Ўзбекистон ва дунё: Ядро урушидан кейин ким яхши яшайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sean Rayford
Image caption Иқлим ўзгариши таъсири фалокатлар эҳтимолини оширади

Ядро уруши, эпидемия ёки назоратдан чиқиб кетган сунъий идрок каби глобал фалокатлар инсоният келажагини биз ўйлагандан кескинроқ ўзгартириб юбориши мумкин, дейди инқирозлар хавфи бўйича эксперт Сет Баум.

Таъқибга учраган яҳудийлар сифатида Фашистлар Германиясидан қочиб чиққан отамнинг оиласи АҚШга 1930 йилларда келиб қолган. Менинг бу ердаги ҳаётим яхши ўтган ва, ўйлашимча, бунинг учун яҳудийларга нисбатан бўлган таъқибдан миннатдор бўлишим лозим. Бироқ мен, агар Холокост ва Иккинчи Жаҳон Уруши юз бермаганда, дунёнинг ҳозирги манзараси қандай бўлган бўлар эди, дея ўйлашдан ўзимни тия олмайман. Бу фожиаларда ҳалок бўлганларнинг бари - улардан авлод қолармиди? Уларнинг ҳам ҳаёти меникидек яхши бўлармиди? Уларнинг баъзилари дўстим ёки қўшнимга айланармиди? Умуман олганда, менинг ўзим дунёга келармидим?

Илм-фан: Инсон 18 ёшда вояга етмайди

Ўзбекистон аҳолиси эрта қаримоқда. Қўшнилар ҳам.

Ўзбекистон ва дунё: Инсоният инқирози - охирзамон яқинми?

Одамлар уруш, табиий офат каби кулфатлар тўғрисида ўйлаганда, уларнинг ҳаёли, деярли ҳамма вақт, келадиган талафот томон кетади. Иккинчи Жаҳон Урушида 50 миллиондан зиёд, Биринчи Жаҳон Урушида 15 миллионга яқин ва 2010 йил Гаитида юз берган зилзила оқибатида 160 минг атрофида инсон ҳалок бўлди.

Биз бу рақамлар ҳақида ўйлаб, фалокатларнинг узоқ муддатга татигувчи асоратларига эътибор қаратмаймиз - агар бу инсонларда яшаш имкони бўлганда, улар дунёнинг ўзгаришига таъсир кўрсата олган бўлармиди? Афсуски, бу борада бирор башорат қилишнинг имкони йўқ.

Агар биз вақтни анча орқага қайтариб, ўтмишга боқсак, бутун дунё тарихини ўзгартириб юборган бир неча фалокатларни кўришимиз мумкин. Бундан 66 миллион йил аввал юз берган халокат динозаврларнинг Ер юзидан қириб юбориб, биз каби кичик сут эмизувчиларнинг яшаш имкониятлари ошишига сабаб бўлган.

2,5 миллиард олдин эса Кислород Фалокати анаэроб (кислородсиз муҳитда ҳам яшай олувчи) ҳаётнинг катта қисмини йўқ қилиб, биз сингари кислороддан нафас олувчи мавжудотларнинг юзага чиқишига имкон яратган. Агар бундай глобал фалокатлар юз бермаганда эди, одам ва замонавий жонзотларнинг аксарияти ҳозир мавжуд бўлмасди.

Инсониятнинг сўнгги бир неча аср ичидаги фаолияти Ер тарихини хатарли даражада ўзгартириб юборди. Бизнинг эндиги вазифамиз нафақат ўз мавжудиятимизни сақлаб қолиш, балки биздан қолажак миллиардлаб авлодлар келажагини ҳимоя қилиш ҳамдир.

Инсоннинг сайёрага таъсирини Кислород Фалокатини келтириб чиқарган организмларнинг жадал суръатда ўсишига қиёслаш мумкин. Бу оммавий қирғинга сувдан фотосинтез жараёни учун илк бор фойдаланган мавжудот бўлмиш сиянобактерия сабаб бўлган. Бунинг оқибатида, сув водород ва кислород молекулаларига ажралган. Сиянобактерия шу қадар шиддат билан кўпайганки, ажраб чиққан кислороднинг атмосферадаги миқдори ҳаддан зиёд даражага етиб, кислородга мослашмаган жонзотлар қирилиб битган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи JUNG YEON-JE
Image caption Шимолий Кореядаги ядровий синов

Сиянобактерия каби инсон ҳам илм-фан, технология, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ўзлаштирган илк мавжудотдир. Биз ушбу ютуқлардан ўз ҳаётимизни шинам қилиш йўлида шу қадар шиддат билан фойдаланяпмизки, унга мослашмаган Она Табиатнинг катта қисми абадийга завол топмоқда. Агар эҳтиёт бўлмасак, бу ютуқлар ўз бошимизга ҳам етиши мумкин.

Сайёрада инсон сабаб бўлувчи эҳтимолий фалокатлар рўйхати ҳаммамизга яхши таниш: ядро қуроллари, глобал иқлим исиши ва атроф-муҳитга етаётган бошқа зарарлар, биотехнология ёрдамида яратилган патогенлардан тарқаб кетиши мумкин бўлган пандемиялар, сунъий идрокнинг назоратдан чиқиб кетиш эҳтимоли ва бошқа кўплаб таҳдидлар.

Очиғини айтганда, бу таҳдидларнинг бари бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган. Масалан, иқлимнинг кескин ўзгариши қолган фалокатларнинг тезроқ юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу сунъий фалокатларга вулқонлар ва динозаврларни қириб юборган астероид зарбаси каби табиий офатлар қўшимча бўлиши мумкин.

Ҳар қандай глобал фалокатдан сўнг инсоннинг ҳаёти қандай манзара касб этишини олдиндан башорат қилиш жуда қийин. Ҳозирда бизнинг туримизга мансуб 7,6 миллиард мавжудот Ер юзига сочилиб кетган ва биз тур хил шароитларда яшашга мослашганмиз. Шунинг учун ҳам бирор фалокат ортидан инсониятнинг маълум қисми яшаб қолиши тайин. Аммо омон қолганларнинг келгуси ҳаёти қандай кечади? Мен ва ҳамкасбларим, яқинда, инсоният тамаддуни (ва олис келажак авлодлар)нинг миллион, миллиард ва, ҳатто, триллион йиллардан сўнг қандай кўринишда бўлиши юзасидан тадқиқот ўтказдик.

Инсоният тамаддунининг бундай кўп муддатли (ҳатто, қисқа муддатли ҳам) келажагини олдиндан аниқ башорат қилишнинг имкони йўқ, лекин баъзи умумий тасаввурларни ўртага ташлаш мумкин.

Агар инсоният эҳтимолий кулфатларни четлаб ўтишга муваффақ бўлса ёки уларнинг асоратларидан омон чиқа олса, у ҳолда, бизни ёрқин келажак кутиши аниқ - юксак технологиялар билан қуролланган ва фазонинг бепоён сарҳадларини забт этган келажак.

Бироқ ҳар қандай фалокат инсоният мавжудиятини абадийга йўқ қилиб юбориши мумкин. Ёки, айтайлик, глобал ядро урушидан омон қолган авлодларимиз биз эришган технологик ютуқларга бошқа ҳеч қачон эриша олмаслигини тахмин қилса бўлади. Қишлоқ хўжалиги ва саноат қайта тикланиш қобилияти учун ўта муҳим соҳалар саналади.

Бирор фалокат бизнинг тақдиримизни қандай ўзгартириб юбориши мумкинлигини англаш учун, келинг, бир ҳолатни кўз олдимизга келтирайлик: Хитой, Франция, Ҳиндистон, Исроил, Шимолий Корея, Покистон, Россия, Буюк Британия ва АҚШ каби ядро қудрати ёки салоҳиятига эга давлатлар ўртасида ядровий уруш юзага келди. Бироқ бундай ялпи ядро уруши ҳолатида ҳам бутун Ер юзи буткул вайрон бўлмайди.

Африка ва Жанубий Америкадаги мамлакатлар ядровий давлатларнинг бирортаси билан на яқин иттифоқчилик, на душманликка эга. Бу минтақаларда яшовчи одамлар, катта эҳтимол билан, ялпи ядровий урушдан омон қолиши мумкин. Шунингдек, уруш гирдобига тортилган мамлакатларнинг ўзида ҳам айрим фуқаролар, агар улар йирик шаҳарлар ва ҳарбий нуқталардан узоқда яшаётган бўлса, тирик қолиш имкониятига эга.

Аммо урушдан сўнгги дунёда кун кечириш мутлақо ўзгариб кетади. Бизнинг замонавий тўкис ҳаётимиз глобал иқтисодиётга боғлиқ. Ҳар бир давлат иқтисодий ва таъминот жиҳатидан бир-бирига қарам. Уруш ана шу иқтисодий ришталарни узиб ташлайди. Бир неча ҳафта ёки кунлар ичида омон қолганлар озиқ-овқат, саноат инфратузилмаси учун муҳим хомашё ва бошқа асосий маҳсулотлар тақчиллигига дуч келади.

Орадан кўп ўтмай, урушнинг табиий асоратлари бўй кўрсатади. Ядровий портлаш шу қадар кучлики, унинг таъсирида юзага келган чанг ва кул атмосферанинг иккинчи қатлами - стратосферага қадар етиб боради. Стратосфера қутбларда 7 километр, экваторда эса 20 километр юқорида жойлашган. Стратосфера булутлардан юқорида бўлгани учун унга кўтарилган чанг ва кулни ёмғир ювиб юбора олмайди. Оқибатда, қуёш нури бир неча йил давомида маълум даражада тўсилиб қолади ва Ер юзаси совий бошлайди. Бу, ўз навбатида, ёғингарчиликка салбий таъсир қилади, қишлоқ хўжалиги жиддий зарар кўради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Daniel Berehulak
Image caption Агар инсоният тамаддуни таназзулга учраса, очлик ва касалликдан қирилиб кетмаслик омон қолганларнинг ягона мақсадига айланади

Натижада, ядро урушидан омон қолган инсонларнинг катта қисми очликдан қирилиб кетади. Бу урушнинг асоратлари унинг ўзидан кўра кўпроқ инсон умрига завол етказишини англатади. Бироқ бундай ҳолатда ҳам озиқ-овқат захираси ғамлаб қўйган ёки сунъий ёруғлик ҳамда бошқа манбалардан фойдаланган ҳолда, экинлар етиштирган айрим одамлар тирик қолиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, ядро уруши инсоният келажагини ҳозиргидан таниб бўлмас даражада бошқа ўзанга буриб юборади. Юқорида кўриб чиққанимиз мисолдан хулоса қилиш мумкинки, ҳар қандай глобал фалокатнинг асоратлари йиллар, ҳатто, асрларга татийди. Бундан ташқари, таъкидлангандек, глобал фалокатлар бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган. Ялпи ядро уруши, домино таъсири каби, ҳозирда давом этаётган иқлим ўзгаришининг янада кескинлаштириб юбориши, пандемияларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолни мен ва ҳамкасбларим "икки хиссали фалокат" деб атаймиз.

Тилга олинган узвий боғлиқликлар сабабли фалокатларни алоҳида-алоҳида эмас, балки умумий тарзда ўрганиш лозим. Кўпинча, одамлар мендан инсоният юз келиши мумкин бўлган энг катта хатар нима, деб сўрайди. Бу келажакка нотўғри қарашдир. Биз, доимо, маълум бир хатардан кўра фалокатларнинг ўзаро боғланиб кетган занжири билан юзма-юз келиш хавфи остида яшаймиз.

Қандай фалокатга дуч келмайлик, доимо, ундан кейин нима бўлади, деган савол ўртага чиқади. Мабодо, бирор глобал фалокат инсон зотини қириб юборса, бу саволга жўнгина жавоб бериш мумкин: биз ҳаммамиз ўламиз. Бироқ одамларнинг маълум қисми омон қолса, уларнинг келажаги қандай бўлишини олдиндан башорат қилиш ўта нозик масалага айланади.

Агар инсоният тамаддуни таназзулга учраса, очлик ва касалликдан қирилиб кетмаслик омон қолганларнинг ягона мақсадига айланади. Бугун шаҳарларда яшайдиган замонавий одамлар озиқ-овқат етиштиришнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканига деярли эътибор бермайди. Ўзингизга савол бериб кўринг: истеъмол қилаётган озиқ-овқатингиз қаерда, қандай ва ким томонидан етиштирилган ёки ишлаб чиқарилган? Шаҳарликларнинг аксарияти бу саволга жавоб топишда қийналади.

Фалакнинг гардишини қарангки, ҳар қандай глобал фалокат асоратларидан эсон-омон чиқишнинг асосий имконияти бугунги кун жамиятларининг энг қашшоқ қатламларидан бири ҳисобланмиш деҳқонлар қўлидадир. Улар ўзини озиқ-овқат билан таъминлай олиш, жамиятга қарам бўлмаган натурал хўжалик яратишни яхши эплайди.

Фалокатдан сўнг инсоният учун амалга ошириш зарур бўлган яна бир муҳим вазифа - қайта кўпайиш. Йўқса, инсон зоти қирилиб битади. Олимлар инсониятнинг яшаб қолиш учун зарурий миқдорда қайта тикланиши учун, камида, 150-40,000 одам керак бўлади, ҳисоблайди.

Бундан ташқари биз қазилма бойликларни ҳам деярли ишлатиб бўлганмиз. Уларнинг ўрнини муқобил боса олувчи манбаларни яратиш учун эса юксак технологиялар зарур бўлади. Ядро уруши каби глобал фалокатлар инсониятни технологик жиҳатдан бир неча босқич ортга улоқтириб ташлаши ҳисобга олинса, келажак авлодлар аксар соҳаларни бошидан ривожлантиришга мажбур бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Эҳтимолий фалокат оқибатларига ҳозирдан тайёргарлик кўриш ғояси айрим одамлар учун эриш туйилиши мумкин. Бироқ ҳозир биз кетаётган йўл асоратлари айнан олис келажакка қадар етиб борувчи хатарлар томон бошламоқда. Бизнинг қилмишларимиз натижасида юзага келган кулфатлар авлодларимизнинг тақдирига қанчалик таъсир қилиши эса кишини ўйга толдиради.

Мақола аввалида мушоҳада қилганимдек, Холокост ёки Иккинчи Жаҳон Уруши содир бўлмаганда, бугунги кунимиз қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Эҳтимол, миллионлаб одамларнинг ёстиғи қуриш ўрнига, уларнинг айримлари ва авлодлари ҳозир бахтли умргузаронлик қилаётган бўларди ёки биз дунёга келмас эдик. Албатта, ўтмишни ортга қайтаришнинг иложи йўқ ва муқобил тарих тўғрисида бош қотириш бемақсад хаёл суришдан ўзга нарса эмас.

Аммо биз келажакка таъсир кўрсата оламиз. Агар биз юзага келтирган фалокатлар оқибатида ҳаёти барбод бўлган авлодларимиз ортга қараб, ўтмишни ўзгартириш ҳақида ана шундай аламли хаёл суришини истамасак, ҳозирдан ўз амалларимизни ислоҳ қилишимиз зарур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek