Дунё, янгиликлар: Назарбоев президентликни қизига қолдирмасликка қарор қилдими?

Назарбоев Қосим-Жўмард Тўқаев номзодини қўлламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Pavel Aleksandrov/TASS
Image caption Назарбоев Қосим-Жўмард Тўқаев номзодини қўлламоқда

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев июнда ўтувчи президентлик сайловида республиканинг амалдаги раҳбари Қосим-Жўмард Тўқаев номзодини илгари суришни таклиф қилди.

У барча қозоғистонликларни Тўқаев номзодини қўллаб-қувватлашга чақирган. Президентлик сайлови 9 июнга белгиланган.

78 яшар Назарбоев жорий йилнинг март ойида истеъфо бериши ортидан 65 ёшли Сенат раиси Қосим-Жўмард Тўқаев мамлакатнинг муваққат президентига айланган эди. Белгиланган қонунга кўра, у мамлакатни 2020 йилнинг апрелига қадар бошқариши лозим эди. Бироқ шу ой бошида жаноб Тўқаев мамлакатда муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилган.

Сайлов эрта ўтказилиши эълон қилингунга қадар айрим таҳлилчилар жаноб Тўқаев ўрнига Сенат раисига айланган Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоевани эҳтимолий меросхўр сифатида кўра бошлаган эдилар, аммо бугунги хабар ушбу тахминни савол остига қўймоқда.

Қозоғистон-Россия: Путин Назарбоевдан ўрнак оладими?

Қозоғистон Президенти Тошкентда, Туркистон ва Самарқанд ўртасида автобус қатнай бошлади

Шри Ланкада оммавий дафн маросимлари бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шри Ланкада оммавий дафн маросимлари бошланди

Шри Ланкада якшанба кунги қонли ҳужумлар қурбонларини оммавий дафн этиш маросими бошланди. Бугун портлашларда ҳалок бўлганлар сони 310 нафарга етган.

Эрта тонгда мамлакат қурбонлар хотирасига уч дақиқа сукут сақлаган, айни дамда эҳтимолий хуружлар олдини олиш мақсадида фавқулодда вазият жорий этилган.

Шри Ланка ҳукумати худкуш ҳужумларда National Thowheed Jamath маҳаллий исломий гуруҳини айблаган. Полиция ҳужумларни уюштиришга алоқадорликда гумонлаб, 40 нафар шахсни ҳибсга олган.

Ўтган йили буддийлар ҳайкалларига зарар етказишда айбланиши ортидан назарга тушган National Thowheed Jamath гуруҳининг бундан аввал бундай кенг кўламли террор ҳаракатини амалга оширгани маълум эмас. Ҳозирга қадар на National Thowheed Jamath, на бошқа гуруҳ якшанба кунги портлашлар бўйича масъулиятни ўз бўйнига олмаган.

Samsung Galaxy Fold сотувини кечиктиришга мажбур бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Samsung Galaxy Fold

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси смартфон бозорида янги даврни бошлаб бериши кутилаётган ўзининг букланувчи экранли Galaxy Fold смартфони сотувини номаълум муддатга кечиктиришини эълон қилди. Бунга бир вақтнинг ўзида кўплаб блогерлар синов пайтида қурилма экранининг ишдан чиққанини маълум қилиши сабаб бўлган.

Samsung апрел ўртасида бир қатор машҳур блогерларга янги смартфон намуналарини тақдим этган эди. Бироқ уларнинг аксарияти бир неча кунлик синовдан сўнг қурилманинг экранида муаммо пайдо бўлгани ҳақида ёза бошлаган.

Galaxy Fold 29 апрел куни АҚШда $1950 нарх билан оммавий сотувга чиқарилиши кутилаётган эди.

Samsung берган баёнотда қурилмада носозлик юзага келишига экраннинг икки қисмини бирлаштириб турувчи букилма ошиқ-мошиқнинг керакли даражада ҳимояланмагани сабаб бўлгани айтилади. Компания текширув ва тузатувлардан сўнг янги сотув кунини яқин ҳафталар ичида эълон қилишини билдирган.

Forbes: Россияликлар ҳар нарсадан иқтисод қилишга уринмоқда

Forbes журналининг ёзишича, россияликлар алкогол ва озиқ-овқатдан иқтисод қилишга уринмоқда, аммо бундан бирор наф бўлмаётир.

Россия: Севимли доҳий - Сталинга муҳаббатнинг сири нимада?

Россия НАТОни ғафлатда қолдирди, бугун қримликлар нима дейишади? - Видео

Нашрга кўра, сўнгги вақтларда россияликлар янада камроқ маҳсулот сотиб олмоқда ва умумий овқатланиш масканлари мижозлари сони ҳам сезиларли камайиб бормоқда. Ўтказилган сўровнома иштирокчиларининг катта қисми дўконларда турли хил маҳсулотларни сотиб олишни камайтирганини билдирган.

Жумладан, иштирокчиларнинг 32 фоизи тайёр озиқ-овқат, 31 фоизи алкогол, 37 фоизи кийим-кечак, 33 фоизи поябзал, 34 фоизи электроника ва маиший техника харидини камайтиришга мажбур бўлаётганини айтган.

Россия Давлат Статистика Қўмитасининг хабар беришича, охирги беш йил ичида россияликларнинг ҳақиқий даромади пасайган ёки турғун ҳолда қолмоқда. Бироқ жорий йилнинг бошига қадар мамлакатда истеъмол қувватининг бундай кескин пасайиши кузатилмаган эди.

Экспертларнинг изоҳлашича, россияликлар, аввалига, жамғариб қўйилган маблағлар, сўнг эса кредит-қарзлар эвазига ўзининг истеъмол қувватини сақлаб келган, аммо ўтган йили фуқароларнинг банклар олдидаги қарздорлиги шу даражага етганки, оқибатда, одамлар сезиларли даражада иқтисод қилишга мажбур бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek