Дунё: Шведлар қалбини эгаллаган турк таксичи

Tukish TV showing a photo of the businessman and the taxi driver in a Swedish Newspaper Фото муаллифлик ҳуқуқи Ahaber News
Image caption Воқеа ижтимоий тармоқларда жуда кўп инсонларнинг эътиборини ўзига тортди

Асли туркиялик таксичи Германияга хизмат сафари билан кета туриб, ҳамёнини унутиб қолдирган швециялик ишбилармонга ўз кредит картасини бериб туриши ортидан ижтимоий тармоқлар алқаган қаҳрамонга айланди.

Бу ҳақида илк бор Швеция матбуоти хабар берган ва таксичи Омер Темел номи швед ҳамда турк ижтимоий тармоқларида машҳур бўлиб кетган.

Швед матбуоти билан суҳбатлашган ишбилармон Кристер Остланд аэропортга етиб борган вақтда, ҳамёни уйда қолиб кетганини англаганидан сўнг Германиядаги муҳим хизмат сафарини ўтказиб юборишдан қаттиқ хавотирга туша бошлагани ҳақида сўзлайди.

Уни аэропортга олиб келган жаноб Темел мижозининг бошига тушган ишдан хабар топиб, унга ўз кредит картасидан фойдаланиб туришни таклиф қилади ва унинг ичида етарлича пул борлигини билдиради.

Бу сахий таксичининг таклифидан боши осмонга етган жаноб Остланд унга уйга қайтгандан сўнг пул юборишга ваъда беради, аммо жаноб Темел буни рад этади ва кредит картасини мижозининг қўлига шунчаки тутқазиб, калит рақамларни айтади.

Жаноб Остланд бундай кутилмаган очиққўлликдан ҳайратга тушганини маълум қилади.

«Бундай инсонни аввал сира учратмаганман. У мени танимас ва қаерга кетаётганимни ҳам билмас эди.»

Икки кунлик хизмат сафаридан уйга қайтган ишбилармон сахий турк йигитига кредит картасида сарфлангандан деярли ўн баробар кўпроқ пул беришни истайди, аммо жаноб Темел ортиқча пулни олишдан бош тортади.

Сўнг жаноб Остланднинг "Темел каби инсонлар бу дунёни қутқариб қолади," деган сўзлари турк матбуоти ва ижтимоий тармоқларида кенг улашила бошланади.

Матбуотда юзага чиққан хабарларга жавобан жаноб Темел шундай дейди: "Менинг дунёмда сиз шунчаки инсонларга ишонишингиз лозим, шунда, ҳаёт янада саодатли бўлади."

'Инсониятга бўлган ишонч қайта тикландиʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ahaber News
Image caption Бизнес сафаридан қайтганидан кейин Кристер Остланд сарфлаган пулини 10 баравар қилиб қайтаришни истайди, аммо Омер Темел олмади.

Бир вақтнинг ўзида швециялик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам турк ҳайдовчининг қилган яхшилигини олқишлай бошлайди.

«Баъзида инсониятга бўлган ишонч қайта тикланади. Доим ҳам эмас, баъзида,» дея изоҳ қолдирган бир Facebook фойдаланувчиси.

«Бу хабар кўнглимга илиқлик олиб кирди. Аввал бундай ҳолат ҳақида ҳеч эшитмаган эдим,» ёзган бошқа бир фойдаланувчи.

Мазкур хабар Швеция сиёсий майдонида популизм ва қутблашиш кескин ошган бир пайтда чиқмоқда.

Иммиграцияга тиш-тирноғи билан қарши ўнгчи кайфиятли Швед Демократлари (SD) партиясининг қўли ўтган йилнинг сентябр ойидаги сайловда анчайин баланд келган. Бунинг оқибатида Швеция ҳукуматида маълум муддат турғунлик кузатилган.

Бир неча ой давом этган муваффақиятсиз музокаралар ортидан марказ-сўл ва марказ-ўнг партиялар январь ойида ҳукумат коалициясига бирлашиб, ўта ўнгчи кучларни ҳокимиятдан сиқиб чиқарган.

«Швецияда ҳам хорижликлар тўғрисида хурофот уруғини сочувчи ирқчи кучлар бор,» дейди Facebook фойдаланувчиларидан бири.

«Бу хабарга SD қандай муносабат билдиришига қизиқяпман. Ахир улар хорижликлар швецияликлар тўлаган солиқ пулларини қўлга киритиш билан овора, дея иддао қилади. Бу инсонга шарафлар бўлсин,» қўшимча қилади яна бир фойдаланувчи.

Жаноб Темел ишбилармонни Стокголмдаги Арланда аэропортида яна кутиб олган ва кредит картасидан ишлатилган 4,200 швед кронаси ($450) эвазига таклиф қилинган 30,000 кронани олишдан бош тортган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ