Дунё, янгиликлар: Сайловда 'хато' овоз бериб қўйса, бармоқни чопиб ташлаш керакми?

бармоқ Фото муаллифлик ҳуқуқи YOGESH KUMAR SINGH

Ҳиндистонлик эркак сайловда 'хато' овоз бериб қўйгани учун бармоғини чопиб ташлади. Украинада Зеленский Порошенкони сезиларли ортда қолдирмоқда. Малининг бутун ҳукумати истеъфо берди. Лондон полицияси экофаоллар ҳаракатидан шикоят қилди

Ҳиндистонлик эркак сайловда 'хато' овоз бериб қўйгани учун бармоғини чопиб ташлади

Ҳиндистонликлар орасида кенг тарқалаётган бир видеода ўзини Паван Кумар деб таништирган эркак адашиб, қудратдаги BJP партияси учун овоз бериб қўйиши ортидан кўрсаткич бармоғини чопиб ташлаганини иддао қилган. Шу йўл билан у ўзини жазолашга қарор қилганини айтган. Кумарнинг сўзлашича, у маҳаллий партиялардан бирига овоз беришни истаган.

Ҳиндистонда ўтаётган дунёнинг энг йирик ялпи сайловида овоз берувчилар ўз танловини электрон овоз бериш қурилмасига киритиши лозим. Овоз бериш жараёнидан сўнг сайловчининг кўрсаткич бармоғи ўчириб бўлмайдиган сиёҳ билан белгиланади. Бу шахснинг ўз танловини қабул қилиб бўлганини билдиради ва унинг қайта овоз бермаслигини таъминлаш учун амалга оширилади.

Ҳиндистоннинг аксар ҳудудларида одамларнинг саводхонлик даражаси анча паст бўлганидан, электрон овоз бериш қурилмаларида сиёсий партиялар номи ёзув билан эмас, балки турли рамзлар (масалан, гул ёки фил) билан акслантирилган. Паван Кумар ҳам айнан шу рамзларни чалкаштириб юборганини айтади.

11 апрелда бошланиб, 19 майда якунига етиши кутилаётган Ҳиндистондаги ялпи сайловларда 900 миллиондан зиёд ҳиндистонлик иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

Якуний натижалар: Зеленский Порошенкони сезиларли ортда қолдирмоқда

Сайловолди сўровномаларидан аён бўлишича, Украина президентлиги учун номзод Владимир Зеленский одамлар эътирофига тушишда ўз рақиби ва амалдаги президент Петр Порошенкодан анча ўзиб кетган. 21 апрелда бўлиб ўтиши белгиланган президентлик сайловининг иккинчи турида телеюлдуз Зеленский учун Петр Порошенко тарафдорларидан уч баробар кўп одам овоз беришга тайёрлигини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP, EPA

Рейтинг ижтимоий гуруҳи томонидан ўтказилган сўровномада иштирок этганларнинг 73 фоизи Зеленский, 27 фоизи эса Порошенко учун овоз бериш ниятида эканини билдирган.

РБК-Украина нашрига берган интервьюсида жаноб Зеленский, агар сайловда ғолиб чиқса, халқ билан ижтимоий тармоқлар орқали доимий мулоқот қилиб туриши, оммавий ахборот воситалари фаолиятига аралашмаслиги, давлат раҳбарига тегишли учта самолётни сотиб, ўзи одатий рейслар орқали ҳаракатланиши, президент кортежи ўтаётган вақтда йўлларни ёптириб қўймаслигини айтган, шунингдек, президентга тегишли қароргоҳларни болалар оромгоҳига айлантириш таклифини берган.

Бугун Киевдаги Олимпия Стадионида номзодлар ўртасида жонли баҳс бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Малининг бутун ҳукумати истеъфо берди

Мамлакатда авж олаётган зўравонлик ҳолатларини эпга сола олмагани ортидан Малининг Бош вазири ва вазирлар маҳкамасининг барча аъзолари истеъфо беришга мажбур бўлди. Чоршанба куни парламент депутатлари Бош вазир Сумейлу Бубее Майгага нисбатан ишончсизлик актини эълон қилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Африка шимолида жойлашган Мали 2012 йилдан бери ал-Қоидага алоқадор кўрилувчи исломий экстремистлар бошбошдоқлигига қарши курашиб келади. Мамлакат шимолидаги улкан саҳро ҳудудларини эгаллаб олган жиҳодчилар сўнгги йилларда Малининг марказий қисмларига ҳам кириб кела бошлаган. Ўтган ой 160 нафар чўпоннинг бир этник гуруҳ томонидан қирғин қилинишидан сўнг ҳукуматга нисбатан ишончсизлик даражаси ва босим ошган. Апрел бошида ўн минглаб малиликлар ҳукуматнинг жиҳодий ва этник зўравонликлар олдида ожиз қолаётганидан норози бўлиб, пойтахт Бамакода кенг намойишлар бошлаб юборган.

Халққа мурожаат билан чиққан президент Бубакар Кейта жаноб Майганинг истеъфосини қабул қилганини маълум этган ва «фуқаролар талабига қулоқ солиш»га сўз берган.

Лондон полицияси экофаоллар ҳаракатидан шикоят қилди

Лондон полицияси бир неча кундан бери давом этаётган экофаоллар норозилик акцияси ҳуқуқ-тартибот органларининг шаҳар хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги асосий мажбуриятларини адо этишдан чалғитаётганини маълум қилди. Extinction Rebellion (Қирилиб битишга қарши исён) ижтимоий-сиёсий ҳаракати доирасида лондонликлар глобал иқлим ўзгаришидан норози бўлиб, деярли бир ҳафтадан бери шаҳарнинг марказий кўчаларини тўсиб қўймоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Кўчаларда чодирлар тикиб олган фаоллар атмосферага ис гази чиқарилишини кескин камайтириш ва ҳукуматнинг «иқлим ўзгариши борасида бор ҳақиқат»ни айтишини талаб қилмоқда. Тартибсизликлар авж олиб кетишидан хавотирга тушган Лондон полицияси ўз ходимлари учун белгиланган таътилни бекор қилган ва шаҳарга қўшимча кучлар киритилган.

Айни вақтда, ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб лондонликлар одамларнинг шаҳар бўйлаб эркин ҳаракатланишига халал бераётган фаоллар ҳаракатидан норозилик билдирмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek