Дунё, янгиликлар: Хитой чўчқалари, Антарктида пингвинлари ва Россия фуқаролиги

Хитой. Чўчқахона Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитойда чўчқалар қирилиб кетмоқда - жаҳон бозори хавотирда

Ўтган йилнинг август ойида жаҳон бозорига энг кўп чўчқа гўшти етказиб берувчи Хитойнинг ҳар бурчагига тарқалган Африка чўчқа гриппи ҳайвонларнинг шиддат билан қирилиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Хитой ҳукумати тарқатган маълумотларда айтилишича, бир йил ичида ушбу мамлакатда 40 миллион бош чўчқа касаллик қурбонига айланган. Мутахассислар Африка чўчқа гриппининг одам саломатлигига таҳдид солмаслигини маълум қилсада, Хитойдаги аҳвол жаҳонда озиқ-овқат тақчиллигини юзага келтириши мумкинлиги юзасидан хавотирлар кучаймоқда.

Хитой ҳукумати йилнинг иккинчи ярмида ички бозордаги чўчқа гўшти нархи 70 фоизга қимматлашишидан огоҳлантирмоқда. Мустақил манбаларнинг тахминича, Хитойдаги 200 миллион чўчқа касаллик туфайли нобуд бўлиши мумкин.

Гриппга чалинган ҳайвон, одатда, 10 кун ичида нобуд бўлади. Хитой ҳукумати, ҳозирча, эпидемияни назорат остига олишнинг уддасидан чиқа олмаган. Айни вақтда эса ички эҳтиёжни қондириш мақсадида АҚШдан чўчқа гўшти импортини кучайтирган. Оқибатда, ўтган ой АҚШдаги биржа савдоларида чўчқа гўшти нархи 60 фоизга ошгани кузатилган. Мазкур ҳолат ўз навбатида жаҳон бозорига таъсир кўрсатиб, чўчқа гўшти тақчиллигини юзага келтириши мумкин, дейди экспертлар.

Россия Шарқий Украина аҳолисига ўз фуқаролигини таклиф қила бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Донецкдаги намойиш

24 апрел Президент Владимир Путин исёнчилар назорати остидаги Шарқий Украина ҳудудлари аҳолисига енгиллаштирилган кўринишда Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Жаноб Путин ушбу қарорнинг «мутлақо инсонпарварлик юзасидан» олинганини маълум қилган. Бироқ таҳлилчилар Москва шу йўл билан яқинда Украина президентлигига сайланган Владимир Зеленскийнинг бўлажак ҳукуматини қийин вазиятда қолдиришни истаётганини таъкидлайди.

Янги фармон Москванинг эҳтимолий дастаги билан 2014 йилда ўзини «халқ республикалари» деб эълон қилган ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Донецк ҳамда Луганск ҳудудлари аҳолисига Россия фуқаролигини тақдим қилишни кўзда тутади.

Ўзининг сайловолди кампанияси давомида жаноб Зеленский Украинанинг шарқий ҳудудлари билан «янгича муносабат» ўрнатиш ва «инқирозга барҳам бериш мақсадида қудратли ахборот уруши бошлаш»ни исташини маълум қилган эди.

Президент Путиннинг фармонига Facebook орқали муносабат билдирган Владимир Зеленский Россиянинг ушбу қарор орқали «босқинчи давлат сифатида ўз масъулиятини тан олгани»ни таъкидлаган ва халқаро ҳамжамиятни Москвага «дипломатия ва санкциялар йўли билан босим ўтказиш»га даъват этган.

Шри Ланка ҳукумати ҳужумларни олдиндан бартараф этолмаганини тан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шри Ланка парламентида ташкилланган тинглов давомида ҳукумат Ҳиндистон махфий хизматлари шу ойнинг бошида ҳужумлар режалаштирилаётганидан огоҳлантиргани ва бу хабарларга лоқайдлик билан қаралганини тан олган.

Президент Майтрипала Сирисена истихборот огоҳлантиришларини ҳукумат раҳбарларига вақтида етказмагани учун мудофаа вазири ва полиция бош инспекторини ишдан олган.

Парламент етакчиси Лакшман Кириелла юқори рутбали расмийларни эҳтимолий ҳужумлар тўғрисидаги истихборот маълумотларини атайдан яширишда айблаган.

21 апрел куни юз берган черков ва меҳмонхоналардаги портлашлар ортидан 359 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган. Айни дамда, ҳужумларни амалга оширган тўққиз худкушдан саккизтасининг шахси аниқланган. Уларнинг бари Шри Ланка фуқаролари бўлгани айтилмоқда.

Ҳозирда Шри Ланка ҳукумати ҳужумларга ИШИДнинг қанчалик алоқаси борлигини ўрганмоқда.

Олимлар: Антарктидада минглаб пингвин жўжалари бир кечада ғойиб бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Christopher Walton

Сунъий йўлдошдан олинган суратларни тадқиқ қилган британиялик олимлар 2016 йилда минглаб Император пингвинлари жўжалари бир кечада денгизга чўкиб кетганини аниқлади. Ушбу фожиа жўжалар вояга етаётган муз қоянинг оғир об-ҳаво шароити оқибатида денгизга қулаб тушиши ортидан рўй берган.

Олимлар нобуд бўлган полапонларнинг сони 14 мингдан 25 мингга қадар бўлганини тахмин қилмоқда. Бу дунёда қолган Император пингвинлари умумий сонининг 5-9 фоизи демакдир.

Ўз оиласи ичида энг катта ва кучли бўлган Император пингвинлари кўпайиши учун денгизга яқин муз қоялар жуда ҳам зарур. Олимларнинг огоҳлантиришича, глобал иқлим исиши муаммоси вақтида бартараф этилмаса, жорий асрнинг охирига келиб, мазкур тур вакилларининг 50-70 фоизи қирилиб кетиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ