Дунё, янгиликлар: Муҳаммад Пайғамбар(с.а.в) ни ҳақоратлашда айбланган аёл тақдирини ҳал қилишди

Осиё биби Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Муҳаммад Пайғамбарни ҳақоратлашда айбланган Осиё Биби Покистондан чиқиб кетди

Пайғамбар номига ҳақорат ёғдиришда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган, аммо, ўтган йили, Покистон Олий Суди томонидан оқланган насроний Осиё Норин (Осиё Биби номи билан машҳур) мамлакатдан чиқиб кетгани хабар қилинди.

Осиё Биби иши 10 йилга яқин вақт давомида нафақат Покистон, балки бутун дунё бўйлаб шов-шувларга сабаб бўлган эди.

У бир челак сув устида чиққан жанжал ортидан 2010 йилда қўшнилари томонидан Муҳаммад Пайғамбарни ҳақорат қилишда айбланган ва шаккокликка қўл уришда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. Кейинроқ насроний аёл суд томонидан олий жазога ҳукм қилинган, лекин 2018 йил кузида мамлакат Олий Суди бу қарорни бекор қилган.

Дунё аҳли Олий Суднинг бу қарорини олқишлаган бўлсада, Покистонда мавжуд мутаассиб кучлар Осиё Бибининг ўлим жазосига тортилишини талаб қилганча, бир қанча норозилик ҳаракатлари уюштирган.

Айни вақтда Покистон расмийлари, хавфсизлик юзасидан, Осиё Бибининг қачон ва қаерга бош олиб кетганини маълум қилмаётир. Бироқ Би-би-сида мавжуд маълумотларга кўра, у аллақачон Канадага бориб жойлашган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Канада Бош вазири Жастин Трюдо ўз мамлакатининг Осиё Бибига сиёсий бошпана беришидан мамнун бўлишини билдирган эди.

Покистонда шаккокликка қарши қатъий исломий қонунлар амал қилади. Маълумотларга қараганда, 1990 йилдан буён, камида, 65 нафар инсон шаккокликка қўл урганликда айбланиб, ўлдирилган.

Дунё, янгиликлар, Қозоғистон: Ўйнашмагин арбоб билан...

Дунё, янгиликлар: Эрдўғон Истанбулда қайта сайловни ҳимоя қилди - мухолифат ғазабда

Дунё, янгиликлар: Шереметьево авиаҳалокати ҳақида нималар маълум?

Толибон Кобулда АҚШ инсонпарварлик гуруҳига ҳужум қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Толибон Афғонистон пойтахти Кобулнинг гавжум мавзеларидан бирида жойлашган Counterpart International номли АҚШ инсонпарварлик гуруҳи қароргоҳига бостириб кирган. Ҳужум бошлашдан аввал жангарилар бино кираверишида бомба ўрнатилган машинани қолдирганига ишонилмоқда.

Ҳужум оқибатида, камида, беш инсон ҳалок бўлган ва 24 одам жароҳатланган. Афғон хавфсизлик кучлари билан отишма чоғида жангариларининг бари беш нафари ҳам йўқ қилингани айтилмоқда.

Нодавлат ташкилотнинг 200 нафар ходими бинодан эвакуация қилинган. Афғонистон Ички ишлар вазирлиги сўзчисига кўра, айни вақтда, ҳарбийлар бинони текшириб чиқмоқда.

Аввалроқ, Толибон ушбу ташкилотнинг «Ғарбнинг бузуқ ишлари»га алоқадор эканини таъкидлаган эди.

Мазкур ҳужум 18 йилдан бери давом этаётган қонли урушга чек қўйиш юзасидан Толибон ва АҚШ ўртасидаги тинчлик музокаралари давом этаётган бир вақтда содир этилган.

АҚШ Шимолий Кореядан ўз аскарлари жасадларини қайтариб олишни тўхтатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Доналд Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 2018 йил Сингапурда бўлиб ўтган тарихий учрашув давомида 1950-1953 йилларда бўлиб ўтган Корея Уруши даврида ҳалок бўлган америкалик аскарлар жасадлари қолдиқларини ўз ватанига қайтаришга келишиб олган эди. Бироқ Оқ Уй Шимолий Корея Халқ Армияси билан алоқа қилиш қийинлашиб кетиши ортидан бу амалиёт тўхтатилганини маълум қилди.

Мазкур икки томонлама келишув Вашингтон ва Пхенян муносабатларининг илиқлашиши аломати ўлароқ кўрилган эди.

Корея Уруши чоғида 36 мингга яқин америкалик аскар ҳалок бўлган. Вашингтон берган маълумотларда билдирилишича, 7,700 дан зиёдроқ аскарнинг жасади Корея ярим оролида қолиб кетган. Шундан 5,300 яқин аскар Шимолий Корея ҳудудида бедарак кетгани айтилади.

Ўтган йили Шимолий Корея 50 нафар аскар жасади қолдиқларини АҚШга қайтаришга кўмаклашган. Бироқ шу йилнинг февраль ойида Вьетнамда ўтган саммитда икки давлат раҳбарининг ўзаро муросага кела олмагани туфайли Пхенян америкалик аскарлар жасадини излаб топиш ишларини бирор огоҳлантиришсиз пайсалга сола бошлаган.

Таҳлилчилар бу ҳолатни АҚШ-Шимолий Корея муносабатларида янги совуқ давр бошланиши белгиси ўлароқ кўрмоқда.

Шунга қарамай, сешанба куни АҚШнинг ҳосилдорлик даражаси тушиб кетишидан қийналаётган Шимолий Кореяга озиқ-овқат етказиб бериш бўйича инсонпарварлик кўмаги кўрсатиши тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek