Дунё, янгиликлар: Беш йил ичида илк бор кўриниш берган ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий нима деди?

A still from the video released by the Islamic State Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Abu Bakr al-Baghdadi has not been seen on video for five years

2014 йилдан буён кўринмаган ИШИД етакчиси ал-Бағдодийники экани айтилаётган видеомурожаат тарқалди.

Ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий эканига ишонилаётган шахс видеокамера қаршисида мурожаат билан чиқиб, халифаликнинг қўлдан бой берилган ҳудудлари учун ўч олинади, деб айтган.

У сўнгги бор 2014 йили, Сурия ва Ироқ сарҳадлари бўйлаб исломий халифалик ташкил этилганини эълон қилган вақтда, Мосулда кўриниш берган эди.

Куни кеча ёйинланган видеонинг қачон тасвирга туширилгани номаълум, аммо унда ал-Бағдодий 21 апрел куни Шри Ланкада юз берган қонли ҳужумлар ИШИД қўлидаги сўнгги қароргоҳ бўлмиш Бағуз шаҳарчасининг қулаши эвазига олинган қасос эканини маълум қилган.

Шунингдек, ал-Бағдодий Буркина Фасо ва Малидаги жангарилар ҳам ИШИДга байъат келтирганини билдирган.

Асл исми Аввад Иброҳим ал-Бадрий бўлмиш ал-Бағдодийнинг сўзларига кўра, жиҳод «золимлар»га қарши курашнинг ягона йўлидир. У 1971 йили Ироқнинг Самарра ҳудудида дунёга келган. Саддам Университетидаги таҳсили чоғида радикал исломий гуруҳларга қўшилиб кетган ва, кейинчалик, Ироқдаги "Ал-Қоида" гуруҳи аъзосига айланган.

ИШИД ўзининг қудрати чўққисига етган вақтларда Ироқ ва Сурия чегарасидаги 88 минг квадрат километр ҳудудни назорат этган. Курдлар етакчилигидаги Сурия Демократик Кучлари шу йилнинг март ойида жангарилар қўлидаги сўнгги жой - Бағуз шаҳарчасини эгаллаб, умри беш йилга чўзилган халифаликнинг тугатилганини эълон қилган эди.

Индонезия пойтахтни кўчирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳукумат баёнотига кўра, Индонезия пойтахти Жакарта шаҳридан бошқа ерга кўчирилади. Бунинг асосий сабаби 10 миллиондан ошиқ аҳоли истиқомат қиладиган Жакартанинг шиддат билан чўкиб бораётганидир.

Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, шаҳар ерости сувларидан ҳаддан зиёд фойдаланиш оқибатида пайдо бўлган бўшлиқлар туфайли чўкмоқда. Бундан ташқари мунтазам тошқинлар ҳам пойтахтни кўчиришга мажбур қилаётган сабаблардан бири экани айтилади. Олимлар 2050-йилга қадар шаҳарнинг катта қисмлари бутунлай сув остида қолишини тахмин қилмоқда.

Шунингдек, шаҳар йўлларидаги тирбандликлар яна бир муҳим муаммодир. Мамлакат режалаштириш вазирига кўра, айнан тирбандликлар туфайли Жакарта иқтисодиёти йилига $6.8 миллиард зарар кўрмоқда.

Қолаверса, айни вақтда Индонезияда ҳукуматни марказсизлаштириш бўйича улкан дастур кетмоқда. Мамлакатнинг асосий бойлиги Жакартада, сиёсий қудрат эса Ява ороли вакиллари қўлида тўпланиб қолган. Ҳозирча пойтахт учун мос ер танланмаган бўлсада, маҳаллий матбуот Борнео оролидаги Палангкарая шаҳрини асосий номзодлардан бири сифатида кўрсатмоқда.

Ҳукумат расмийларининг таъкидлашига кўра, пойтахтни кўчиришга 10 йил керак бўлиши мумкин, аммо айрим таҳлилчилар бу режанинг амалга оширилишига ишончсизлик билан қарамоқда.

Норвегия қирғоқларидан «русларнинг жосус кити» топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Norsk riksringkasting as

Норвегиянинг шимолий Ингоя ороли соҳилида камера маҳкамланувчи махсус мослама кийдирилган белуха кити топилди. Мосламадаги ёзувлар унинг Санкт-Петербургдан эканидан дарак берган. Белуха орол яқинидаги қайиқларга қайта-қайта яқинлашавергандан сўнг унда махсус «кийим» борлиги пайқаб қолинган.

Олимлар бу илмий мақсадларда фойдаланиладиган мослама эмаслигини таъкидламоқда. Ингоя оролидан 415 чақирим нарида Россиянинг Шимолий флоти жойлашган.

Россиянинг Қримда дельфинларни ҳарбий топшириқларни бажаришга ўргатувчи маркази борлиги маълум. 2014 йилга қадар Украинага тегишли бўлган ушбу марказда дельфинлар, асосан, жосуслик «санъати»дан сабоқ олади.

Тромсо Университети профессори Аудун Рикардсеннинг айтишича, белухалар дельфин ва қотил китларга ўхшаб, анчайин зийрак ва ақллидир ҳамда уларни итлардек осонгина қўлга ўргатиш мумкин.

Совуқ Уруш даврида АҚШ Денгиз Кучлари дельфинлар ва денгиз шерларини ҳарбий мақсадларда тайёрловчи дастурни ишлаб чиққан. Ҳайвонлар сувости миналари ва душман ғаввосларини излаб топишга ўргатилган. АҚШ ҳарбийлари Ироқ Уруши давомида Форс Кўрфазини миналардан тозалаш йўлида дельфинлардан фойдаланган.

Япония императори тахтни ўғлига бўшатиб бермоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Айни дамда Японияда император Акиҳитонинг тахтдан тушиш маросими бўлиб ўтмоқда.

Тахтни унинг тўнғич ўғли шаҳзода Наруҳито эгалламоқда.

Император Акиҳито сўнгги 200 йил ичида ўз ихтиёри билан тахтдан воз кечган биринчи япон монархига айланди.

У, аввалроқ, соғлиқ ва ёш билан боғлиқ муаммолар сабаб тахтни ворис шаҳзодага узатишга қарор қилганини маълум этган эди.

Шаҳзода Наруҳито эртадан бошлаб расман Япония императори мақомини олади.

Япон императори ҳеч қандай сиёсий қудратга эга эмас, балки бу шарафли ном миллий бирлик рамзи ўлароқ сақлаб қолинган.

Айнан Акиҳито халқ билан яқин мулоқот қила бошлаган илк император ва Иккинчи Жаҳон Урушидан сўнг Япония обрўсини тиклашга катта ҳисса қўшган шахс сифатида кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ