Ким-Путин: Шимолий Корея ва Россия раҳбарлари нега учрашмоқчи?

Composite picture of Kim Jong-un and Vladimir Putin on horseback Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Икки сурат ҳам ўз кучига ишонган раҳбарлар таассуротини уйғотади

Шимолий Корея давлат матбуоти Ким Чен Иннинг Президент Путин билан музокара ўтказиш учун тез орада Россияга бориши тўғрисидаги хабарларни тасдиқлади. Икки давлат раҳбари илк бор учрашмоқда.

Кремль ҳам, Пхенян ҳам учрашувнинг аниқ санасини ҳали маълум қилмаган бўлсада, Россия ва Жанубий Корея матбуоти жаноб Кимнинг зирҳланган поезди, катта эҳтимол билан, 24 апрел куни Владивостокка келиши ҳақида расман тасдиқланмаган хабарлар тарқатмоқда.

Кремль сўзчиси Дмитрий Песков, аввалроқ, Ким-Путин саммити шу ойнинг охирига қадар ўтишини билдирган эди.

Эски иттифоқчиларнинг ушбу учрашуви февраль ойида Вьетнамда бесамар якунланган Ким Чен Ин ва АҚШ Президенти Доналд Трамп музокаралари ортидан Шимолий Корея учун ўта муҳим бир вақтда ташкил этилмоқда.

Хўш, икки томон қандай масалаларни муҳокама қилишни режалаштирган?

Москва Шимолий Кореяга қанчалик таъсир ўтказа олади?

Собиқ Совет Иттифоқи Шимолий Кореянинг энг йирик иттифоқдоши сифатида Пхенянга турли жабҳаларда, жумладан, ядровий дастурни ишлаб чиқишда ёрдам қўлини чўзган эди.

Бироқ Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг Россия ва Шимолий Корея муносабатлари бир жойда депсина бошлаган. Мафкуравий ришталар оддий савдо алоқалари даражасига тушган.

Бироқ савдо-сотиқ бўйича ҳамкорликда Шимолий Корея Россияни ўзига тортувчи бозорга айлана олмаган. Пхеняннинг Россия маҳсулотларини дунё бозоридаги нархларда сотиб олишга қурби етмайди.

Россиянинг Ғарб билан муносабатлари 2000 йиллардан босқичма-босқич совуқлаша бориши ортидан Москва ўзига хайрихоҳ давлатларга қайтадан эътибор қарата бошлаган.

Сеулдаги Кукмин Университети профессори Андрей Ланковнинг тушунтиришича, Москва «душманимнинг душмани менинг дўстимдир» мантиғига асосланган ҳолда ҳаракат қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA/Reuters
Image caption Совуқ Уруш замонида икки мамлакат иттифоқчи эди

Россия ва Шимолий Корея ўртасида икки томонлама учрашувлар охирги марта 2011 йили ўтказилган. Ўшанда собиқ президент Дмитрий Медведев жаноб Кимнинг отаси Ким Чен Ир билан учрашган эди.

Икки ўртадаги муносабатлар геосиёсий омиллар сабабли аҳамиятлидир - Россиянинг шарқдаги муҳим Владивосток порт-шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудуди Шимолий Корея билан қисман чегарадош. Айни шу шаҳарда раҳбарларнинг учрашиши кутилмоқда.

Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакатда 8 мингга яқин шимолий кореялик меҳнат муҳожирлари мавжуд. Улар ватанига ҳаётий муҳим аҳамиятга эга маблағ жўнатиб туради.

Аммо БМТ жорий этган санкциялар остида бу ишчилар йилнинг охирига қадар ортга жўнатиб юборилиши режаланган.

Шимолий Корея нимани истамоқда?

Вьетнамда ўтган Ким-Трамп саммити Шимолий Кореянинг ядро дастурини тугатиш бўйича бирор келишув ёки ижобий олдинги силжишсиз якун топди.

Ким Чен ИН Президент Трампдан ядро дастурини тугатиш эвазига АҚШ ўз мамлакатига қўйган барча санкцияларнинг олиб ташланишини талаб қилган эди, аммо жаноб Трамп бунга рози бўлмаган. Экспертлар Пхеняндаги муросадан умид қилган сиёсатчилар Президент Трампдан бундай жавобни кутмаганини айтади.

Шимолий Кореяга қарши жорий этилган халқаро санкциялар йиллар давомида мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказган.

Профессор Ланковнинг фикрича, АҚШ билан муроса қилмай туриб, Шимолий Корея санкциялар исканжасидан халос бўла олмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Февралдаги Ханой музокаралари битимсиз якунланган эди

Шу сабабдан Шимолий Корея ўз мақсадига етишда ҳар қандай халқаро таъсир кучига эга давлат билан муносабатларни яхшилашга муҳтождир. Ҳатто, рамзий дипломатик кўмак ҳам Пхенян фойдасига ишлаши мумкин.

Австралиядаги Кертин Университетидан Алексей Муравёв Шимолий Корея АҚШга «ўз қобиғига ўралиб олмагани»ни намойиш қилишга уринаётганини айтади.

«Агар Пхенян ҳануз қудратли давлатлар қўлловига эга эканини намоён эта олса, бу АҚШ ва Хитой билан музокараларда Шимолий Кореяга сезиларли таъсир кучини қўлга киритишга имкон яратади.»

Россия бу йўлда Пхенян учун жозибали манзилдир.

«Жаноб Ким қудратли давлатлар ишончини тўла қозониши зарур. У Шимолий Кореянинг иқтисодий манфаатлари йўлида - ҳамда, ўз тузумининг яшаб қолиши учун - юқори даражали дипломатик ўйинлар олиб боришга уста,» сўзлайди профессор Муравёв.

Ўтган ҳафта Вашингтонга босим ўтказиш мақсадида Пхенян ўзининг баллистик ракеталар синовини қайтадан бошлаган эди.

«Шимолий Кореянинг стратегияси доимо бир-бири билан зиддиятли қудратли давлатлар ўртасида дорбозлик қилиш ва шу йўл билан ўзига керакли имтиёзларга эришишдан иборат бўлган,» изоҳлайди Корея Миллий Бирлашув Институти тадқиқотчиси Парк Юн Жа Би-би-сига.

«Россия билан музокара олиб бориш Пхенянга Хитой ва АҚШга қарши ўйнашда қўл келувчи қартага айланиши мумкин.»

Москва эса нимани истайди?

Президент Путин бир қанча вақтдан буён Шимолий Корея раҳбари билан учрашишга иштиёқманд эканини билдириб келади.

Президент Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида ўтказилган икки учрашувни ҳам Кремль бир четдан кузатишга мажбур бўлган.

Вьетнамдаги саммит муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, эндиликда, жаноб Путинда Москвани ўйин майдонига қайта киритиш имкони туғилмоқда.

АҚШ ва Хитой каби Россия ҳам Шимолий Кореянинг ядровий қудратга эга давлатга айланишига рўйхушлик билдирмайди.

Москва 2000 йилларнинг бошида Пхенянни тинчлантиришга қаратилган олти томонлама музокараларда иштирок этган, лекин бу ҳаракатлар бесамар кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шимолий Корея ядровий дастуридан ортга қайтмайди, деб ҳисоблайди Москва

Аммо Вашингтондан фарқли ўлароқ, Москва Шимолий Кореянинг жорий мавқеда қолишини истайди: Пхенян ядро дастурини буткул тугатиш Кремль учун эришиб бўлмайдиган мақсаддек кўринади ва бунинг ўрнига у вазиятни барқарорлаштиришни хоҳлайди.

Бундан ташқари Шимолий Корея муаммосини ҳал этишда иштирок этиш Россия учун халқаро обрў масаласи ҳамдир. Москва ён қўшнисининг халқаро аҳамиятга эга муаммоларини ечишда четда қолиб кетишни ўзи учун шармандалик, деб билади.

Музокаралар қандай натижа билан якунланиши мумкин?

Аксар таҳлилчилар тахминига кўра, учрашувда бирор йирик келишув ёки иккала мамлакат учун аҳамиятли шартномалар имзоланмайди.

Халқаро эътирофга сазовор бўлишдан ташқари Шимолий Кореянинг асосий эътибори молиявий кўмакка эга бўлишга қаратилган.

«Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ўта оғир ва Пхенян санкцияларнинг юмшатилишини жуда истамоқда. Шунингдек, у беминнат молиявий ёрдам олишдан ҳам умид қилмоқда,» дейди жаноб Ланков.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шимолий Корея ўзининг ядровий қудратини асосий тизгинловчи куч деб кўради

Бироқ профессор Ланковга кўра, жаноб Ким Россиядан қуруқ қўл билан қайтишининг эҳтимоли кўпроқ.

Москва Шимолий Кореяни ишонч билдириб бўлмайдиган, беқарор ва тизгинсиз давлат сифатида кўрганидан уни қўллашга кўп пул ажратиш ниятида эмас, тушунтиради жаноб Ланков.

«Шимолий Корея Россиядан кўп пул ундира олади, деб ўйламайман,» сўзлайди Жанубий Кореянинг Россиядаги собиқ элчиси Ли Жай Чун Би-би-си Корейс Хизматига.

«Қрим масаласи ортидан қўйилган санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти қийин вазиятда турибди. Бу учрашув Трамп маъмурияти ва Жанубий Кореяга йўлланган ишора бўлиши мумкин.»

Собиқ элчининг давом этишича, кутилаётган учрашув Пхеняннинг ички сиёсатига ижобий таъсир ўтказиши мумкин.

"Шимолий кореяликлар АҚШ билан ўтган саммит муваффақиятсизликка учраганидан яхши хабардор. Шу сабабдан Россияга ташриф мамлакат фуқароларига "томоша" сифатида хизмат қилади."

«Иқтисодий ришталарга келганда эса, Россия Шимолий Кореяни деб БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкцияларини бузишга журъат этмайди. Энг яхши ҳолатда, Москва айрим кичик санкцияларнинг бузилишига кўз юмиши мумкин,» дейди жаноб Ланков.

Шимолий Корея Россия маҳсулотлари учун жозибадор экспорт бозори эмас. Бу Москванинг санкциялар исканжасида қолаётган мазкур мамлакатга бирор сезиларли ёрдам бермаслигини англатади.

«Кўпи билан бу учрашув чиройли сўзлар ва ваъдалар билан тугайди. Қуруқ гап ва амалда арзимас натижа билан,» тахмин қилади профессор Ланков.

«Россиянинг ўзи халқаро санкциялардан азият чекмоқда. Бундай вақтда Москва ўта ишончсиз давлат учун пул ажратмайди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ