Ал-Қоида: Усома Бин Ладен ўлимидан сўнг гуруҳнинг тақдири қандай кечмоқда?

Anti-American protestors holding up a poster of Osama bin Laden in the Pakistani city of Quetta after he was killed by US forces in 2011

Жорий ойда ал-Қоида асосчиси Усома бин Ладеннинг АҚШ ҳарбий кучлари томонидан Покистоннинг Абботобод шаҳарчасида ўтиб ўлдирилганига саккиз йил тўлди. Хўш, ҳозирда гуруҳ қандай аҳволда?

Усома бин Ладен даврида, ўз қудрати чўққисига чиққан вақтлар, ал-Қоида жиҳодий гуруҳи минглаб жангари ва салмоқли молияга эга бўлганига ишонилади.

Бироқ ўз етакчисининг ўлдирилиши ва ИШИДнинг қудратга келиши ортидан ал-Қоиданинг фаолияти ва таъсири кескин чекланиб қолган.

Бугунги кунда ушбу гуруҳнинг таъсир доираси қандайин кенг? У ҳали ҳам халқаро хавфсизликка таҳдид сола оладими?

Сокин бош кўтариш

Ўтган бир неча йил ичида жаҳон матбуоти саҳифалари, асосан, ИШИД мавзуси билан тўлиб-тошди. Бироқ бу вақтда ал-Қоида ўз қудратини қайта тиклаш бўйича ишлаб чиқилган янги стратегия асосида бошқа жиҳодий гуруҳлар билан иттифоқ туза бошлади.

АҚШ Истихборот Ҳамжамияти ўзининг сўнгги ҳисоботида ал-Қоида етакчилари гуруҳнинг халқаро таъсирини оширишга интилаётгани ва Қўшма Штатлар ҳамда Ғарбга қарши хуружларни рағбатлантираётганидан огоҳлантирган.

Шу йилнинг бошида эълон қилинган БМТнинг халқаро терроризм таҳдиди тўғрисидаги ҳисоботида эса ал-Қоиданинг кўплаб ҳудудларда ўз фаоллигини эҳтиёткорлик билан ошираётгани ва глобал мақсадларни амалга оширишни кўзлаётгани таъкидланган.

Февраль ойида Буюк Британия истихборот хизмати раҳбари Алекс Йонг ҳам дунё ҳамжамиятини ал-Қоиданинг қайта оёққа тураётганидан огоҳлантирган эди.

Фирқалар тармоғи

АҚШ қуролли кучлари томонидан амалга оширилган шиддатли дрон ҳужумлари, 2011 йилда Усома бин Ладеннинг ўлдирилиши ва ИШИДнинг таъсири оқибатида ал-Қоида сўнгги йилларда ўз тактикаларини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Гуруҳ Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бўйлаб бир қанча фирқалар тармоғини яратишнинг уддасидан чиқа олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Кўплаб маҳаллий жангари гуруҳлар ал-Қоидага байъат келтирган.

ИШИДдан фарқли ўлароқ ал-Қоида маҳаллий аҳолини ўзидан узоқлаштирмасликка тиришиб келмоқда.

2013 йилда ал-Қоида «Жиҳоднинг асосий йўриқномалари»ни эълон қилиб, унинг асосида ўз ташкилий тузилмасини ислоҳ қилган.

Мазкур ҳужжатда жангарилар маҳаллий аҳолини ғазаблантириши мумкин бўлган амалларга қўл уришдан қайтарилади.

Оксфорд Университети қошидаги Пемброк Коллежи тадқиқотчиси Элизабет Кендалнинг сўзларига кўра, ал-Қоида турли минтақаларда маҳаллий аҳолининг «халоскори» сифатида ҳаракат қилиш ва ўзини «яхши жиҳодчилар» ўлароқ кўрсатишга уринмоқда.

Оддий одамларга нисбатан зўравон муносабатда бўлган ИШИД фонида бундай ҳаракатлар ал-Қоида фойдасига ишламоқда, дейди Кендал хоним.

Бундан ташқари ал-Қоида ўзининг турли фирқалари орқали террор ҳужумларини ҳам қадамба-қадам оширмоқда.

Маълумотларга кўра, гуруҳ 2018 йилнинг ўзида дунё бўйлаб, умумий ҳисобда, 316 ҳужумни амалга оширган.

Ал-Қоида фирқалари:

  • Исломий Мағрибдаги ал-Қоида (AQIM) Жазоирда жойлашган жангари гуруҳнинг ал-Қоида таркибига кириши ортидан 2006 йилда юзага келган. Жазоир қуролли кучларидан қақшатқич зарбага учрагандан сўнг Саҳройи Кабир жануби ва Ғарбий Африка минтақасига бориб ўрнашган. Жангариларининг тахминий сони - 9,000 нафар.
  • Араб яриморолидаги ал-Қоида (AQAP) Яман ва Саудия Арабистонида фаолият юритган ал-Қоиданинг икки минтақавий тармоғи бирлашуви асосида 2009 йилда ташкил топган. Жангариларининг тахминий сони - 7,000 нафар.
  • Ҳиндистон субконтинентидаги ал-Қоида (AQIS) Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Мянмар ва Бангладешда ҳаракат қилади. 2014 йилда ташкил топган. Жангариларининг тахминий сони - 1,100 нафар.
  • Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин (JNIM) Мали ва Ғарбий Африкадаги бир қанча қуролли гуруҳлар бирлашувидан ташкил топган ал-Қоида фирқаси. Жангариларининг тахминий сони - 8,00 нафар.
  • Ал-Шабаб Сомали ва Шарқий Африкада фаол ҳаракат олиб боради. 2012 йилда ал-Қоидага байъат келтирган. Жангариларининг тахминий сони - 6,000 нафар
  • Ҳайъат Таҳрир ал-Шом (HTS) Суриядаги турли жиҳодий гуруҳлар бирлашмаси бўлиб, шимолий Идлиб вилоятини назорат қилади. HTS ўзининг мустақил эканлигини иддао этса ҳам, БМТ ва АҚШ уни ал-Қоидага алоқадор гуруҳ ўлароқ кўради. Жангариларининг тахминий сони - 20,000 нафар
  • Мисрдаги ал-Қоида Синай яриморолида ўрнашган ал-Қоидага алоқадор бир неча гуруҳлардан иборат. Жангариларининг тахминий сони - 1,000 нафар.

Келажак тақдир

Ўзининг 2015 йилда сўзлаган нутқида ал-Қоиданинг жорий етакчиси Айман ал-Завоҳирий ўзи «инидан чиққан арслон» дея тасвирлаган бир ёш йигитни дунёга таништирган эди.

Ушбу ёш йигит Усома бин Ладеннинг ўғли Ҳамза бин Ладен бўлиб, у гуруҳнинг келажакдаги етакчисига айланиши тахмин қилинади.

АҚШ Ҳамзани расман халқаро террорчи ўлароқ тан олган ва у ҳақида маълумот етказган шахсга $1 миллион пул мукофоти беришни ваъда қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳамза Бин Лодиннинг қаерда эканлиги маълум эмас

30 яшар Ҳамза ал-Қоидага хайрихоҳ вебсайтларда аллақачон танилиб улгурган. У жиҳодчиларнинг янги авлодига бош бўла олувчи ва гуруҳни ислоҳ қила оладиган шахс сифатида кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek