Дунё, янгиликлар: Президентлар ҳам ўз жонига қасд қиладими - bbc.com/uzbek дайжести

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Алан Гарсия 1985-1990 ва 2006-2011 йилларда Перуни бошқарган

Перу собиқ президенти ўзини отди

Полиция пора олишда айбланган собиқ президент Алан Гарсияни ҳибсга олиш учун унинг уйига борган вақт жаноб Гарсия ўз жонига қасд қилган. Хабарларга кўра, полиция чоршанба куни унинг уйига келган. Собиқ президент адвокатига қўнғироқ қилиб олишига вақт беришларини сўраб, хоналардан бирига қамалиб олган ва бошига ўқ узган. Алан Гарсия шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Алан Гарсия 1985-1990 ва 2006-2011 йилларда Перуни бошқарган. Иккинчи муддати давомида у пойтахт Лимада қурилаётган метро лойиҳасида қатнашган Бразилиянинг Odebrecht қурилиш компаниясидан пора олиб келган. Odebrecht компаниясининг ўзи турли мавқели перулик амалдорларга 2004 йилдан бошлаб $30 миллиондан зиёд пора берганини тан олган. Бироқ жаноб Гарсия айбловларни қатъиян рад этган.

Дунё, янгиликлар: Ислом ва демократия - Миср референдуми ва Индонезия сайловлари

Алан Дункан: Мирзиёев Ўзбекистони эркин мамлакатга айланмоқда

Ўзбекистон: Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров халқаро ҳимояга муҳтожми?

Мамлакатда давом этаётган кенг кўламли аксил-коррупция кампанияси ортидан Перунинг собиқ тўрт президенти пора олишда айбланиб, тергов қилинмоқда. 1990 йилларда мамлакатга раҳбарлик қилган Алберто Фухимори эса коррупция ва инсон ҳуқуқларини топташ айбловлари билан аллақачон қамоқ жазосини ўтамоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шимолий Корея янги «тактик қурол»ни синовдан ўтказганини иддао қилди

Шимолий Корея давлат телевидениеси ёйинлаган хабарга кўра, Пхенян «қудратли жанговар каллак»га эга янги «тактик қурол»ни синовдан ўтказган. Шимолий Корея матбуоти гап айнан қандай қурол ҳақида кетаётганини деярли очиқламаган. Бироқ таҳлилчилар фикрича, бу узоқ масофага учувчи ракета эмас.

Ўтган йили ноябрда Шимолий Корея раҳбари Ким Жонг Ун Пхенян томонидан ядровий қуроллар ва қитъалараро учувчи баллистик ракеталар синови тўхтатилишини маълум қилган эди. Бироқ февраль ойида Ветнамда ўтган Ким-Трамп саммитининг бесамар якунланиши ортидан, таҳлилчиларнинг маълум қилишича, расмий Пхенян ана шундай хабарлар билан АҚШга босим ўтказишга уринмоқда.

Ўзининг яқинда билдирган изоҳларида жаноб Ким АҚШ раҳбари билан муносабатлари аъло даражада эканини айтиб, «ўзаро маъқул бўлган» келишувга эришиш заруратини таъкидлаган. Бунга жавобан жаноб Кимни алқаган президент Трамп икки ўртада яна бир саммит ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Иванка Трамп: Отам Жаҳон Банки раҳбарлигини таклиф қилди, лекин мен унамадим

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Доналд Трамп The Atlantic нашрига «рақамлар билан ишлашда кучли бўлган» қизи Иванка Трампга Жаҳон Банкидаги энг юқори лавозимни таклиф қилганини маълум этган эди. Эндиликда, Иванка Трампнинг ўзи буни тасдиқлаб, Оқ Уйдаги «ишидан мамнунлиги» сабабли отасининг таклифига қизиқиш билдирмаганини айтган. Иванка Трамп Оқ Уйда маслаҳатчи лавозимига эга.

АҚШда Жаҳон Банки раҳбарини норасман танлаш ҳуқуқи мавжуд. Жаноб Трамп яқинда бўлиб ўтган Жаҳон Банки президентини танлаш жараёнида иштирок этган ва, натижада, ақшлик иқтисодчи Девид Малпасс янги президент сифатида эълон қилинган.

Бундан ташқари президент Трамп қизига АҚШнинг БМТдаги элчиси лавозимини ҳам таклиф қилганини тан олган эди. Унинг фикрига кўра, бундай ҳол непотизм эмас. Иванканинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер ҳам Оқ Уйда ўз қайнотасига маслаҳатчилик қилади.

Олимлар чўчқанинг миясини қисман тирилтиришга муваффақ бўлди

Америкалик олимлар сўйилганидан 10 соат ўтиб, чўчқа миясини қисман тиклашнинг уддасидан чиқа олди. Ел Университети олимлари ўтказган ушбу тадқиқот мия юрак уриши тўхташидан саноқли дақиқалар ўтар-ўтмас, буткул ўлади, деган қарашнинг савол остига олинишига сабаб бўлган.

Олимлар ўлимдан тўрт соат ўтгач ҳайвоннинг миясига юракнинг ритмик уришига тақлид қилувчи тизимни улаб, кислород ва бошқа озуқалар билан таъминловчи сунъий қонни юбора бошлаганлар. Чўчқа сўйилганидан 10 соат ўтгач унинг мияси тиббий препаратларга қисман реакция билдира бошлаган нейронлар ўртасидаги алоқа қисман қайта тикланган.

Бироқ, олимларнинг сўзлашича, бундай ҳолатда мияни тирик ҳисоблаб бўлмайди. Шунга қарамай, тажриба мия ҳужайраларининг ўлиши узоқ ва кўп босқичли жараён эканини кўрсатиб берган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek