Европа ва миллатчилик: Нега радикал ўнгчилар нуфузи ортмоқда?

File pic from 2017 of right-wing parties meeting in Koblenz. From L to R) Matteo Salvini, leader of the Italian Lega Nord, Harald Vilimsky, General Secretary of the Austria Freedom Party, Geert Wilders, leader of the Dutch PVV party, Marine Le Pen, leader of the French Front National Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Европа мамлакатлари бўйлаб сайловлар давом этар экан, радикал ўнгчи кучлар ва сиёсий партиялар имкониятни қўлдан бой бермасликка тиришмоқда.

Сайловчиларнинг хайрихоҳлиги ортидан ўта-ўнгчилар Австрия ва Италияда бошқарув ҳокимиятига кириб олишга муваффақ бўлди.

Испанияда эса 1975 йили мамлакатга демократия қайтганидан бери радикал ўнгчилар илк бор парламентдан ўрин эгаллади.

Глобализация, иммиграция ва миллий ўзлик масалалари ўта-ўнгчи кучларнинг машҳурлиги ортишига замин яратмоқда.

Таҳлилчилар 23-26 май кунлари Европа Парламентига бўлиб ўтадиган сайловда ҳам кучлар мувозанатида сезиларли ўзгариш юзага келишини тахмин қилмоқда.

Хўш, Европа сиёсий майдонида радикал миллатчиларнинг бундайин таъсир кучи ортаётганига сабаб не?

Қуйида иттифоққа аъзо айрим давлатлардаги сиёсий манзара билан танишишингиз мумкин.

________________________________________

Италия

Италиялик сиёсатчи Маттео Салвини минтақадаги миллатчи партияларни Европа даражасида бирлаштиришга уринаётган шахс сифатида маълум. Унинг ўнгчи кайфиятдаги Лига партияси 2018 йил июнь ойида ўзининг рақиби бўлмиш Беш Юлдуз Ҳаракати билан ҳукумат коалицияси ташкил этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Жаноб Салвини шу ойда ўзи илгари сурувчи қарашларга хайрихоҳ партиялар билан иттифоқ тузган.

Лиганинг қудратга келиши молиявий инқироз оқибатлари ва Шимолий Африкадан кўп миқдорда қочқинларнинг оқиб келиш вақтига тўғри келган. Ички ишлар вазири сифатида жаноб Салвини янги ҳукуматнинг иммиграцияга қарши сиёсат юритишига босим ўтказган.

Жаноб Салвини шу ойда ўзи илгари сурувчи қарашларга хайрихоҳ партиялар билан иттифоқ тузган.

Ҳозирга қадар Маттео Салвинининг Лигасига Германиянинг AfD, Дания Халқ Партияси, Австрия Озодлик Партияси, Франциянинг Миллий Бирлик партияси ва бошқа бир қанча миллатчи кучлар келиб қўшилган.

Жорий ойнинг аввалида француз ўта-ўнгчи кучлар етакчиси Марин Ле Пен жаноб Салвини билан суратга тушиб, улар биргаликда Европарламент сайловида ғолиб чиқишга тайёр эканини таъкидлаган эди.

Германия

Ўта-ўнгчи Германия учун Муқобил (AfD) партияси 2017 йилда илк бор федерал парламентдан ўрин эгаллаб, мамлакатдаги энг йирик мухолифатга айланган эди.

Бирламчи мақсади евронинг Германияда ягона пул бирлиги ўлароқ муомалада бўлишига қаршилик кўрсатиш бўлган AfD ҳукуматни иммиграцияга нисбатан қатъий чекловлар жорий этишга ундаган ва Исломнинг ошиб бораётган таъсиридан хавотир билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Германия ҳукумати миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожирларнинг мамлакатга киришига рухсат бериши ортидан AfD'нинг жамиятдаги нуфузи ортиб кетган.

Испания

Шу кунларда рўй берган энг муҳим воқеалардан бири радикал ўнгчи Vox партиясининг Испания парламентида 24 ўринни эгаллагани бўлди.

Vox Испания давлати бирлигини муҳофаза этиш, ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан ҳайдаб чиқариш ва жинсий тенгсизликка қарши қонунларни бекор қилиш ғояларини тарғиб этади. Бўлгинчилар 2017 йил октябр ойида Каталония мустақиллигини қўлга киритишга уриниши ортидан радикал миллатчиларни қўллаш даражаси ошгани кузатилган. Vox Каталония мустақиллиги ғоясига қаршилик билдириб келади.

Аксар одамлар диктатор Франсиско Франко тузумининг хунрезликларини кўрган Испанияда ўта-ўнгчи кучларнинг бош кўтаришига имкон йўқ, деб ҳисоблар эди. Бироқ 28-апрел сайловида Вох эришган натижа бунинг аксини кўрсатмоқда.

Австрия

Озодлик Партияси (FPÖ) 2017 йилда ҳукумат коалициясига қўшилган вақтда, Ғарбий Европада қудратга келган ягона радикал ўнгчи кучга айланган эди.

Худди Германиядаги каби муҳожирлар муаммоси ҳам FPÖ'нинг муваффақиятини таъминлаган асосий омил ўлароқ кўрилади.

Франция

Миллий Бирлик етакчиси бўлмиш Марин Ле Пеннинг уринишларига қарамай, 2017 йилдаги президентлик сайловида Эммануэл Макрон улоқни радикал миллатчилар қўлидан тортиб кетган эди.

Бундан ташқари Ле Пен хонимнинг ўша вақтларда Миллий Фронт, дея номланган ўта-ўнгчи партияси парламентга киришнинг ҳам уддасидан чиқа олмаган.

Айни вақтда, ижтимоий сўровномалар Миллий Бирлик сифатида янгиланган миллатчилар партиясининг обрўси ошиб бораётганини кўрсатмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ле Пен хоним еврога қаршилик қилиб келади

Ле Пен хоним еврога қаршилик қилиб келади ва Европани оммавий иммиграцияга йўл очиб берганликда айблайди.

У, шунингдек, Европадаги бошқа фикрдошлари билан ҳам кучни бирлаштирмоқда.

Шу ойда Ле Пен хоним Ислом ва Европа Иттифоқи тузилмасига қарши ғояларни илгари сурувчи голландиялик сиёсатчи Гирт Вилдерс билан ёнма-ён кўриниш берган эди.

Швеция

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туб мафкураси нео-нацизм бўлган SD ўтган йиллар ичида ўз имижини ўзгартирган.

Иммиграцияга қарши Швед Демократлари (SD) партияси 2018 йилдаги сайловда сезиларли натижани қўлга киритиб, 18 фоизга яқин овоз олган.

Туб мафкураси нео-нацизм бўлган SD ўтган йиллар ичида ўз имижини ўзгартирган. У маданиятлар турфа хиллигига қарши тарғибот олиб боради ва иммиграция жиддий назорат остида бўлсин, дейди.

Финляндия

Ўта-ўнгчи Финлар Партияси 2019 йил апрел ойида ўтказилган ялпи сайловда иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган.

Унинг муваффақияти икки асосий сиёсатга асосланган: иммиграцияга қаршилик кўрсатиш ва иқлим ўзгариши билан кураш йўлида таклиф этилаётган баландпарвоз сиёсий таклифларни рад этиш.

Эстония

Эстония Консерватив Халқ Партияси (EKRE) парламентдан илк бор 2015 йилда жой эгаллашга муваффақ бўлган.

Орадан тўрт йил ўтиб, EKRE сайловдаги улушини икки баробарга оширишни уддалаган ва мамлакатдаги учинчи йирик сиёсий партияга айланган.

EKRE аксил-иммиграция платформасида сайловолди кампанияси олиб борган, шунингдек, бир жинсли никоҳни ҳам танқид қилиб келади. Унинг етакчиси Мартин Ҳелме бир вақтлар фақатгина оқ танли одамларнинг Эстонияга кўчиб келишига рухсат берилиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Венгрия

Иммиграция мавзуси кучли таъсир ўтказган 2018 йилги сайловда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан учинчи муддатга лавозимида қолишнинг уддасидан чиққан эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Венгрия Бош вазири Виктор Орбан учинчи муддатга лавозимида қолишнинг уддасидан чиққан

У бу ғалабани Венгрияни ҳимоя қилиш имконияти сифатида тасвирлаган.

Жаноб Орбан ўзини узоқ вақтдан буён Европа ва Венгрияни мусулмон муҳожирлардан сақловчи шахс ўлароқ намоён этиб келади.

Словения

Анча вақт сайловчилар эътиборини қозона олмаганига қарамай, иммиграцияга қарши сиёсатни тарғиб қилувчи Словения Демократик Партияси бу йилги ялпи сайловда энг катта кучга айланди.

Партия етакчиси Янез Янса муқаддам Бош вазир лавозимида фаолият юритган ва Виктор Орбаннинг қўллаб-қувватлаши билан танилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek