттиққўллик билан бошқарган генерал Суҳарто даврида Ислом барқарорликка таҳдид сифатида кўрилиб, эътиқодлараро мувозанат шаклланишига катта эътибор қаратилган эди. Бироқ охирги йилларда мусулмон индонезияликларнинг бошқа жамоатларга нисбатан тоқатсизлиги ортиб бораётгани кўзга ташланмоқда.

Сиси Мисрни 2030 йилга қадар бошқариши мумкин

Миср парламенти президент Абдул Фаттоҳ ал-Сисининг 2030 йилга қадар ҳокимиятда қолишига имкон берувчи конституциявий ўзгаришларни маъқуллади. Жаноб Сисининг жорий иккинчи президентлик муддати 2022 йилда якунига етади. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар, шунингдек, президентнинг адлия ва ҳарбий тизим устидан ваколатларини ҳам сезиларли кенгайтирган. Бироқ бу ўзгартиришлар кучга кириши учун улар кейинги 30 кун ичида референдум орқали тасдиқдан ўтиши лозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Янги ўзгартиришларга кўра, президентлик муддати тўрт йилдан олти йилга оширилган. Бу, агар референдум ижобий натижа билан якунланса, жаноб Сисининг жорий муддати 2024 йилга қадар узайиши ва у келгуси сайловда яна бир олти йиллик муддат учун ўз номзодини қўя олишини англатади.

2013 йилда жаноб Сиси бошчилигидаги ҳарбийлар Мисрнинг демократик йўл билан сайланган илк президенти - Муҳаммад Мурсини ҳокимиятдан ағдариб ташлаган эди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари 2014 йилда президент рутбасини олган жаноб Сисини фуқаровий эркинликларга қарши сиёсат юритиб келишда айблайди.

Президент Трамп Яманга тааллуқли қонун лойиҳасига вето қўйди

АҚШ президенти Доналд Трамп Ямандаги урушга чек қўйишни кўзловчи Конгресс томонидан маъқулланган қонун лойиҳасини ўзининг президентлик вето ҳуқуқи билан тўхтатиб қўйди. Жаноб Трамп бу қонун лойиҳасини президентнинг конституциявий қудратини заифлаштиришга бўлган «кераксиз» ва «хатарли» уриниш сифатида тасвирлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ямандаги вазият 2015 йил бошида ҳокимият учун кураш олиб борган гуруҳлараро зиддиятнинг кучайиши ортидан кескин жиддийлашиб кетган эди. Саудия Арабистони ва яна бошқа саккиз араб давлати мамлакатнинг Эрон таъсирига тушиб қолишидан чўчиб, исёнчи кучларни ҳаводан нишонга ола бошлаган. АҚШ ушбу коалицияни миллиардлаб долларга тенг қурол-яроғ ва истихборот аслаҳалари билан таъминлаб келмоқда.

Ўтган йили журналист Жамол Ҳашоқжининг Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги биносида саудиялик агентлар томонидан ўлдирилиши ортидан АҚШ Конгрессида президент Трампнинг Яманга нисбатан сиёсатига қаршилик кучая бошлаган. Айни вақтда жаноб Трамп ўзининг ушбу амали учун сиёсатчилар ва матбуот томонидан кескин танқидга учрамоқда. БМТга кўра, ўтган йиллар ичида Яманда, камида, 7,000 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган. Ўлимларнинг 65 фоизи Саудия Арабистони етакчилигидаги коалиция ҳужумлари туфайли юзага келгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жанубий кореялик эркак ёнғиндан қочаётган қўшниларини ўлдирди

Жанубий кореялик эркак ўзи яшайдиган квартирага ўт қўйиб, ёнғиндан кўчага қочиб чиқаётган беш нафар қўшнисини пичоқлаб ўлдирди, дея хабар бермоқда мамлакат полицияси. Қурбонларнинг энг кичиги 12 ёшда бўлган ва яна 13 одам турли даражада тан жароҳати олган. Ҳозирча шахси ошкор қилинмаётган 42 ёшли гумондор ҳибсга олинган.

У полицияга ойлик маоши кечиктирилаётганидан аччиқланиб, бундай жиноятга қўл урганини маълум қилган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни 20 дақиқа ичида ўчиришга муваффақ бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek