Россия: Севимли доҳий - Сталинга муҳаббатнинг сири нимада?

субботник в парке "Музеон" Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Иосиф Сталин шахсияти ва унинг мамлакат тақдирида ўйнаган ролига нисбатан ижобий муносабатда бўлувчи россияликлар сони тинимсиз ўсмоқда. 2019 йил март ойида бу кўрсаткич ўзининг рекорд даражасига етган.

Левада Маркази ўтказган сўровнома иштирокчиларининг 70 фоизи Сталиннинг Россия тарихидаги ролига ижобий ёндашишини маълум қилган. Сталинсеварлар сони 2014 йилдан орта бошлаган.

Сталин шахсига завқ, ҳурмат ва муҳаббат билан қаровчилар илк бор сўровнома иштирокчиларининг 51 фоизини ташкил қилган. Бу сўнгги 20 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

«Муҳаббат»нинг уч сабаби

Сиёсатшунос Екатерина Шульман жамиятда кенг қулоч ёзиб бораётган ушбу кайфиятнинг уч асосий сабаби борлигини айтади.

"Биринчиси - вақт ўтиши. Вақт сувдек оқиб, ўтмишдаги ҳодисалар, тарихий хотира ортда қолиб кетмоқда. Наполеон, эндиликда, Россияга ҳужум қилган шахс эмас, балки тортга айланди. Гитлер эса мемга. Шу сабабдан ҳам тарихий шахсларга нисбатан омма худди Қирол Артурга каби муносабатда бўлмоқда."

"Иккинчи сабаб - давлат пропагандаси. Давлат Сталинни уруш ғолиби ва донишманд раҳбар сифатида кўз-кўз қилмоқда. Совет даври ҳам энг зўр вақтлар сифатида реклама қилинмоқда."

Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS

"Учинчи ва энг қизиқ сабаб - элитага қарши кайфият. Сталин шахсияти халқ хотирасига қаттиққўл назоратчи ва амалдор додини бериб қўювчи улуғвор арбоб сифатида муҳрланиб қолган. "Эсиз, сизга Сталин йўқда" ибораси бот-бот қулоққа чалинмоқда. Одамлар бу иборани бир-бирига айтмайди, одамлар бу иборани раҳбарият ҳақидаги суҳбатларда қўллайди."

Совет даврини қўмсаб

Левада Марказининг қайд этишича, одамларнинг Сталин шахсига бўлган муносабатини 2000 йиллардан бошлаб, уч даврга бўлиш мумкин.

2000 йиллар аввалида жамиятнинг Сталин борасидаги ижобий ва салбий фикрлари нисбати тенг эди.

2008-2014 йилларда ўтказилган сўровномаларда бетараф муносабат даражаси юқори бўлган. 2015 йилдан бошлаб эса Сталин ҳақида бетараф, салбий фикр билдирган ёки бирор фикр билдиришга иккиланган россияликлар сони камая бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS

Айни вақтда, барча ёшдаги одамлар орасида Сталинга нисбатан эҳтиром даражаси юқорилаган.

"Совет даври ва Сталинни қўмсаш даражаси, умуман олганда, кучайиб бормоқда. Сталин - фашизмни тор-мор этган ва Улуғ Ватан Урушидаги ғалабаларни ўз номига ёзган шахс. Халқ уни шундай кўради. Ғалаба эса, ҳеч қандай истисносиз, барча россияликлар учун миллий ғурур рамзидир. Ҳаттоки, Совет давридан сўнг туғилганлар учун ҳам," изоҳлайди Левада Маркази жамиятшуноси Карина Пипия.

«Ижтимоий сиёсат ва, айниқса, пенсия ислоҳотидан сўнг кучайган моддий шароитнинг оғирлашуви фонида одамларда давлат ўзининг ижтимоий мажбуриятларини бажаришдан бўйин товламоқда, деган қараш шаклланмоқда.»

Карина Пипия Сталинга меҳри ошаётган сўровнома иштирокчиларининг аксарияти ҳали ёш (18-30 ёш) эканини алоҳида қайд этади.

«Улар ўз кўзи билан кўрмаган, балки катта авлод ҳикоялари натижасида афсонавий қаҳрамонга айланган шахсга хайрихоҳлик билдирмоқда,» дейди жамиятшунос.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek