Дунё, янгиликлар: Ҳажвчи президент Собиқ Иттифоқ давлатларига – Бунинг имкони бор!

Украина Фото муаллифлик ҳуқуқи BRENDAN HOFFMAN/GETTY IMAGES

Владимир Зеленский Украина президенти этиб сайланди

Кеча Украинада бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида ҳажвчи актёр ва телеюлдуз Владимир Зеленский рақиби ҳамда амалдаги президент Петр Порошенкони сезиларли даражада мағлуб этди. Зеленскийга сайловчиларнинг 73 фоиздан ортиқроқ қисми овоз берган. Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, президент Порошенко ўз мағлубиятини тан олган ва уни ғалаба билан табриклаган.

Украиналик сиёсатшунос Константин Батозскийнинг тахмин қилишича, украиналиклар "Зеленский учун овоз бермади, балки Порошенкога қарши овоз берди." Жаноб Батозский Би-би-сига Владимир Зеленскийнинг ижтимоий тармоқлар орқали ёш авлодни ўзига жалб этишга муваффақ бўла олганини ҳам эътироф этади. Кечаги сайловда тарихда илк бор ёш авлод сони юқори бўлган.

Илк сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг ўз хурсандчилигини яширмаган Зеленский сўнгги ўн йиллардан буён ҳокимият алмашмаётган Собиқ Иттифоқ давлатларига мурожаат қилиб, шундай деган: «Қаранг, бунинг имкони бор!»

Дунё янгиликлари: Шри Ланка портлашлари; Украина сайлови: Зеленский ютадими ё Порошенко?

Дин ва Дунё: Жинсий тажовуз ҳақида шикоят қилгани учун тириклай ёқиб юборилган қиз

Дунё, янгиликлар: Сайловда 'хато' овоз бериб қўйса, бармоқни чопиб ташлаш керакми?

Шри Ланка портлашлари қурбонлари сони деярли 300 нафарга етди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Якшанба куни Шри Ланкани ларзага солган камида олти худкуш ҳужуми оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 290 нафарга етди. 500 га одам эса касалхонага ётқизилган. Ҳозирча ким томонидан уюштирилгани номаълум ҳужумларда Пасха Якшанбаси ўтказилаётган уч черков ҳамда Shangri-La, Kingsbury ва Cinnamon Grand меҳмонхоналари нишонга олинган. Полиция портлашларга алоқадорликда гумонлаб, 24 кишини ҳибсга олган. Ҳозирча, ҳужумлар, катта эҳтимол билан, «радикал экстремист Исломий гуруҳлардан бири» томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Кечаги портлашлар Шри Ланкада 2009 йилдан буён илк бор кузатилаётган энг қонли ҳужумлар сифатида кўрилмоқда. Мустақиллик учун 26 йил курашган Тамил этник гуруҳи билан уруш 2009 йилда ниҳоясига етган эди. Фуқаролар уруши давомида 70 мингдан 80 мингга қадар инсон ҳалок бўлганига ишонилади. Ўтган йилнинг март ойидан бери мамлакатда бир қанча динлараро тартибсизлик ва зўравонлик ҳолатлари кузатилган.

Марокашда оммавий намойишлар бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Минглаб марокашликлар мамлакат пойтахти Работ кўчаларига чиқиб, коррупция ва ишсизликка қарши ҳаракат уюштиргани учун ҳибсга олинган 42 нафар фаолнинг зудликда озод этилишини талаб қилмоқда.

Якшанба куни бошланган намойишлар сиёсатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва ҳибсдагиларнинг оила аъзолари томонидан ташкиллаштирилган.

42 нафар фаол 2016-2017 йилларда ҳукуматни коррупция ва ишсизлик муаммоларини ечишга эътибор бермаётганликда айблаб, намойиш ўтказиши ортидан ҳибсга олинган эди. Ҳукумат уларни миллий хавфсизликка таҳдид солганликда айблаб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek