Дунё, янгиликлар: Касодга учраётган Apple ва Қор одамни топган Ҳинд армияси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

iPhone савдолари рекорд даражада тушиб кетди

Apple'нинг iPhone смартфонлари савдоси март ойи сўнггига қадар ўтган уч ой ичида 17 фоиз ёки $31 миллиардгача тушиб кетди. Бироқ Reuters хабар агентлиги билан суҳбатлашган компания раҳбари Тим Кук келаси ойларда ҳаммаси яна изига тушиб кетишини иддао қилган.

Apple жорий йилнинг аввалида Huawei ва Xiaomi каби арзон қурилмаларни таклиф қилаётган рақобатчилар фаолияти ортидан Хитойда iPhone савдолари сезиларли чекланиши мумкинлигидан ўз ҳиссадорларини огоҳлантирган эди. Натижада Apple Хитойда сотилаётган iPhone смартфонлари нархини туширишга мажбур бўлган.

Беш йил ичида илк бор кўриниш берган ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий нима деди?

Дунё: Шведлар қалбини эгаллаган турк таксичи

Россия: Туладаги дўконда ўзбек аёл пичоқлаб ўлдирилди

Шунга қарамай, бу мамлакатдаги савдолар ўтган йилнинг шу чорагига нисбатан 20 фоизга камайган.

iPhone савдосига бўлган қарамликдан қутилиш мақсадида Apple март ойида ўзининг янги телестрим платформасини тақдим қилган эди. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бундай платформадан узоқ муддатли даромад кўриш бевосита ва билвосита iPhone савдосига боғлиқ бўлиб қолаверади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Indian army

Ҳиндистон армияси «Қор одам»ни топганини айтди ва ижтимоий тармоқ кулгисига қолди

Ҳиндистон қуролли кучлари Ҳимолай тоғларидаги экспедиция чоғида йети номи билан машҳур афсонавий "Қор одам" изларига дуч келганини иддао қилди. Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу хабарни жиддий қабул қилмади.

Ҳиндистон армиясининг Twitter'даги расмий саҳифасида эълон қилинган суратда қордаги улкан оёқ изларини кўриш мумкин.

Йети Жанубий Осиё фольклорида тез-тез номи учрайдиган улкан маймунсимон мавжудот бўлиб, афсоналарга кўра, у Ҳимолай тоғларининг одам қадами етмайдиган чўққиларида кун кечиради. Шу вақтга қадар кўплаб одамлар Ҳиндистон, Непал ва Бутан тоғларида қор одамига дуч келганини иддао этган.

Ҳинд ҳарбийлари ушбу излар "Қор одам" мавжудлигининг исботи ўлароқ хизмат қилишини таъкидлаган бўлсада, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур иддаога ишонқирамай муносабат билдирган. Айрим фойдаланувчилар изларнинг оддий қўнғир айиққа тегишли эканини тахмин қилган.

Ҳозирга қадар қор одами мавжудлигининг бирор илмий исботи мавжуд эмас.

Зиддиятли муносабатлар фонида Россия Беларусдаги элчисини алмаштирди

Охирги ярим йилдан бери нефть, газ ва бошқа маҳсулотларнинг қайта экспорт қилиш масалалари юзасидан пайдо бўлган зиддият Россия ва Беларус муносабатларини сезиларли совуқлаштириб юборган.

Воқеалар ривожи давомида, Беларус президенти Александр Лукашенконинг қайта-қайта шикоятларидан сўнг, президент Владимир Путин Россиянинг Беларусдаги элчиси Михаил Бабични вазифасидан озод этишга қарор қилган.

Расмий Минск жаноб Бабични ўз фаолияти давомида Беларусга нисбатан Россиянинг мустамлакаси сифатида муносабатда бўлишда айблаган.

Сўнгги вақтларда иқтисодий масалалардаги келишмовчиликлар икки қўшнининг орасига совуқчилик туширган. Сешанба куни Беларус Россиядан нефть олишни бутунлай тўхтатган.

Бундан аввал Bloomberg нашри Россиянинг президент Лукашенкога босими кучаяётгани, жаноб Путин Беларус ва Россияни бирлаштириб, 2024 йилдан сўнг ҳам ҳокимиятда қолишни режалаштираётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Россия матбуотига кўра, президент Путин айнан жаноб Лукашенкони тинчлантириш мақсадида Михаил Бабични элчиликдан олган. Унинг ўрнига Федерация Кенгаши аъзоси Дмитрий Мезенцев Минскка юборилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Японияда янги император тахтга ўтирди

Бугун тонгда ворис шаҳзода Наруҳито Япониянинг янги императори сифатида тахтга ўтирди. Сешанба куни унинг отаси Акиҳито тахтни топширган эди.

Император ўлароқ илк нутқида Наруҳито халқ фаровонлиги, Япония ривожи ва дунё тинчлигидан умид қилишини маълум қилган.

Шу тариқа 59 ёшли Наруҳито кунчиқар мамлакатнинг 126-императорига айланган.

Япония меросий монархияси дунёда энг қадимий ҳисобланади. Иккинчи Жаҳон Урушига қадар япон императорлари Худо сифатида кўриб келинган, аммо марҳум император Ҳироҳито - Наруҳитонинг бобоси - урушдан сўнг ўзининг илоҳийлик мавқейидан расман воз кечган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek