АҚШ: Мадуро Венесуэладан қочмоқчи эди, руслар уни тўхтатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзини Венесуэланинг муваққат президенти, дея эълон қилган мухолифат етакчиси Ҳуан Гуайдонинг даъвати ортидан сешанба куни юз берган оммавий намойишларга қарамай, президент Николас Мадуро телевидение орқали мурожаатида лавозимидан кетмаслигини қатъиян таъкидлаган. Бироқ АҚШ Давлат Котиби Майк Помпеога кўра, жаноб Мадуро мамлакатдан Кубага қочиб кетишга тайёр бўлган.

"Унинг учоғи аэропортда тайёр турган эди, тушунишимизча, у бугун [сешанба куни] эрталаб кетишга тайёр бўлган, лекин руслар унинг қолиши лозимлигига ишора берган," деган жаноб Помпео CNN телеканали билан суҳбатда.

Шунингдек, Оқ Уй вакиллари сўзларига кўра, жаноб Мадурога яқин уч нафар юқори лавозимли шахс, аввалига, мухолифатнинг президентни ҳокимиятдан кетказиш зарурлиги юзасидан таъкидига хайрихоҳлик билдирган, аммо кейинроқ бу фикридан қайтган.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтоннинг таъкидлашича, бу шахслар Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино, Олий Суд бош ҳаками Майкел Морено ва президент соқчилик хизмати бошлиғи Иван Рафаэл Эрнандес Далу бўлган.

"Уларнинг барчаси Мадуронинг кетиши лозимлигига рози бўлган эди," маълум қилган жаноб Болтон.

Бироқ у ўз сўзларига исбот келтирмаган.

Сешанба куни нима юз берди?

Жорий йилнинг январь ойида ўзини муваққат президент, деб эълон қилган 35 ёшли Ҳуан Гуайдо сешанба тонгида мамлакат ҳарбий ҳаво базаларидан биридан туриб, оммага мурожаат қилган.

Бир неча ҳарбий кийимдаги шахслар қуршовида турган жаноб Гуайдо ўзини «довюрак аскарлар» дастаклаётганини иддао қилган ҳолда, венесуэлаликларни кўча намойишларига чиқиш ва президент Мадуро ҳокимиятига чек қўйишга даъват этган.

Бунга жавобан қудратдаги Социалистик партия аъзоларидан бири бўлмиш Диосдадо Кабело президент Мадуро ёқловчиларини ҳам кўчага чиқишга ундаган.

Шундан сўнг, кун давомида икки томон тарафдорлари пойтахт Каракаснинг турли нуқталарида тўплана бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШ Давлат Котиби Майк Помпеога кўра, жаноб Мадуро мамлакатдан Кубага қочиб кетишга тайёр бўлган.

Жаноб Гуайдонинг чақириқларига қарамай, тарқалган видеоларда ҳарбийларнинг аксарият қисми президент Мадуро тарафида қолганини кўрсатмоқда.

Кун бўйи жаноб Гуайдо тарафдорлари ва қуролланган ҳарбийлар ўртасида тўқнашувлар кузатилган.

Ўзбекистон ва дунё: Тошкент, Каракас ва Дамашқни нима бирлаштиради?

Дунё: Венесуэлада давлат тўнтариши юз бердими ё ҳокимият алмашдими?

Венесуэладаги рус ҳарбий самолётлари ва Apple’нинг сирли тадбири

Видеоларда намойишчиларнинг ҳарбийларга тош улоқтираётгани кўринади. Шунингдек, бир ҳарбий машинанинг одамлар устига бостириб боргани тасвири ҳам тарқалган.

Кечга томон Мадуро ҳукумати Ҳуан Гуайдо томонидан уюштирилаётган давлат тўнтаришини бостиришга уринганини иддао этган ва ҳарбийларни ўз ўрнига ўтишга чақирган.

Телемурожаатда Мадуро нима деди?

Бир гуруҳ юқори рутбали ҳарбийлар ўртасида халққа мурожаат қилган жаноб Мадуро «америкалик империалистлар дастаклаётган давлат тўнтаришидан ғолиб ўлароқ чиқиш»га ваъда берган.

Шунингдек, президент Мадуро сешанба воқеаларида «сотқин ҳарбийлар»ни айблаган ва қуролли кучларнинг асосий қисми унинг тарафида эканини таъкидлаган.

Жаноб Мадуронинг сўзларига кўра, сешанба хунрезликларига алоқадорлар конституцияга қарши жиддий жиноятга қўл урган бўлиб, улар жазосиз қолмайди.

Бир вақтнинг ўзида, AFP хабар агентлиги жаноб Гуайдога яқин мухолифат намоёндаси Леополдо Лопеснинг Чилидан сиёсий бошпана сўрагани тўғрисида хабар тарқатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption 35 ёшли Ҳуан Гуайдо сешанба тонгида мамлакат ҳарбий ҳаво базаларидан биридан туриб, оммага мурожаат қилган.

Бунга қадар уй қамоғида бўлган жаноб Лопес Ҳуан Гуайдонинг сешанба кунги мурожаати вақтида унинг ёнида кўринган. Мухолифат фаоли жаноб Гуайдога хайрихоҳ ҳарбийлар ўзини уй қамоғидан озод этганини билдирган.

Бундан ташқари Миллий Гвардиянинг бир қанча хизматчилари Бразилиянинг Венесуэладаги элчихонасидан бошпана сўрагани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлган.

АҚШ нима дейди?

Президент Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон сешанба куни Венесуэлада содир бўлган воқеаларни давлат тўнтариши эмас, балки қонуний президентнинг ҳокимиятга келишга уриниши сифатида тасвирлаган.

Бундан ташқари, жаноб Болтон АҚШ Россиянинг бўлаётган ҳодисаларга аралашмаслигидан умид қилаётганини маълум қилган.

Сешанба куни Жон Болтон Twitter орқали Венесуэла Олий Суди раҳбари, ташқи ишлар вазири ва президент гвардияси бошлиғига мурожаат қилган.

"Сизнинг вақтингиз ўтди. Бу сўнгги имконият. Муваққат президент Гуайдонинг амнистиясини қабул қилинг, конституцияни ҳимоя қилинг, ва Мадурони ҳокимиятдан кетказинг. Шунда сизнинг номингизни санкция рўйхатидан олиб ташлаймиз. Мадуро билан бирга қолсангиз - кема билан билан бирга ғарқ бўласиз."

Айни вақтда Венесуэлада вазият қандай?

Ҳуан Гуайдо чоршанба куни ҳам ўз тарафдорларига юзланиб, улардан кўчага чиқишни сўраган.

Каракасда ҳануз намойишчилар ва кучишлатар тизим вакиллари ўртасида тўқнашувлар давом этаётгани борасида хабарлар келмоқда.

Ҳозирча, зўравонлик қурбонлари тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Би-би-сининг Каракасдаги мухбири Гилермо Олмонинг сўзлашича, сешанба куни тўқнашувлар ваҳшийлик даражасига қадар чиққан.

Ҳарбийлар ким билан ўзи?

Бирмунча вақт олдин Ҳуан Гуайдо жаноб Мадуродан юз ўгирган ҳарбийларга нисбатан ялпи амнистия эълон қилишга ваъда берганига қарамай, қуролли кучларнинг асосий қисми ҳануз президент Мадурони қўлламоқда.

АҚШ ва яна кўплаб бошқа мамлакатлар Ҳуан Гуайдони Венесуэланинг ягона қонуний президенти сифатида тан олган. Россия ва Хитой каби давлатлар эса Николас Мадуро ҳокимиятини қўллаб келмоқда.

Жаноб Гуайдо тарафидаги ҳарбийлар томонидан озод этилганини билдирган мухолифат фаоли Леополдо Лопес ўзининг Twitter'даги саҳифасида айни вақтда президент Мадурони ҳокимиятдан кетказиш амалиётининг сўнгги босқичини бошлаш мақсадида асосий қуролли ҳарбий бўлинмаларнинг юқори мартабали расмийлари билан учрашаётгани ҳақида ёзган.

"Гуайдо ва унинг тарафдорлари ҳарбийларнинг бир қисми бутун мамлакат бўйлаб уларни дастаклаётганини таъкидламоқда, аммо, ҳозирча, буни тасдиқловчи маълумотлар жуда кам," дейди Би-би-сининг дипломатия масалалари бўйича таҳлилчиси Жонатан Маркус.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek