Дин ва Дунё: Жинсий тажовуз ҳақида шикоят қилгани учун тириклай ёқиб юборилган қиз

A picture of Nusrat Jahan Rafi Фото муаллифлик ҳуқуқи family handout

Бангладешлик Нусрат Жаҳон Рофий ўзи ўқийдиган мадрасада устига керосин сепиб, ёқиб юборилган. Унинг ягона «айби» ўзига нисбатан жинсий тажовуз қилган мадраса етакчиси устидан шикоят этгани бўлган.

Нусрат пойтахт Даккадан 160 чақирим олисдаги мўъжаз Фени шаҳарчасида дунёга келган эди. Мадрасада таълим олаётган 19 яшар бу қиз ўлимидан аввал -27 март куни таълимгоҳ етакчиси уни ўз хонасига чақириб, ўзига нисбатан ахлоқсиз қилиқлар қилгани ҳақида гапирган эди.

Бангладешдаги жинсий тажовузга учраган аксар ёш қизлар ва аёллар жамият ёки оиласи олдида номусга қолмаслик учун бўлиб ўтган ишни сир сақлашга мажбур бўлади. Бироқ Нусрат жим ўтирмасликка қарор қилган ва ўша куннинг ўзида мадраса етакчиси устидан полицияга шикоят берган.

Унинг хавфсизлигини таъминлаш ўрнига полиция маҳкамасида Нусратнинг кўрсатмаларини мобил телефон камерасига ёзиб олганлар.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган ушбу видеода бўлиб ўтган воқеа ҳақида сўзлаётган Нусратнинг қўли билан юзини яширишга уринаётганини кўриш мумкин. Полициячининг эса мадраса етакчиси қилиқларини «эътиборга у қадар арзимайдиган нарса» сифатида тасвирлаётгани ва Нусратдан юзини беркитмасликни сўраётгани эшитилади.

'Ўша куни у билан мадрасага борган эдимʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи NurPhoto/Getty Images
Image caption Дакка ва Нусрат туғилган шаҳар Фенида норозилик намойишлари

Нусрат динга катта урғу берган оилада вояга етган эди. Шу сабабдан у диний мактабда таълим олган. Уники каби муҳитда яшаётган қизлар жинсий тажовуздан арз қилса, бу уларнинг ўзи учун салбий оқибатлар билан тугаши мумкин. Жинсий зўравонлик қурбонига айланган хотин-қизлар, кўп ҳолларда, жамият босимига дуч келади. Ўлимидан аввал Нусратнинг бошидан ҳам ана шундай кунлар ўтган.

Нусрат 27 март куни полицияга арз қилади ва мадраса етакчиси ҳибсга олинади. Шундан сўнг Нусратнинг бошига турли балолар ёғила бошлайди. Мадрасанинг икки эркак талабаси ва маҳаллий сиёсатчилар томонидан ташкилланган норозилик намойишида оломон етакчининг зудлик билан озод этилишини талаб қилади, барчасида Нусратнинг ўзини айблайди. Оиласи қизнинг хавфсизлигидан ташвишга тушади.

Омманинг қоралаши ва таҳдидларига қарамай, Нусрат 6 апрел куни якуний имтиҳонларни топшириш мақсадида мадрасага боради.

«Мен ўша куни у билан мадрасага бордим, лекин мени ичкарига киритишмади,» алам билан эслайди Нусратнинг акаси Маҳмудул Ҳасан Нўмон.

«Агар мени тўхтатиб қолишмаганда, синглимнинг бошига бундай кун тушмас эди.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shahadat Hossain
Image caption Нусрат Жаҳоннинг акаси синглиси билан коллеж биносига киролмаганини алам билан эслайди

Ўлим тўшагида ётган Нусратнинг кўрсатмасига кўра, бир талаба қиз мадраса томида унинг дугонасини калтаклашаётганини айтган. Нусрат томга чиққан вақт бурқага ўранган тўрт ёки беш шахс уни ўраб олиб, етакчининг устидан берган аризасини қайтариб олишини талаб қилган. Қиз бунга рози бўлмагач, улар унинг устидан керосин сепиб, ёқиб юборганлар.

Полиция тергов бўлими бошлиғи Банаж Кумар Мажумдернинг маълум қилишича, қотиллар ҳолатни «ўз жонига қасд қилиш»дек кўрсатишга уринганлар. Бироқ оламдан ўтишидан олдин Нусрат уларга қарши кўрсатма беришга улгурган.

«Қотиллардан бири керосин тегмасин, деб унинг бошини куч билан эгиб турган. Шу сабабдан унинг боши куймаган,» дейди жаноб Мажумдер Би-би-си Бенгал Хизматига.

Маҳаллий касалхонага олиб келингандан сўнг шифокорлар Нусратнинг 80 фоиз тана қисми куйиб кетганини аниқлаган. Беморнинг аҳволи ўнгланмагач, Нусратни пойтахт Даккага юборганлар.

Тез ёрдам машинасида кетаётган Нусрат етиб боргунча жони узилишидан хавотирланиб, акасининг мобил телефонига бўлган воқеаларни ёзиб қолдирган.

У қолдирган аудиоёзувда «Мударрис менга тегажоғлик қилди, сўнгги нафасимгача бу жиноятга қарши курашаман,» деган сўзларни эшитиш мумкин.

У, шунингдек, ўзига ҳужум қилган айрим мадраса талабаларининг таниганини айтган.

Нусрат билан бўлган фожиа зудлик билан Бангладеш матбуоти назарига тушган. 10 апрел куни ҳаётдан кўз юмган Нусратнинг дафн маросимига минглаб одам йиғилган.

Шу кунга қадар полиция Нусратнинг ўлимида алоқадор кўрилган 15 нафар шахсни қўлга олган. Мадраса етакчисининг ўзи ҳамон ҳибсда қолмоқда. Нусратнинг кўрсатмасини телефонига ёзиб олиб, тасвирни тарқатиб юборган полиция зобити эса лавозимидан озод этилиб, бошқа бўлимга ўтказилган.

Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина Нусратнинг оиласи билан учрашган ва унинг ўлимига сабаб бўлган ҳар бир шахсни адолат олдида жазолашга сўз берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shahadat Hossain
Image caption Нусратнинг жанозасига тўпланган одамлар

Нусратнинг ўлими ортидан мамлакатдаги жинсий тажовуз қурбонларига нисбатан кўрсатиладиган ваҳшиёна муносабатга қарши оммавий норозилик намойишлари юзага келган ва минглаб одамлар ижтимоий тармоқлар орқали мутаассибларнинг хатти-ҳаракати юзасидан ўз ғазабини изҳор этган.

"Кўп қизлар мана шундай ҳолатлар туфайли жинсий тажовузлар ҳақида очиқ гапира олмайди. Бурқа, ҳатто, темирдан тикилган кийимлар ҳам ҳирсга тўлган зўравонларни тўхтатиб қолмайди," ёзади Ановар Шайх исмли Facebook фойдаланувчиси.

«Бутун умр қизлик бўлишни орзу қилгандим, энди эса қўрқиб қолдим. Бу мамлакатда қиз дунёга келтириш умрнинг қўрқув ва хавотирга тўла ўтишини англатади,» дея фикр қолдирган Лопа Ҳуссайн номли яна бир Facebook фойдаланувчиси.

Bangladesh Mahela Parishad номли аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи гуруҳга кўра, 2018 йил давомида мамлакатда 940 та зўрлаш ҳолати қайд этилган. Бироқ кузатувчилар аслида бу рақамнинг анчайин катта эканини таъкидлайди.

«Жинсий тажовузга учраган аёл адолатни қарор топтиришга интилса, бунданда баттарроқ тажовуз билан юзлашади,» сўзлайди инсон ҳуқуқлари фаоли Салма Али.

«Оқибатда, аёл адолат излашдан тўхтайди. Жазога тортилмаган жиноятчилар эса ўз қилиғини давом эттираверади.»

Нусратнинг фожиасидан сўнг Бангладешда таҳқирга юз келган хотин-қизларга бўлган эътибор ўзгарадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Нусратнинг оиласи қайғуда

2009 йилда мамлакат Олий Суди ҳар бир таълим муассасасида жинсий таҳқирга учраган талабаларнинг шикоятини қабул қилувчи бурчаклар ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Бироқ мактабларнинг аксарияти бу ташаббусни жиддий эътиборга олмаган.

Ҳозирда ҳуқуқ фаоллари талабаларнинг ҳуқуқий ҳимояси кенгроқ таъминлашини талаб қилмоқда.

«Бу фожиа бизни қаттиқ ларзага солди, аммо ўтмишдан маълумки, бу каби ҳолатлар вақт ўтиши билан эсдан чиқади. Мен бундан кейин қандайдир жиддий ўзгариш бўлади, деб ўйламайман. Биз адолат қарор топиши ё йўқлигини кузатишимиз зарур,» дейди Дакка Университети профессори Кабери Гаен.

«Ўзгариш ҳам руҳан, ҳам қонунан бўлиши лозим. Жинсий таҳқирларга нисбатан огоҳлик мактаблардан ўргатилиши керак.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek