Дунё, янгиликлар: Ёқиб юборилаётган масжидлар ва йирик ҳужумга учраган WhatsApp

Шри Ланка Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шри Ланкада аксил-мусулмон зўравонлик давом этмоқда, полиция сергакликни оширган

Шри Ланка ҳукумати уч ҳафтадан сал ошиқроқ вақт аввал содир бўлган қонли портлашлар ортидан мамлакат мусулмонларига қарши бошланиб кетган зўравонликни тизгинлашга уринмоқда.

Бир қанча шаҳарларда масжидлар ва мусулмонлар эгалик қилган дўконлар ағдар-тўнтар қилинган ёки ёқиб юборилган. Бир мусулмон эркакнинг оломон томонидан сўйиб кетилгани хабар қилинмоқда.

Айрим шаҳарларда полиция аксил-мусулмон намойишчиларни кўзни ёшлантирувчи газ ёрдамида тарқатишга уринмоқда.

Телевидение орқали мурожаат қилган Шри Ланка полицияси бошлиғи Чандана Викрамаратне зобитларга зўравонлик содир этаётганларга нисбатан бор куч билан жавоб қайтаришга кўрсатма берган.

Дунё, янгиликлар: Бойлар бойлигини қаерга қўйишни билмаяптими ёки Ойда шаҳар қуриш ғояси кимдан чиқди?

Дунё, янгиликлар: Муҳаммад Пайғамбар(с.а.в) ни ҳақоратлашда айбланган аёл тақдирини ҳал қилишди

Дунё, янгиликлар, Қозоғистон: Ўйнашмагин арбоб билан...

Бош вазир Ранил Викремесингҳ ҳам душанба куни эрталаб одамларни тинчланишга чақирган ва бундай тўс-тўполон 250 инсонни ҳаётдан олиб кетган хунрезлик бўйича давом этаётган терговга халал бераётганини таъкидлаган.

22 миллионли Шри Ланка аҳолисининг 10 фоизга яқинини мусулмонлар ташкил қилади.

Мусулмонларга қарши зўравонликлар ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилган турли даъватлар ортидан бошланиб кетган.

Шимолий-ғарбдаги Кинияма шаҳарчасида бир масжиднинг эшик-деразалари синдириб ташланган ва Қуръон нусхалари ерга сочиб юборилган.

Асосан насронийлар истиқомат қилувчи Чилав шаҳарчасида ҳам бир неча мусулмонлар дўконлари ва масжидларга ҳужум уюштирилган.

Ҳукумат жорий этилган комендантлик соатини қисман бекор қилган бўлсада, Шимолий-Ғарбий провинцияда фавқулодда ҳолат сақланиб қолмоқда.

WhatsApp йирик хакерлик ҳужумига учради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

WhatsApp мессенжерига эгалик қилувчи Facebook компанияси баёнотига кўра, хакерлар ушбу илованинг заиф нуқтасидан фойдаланган ҳолда, масофадан туриб, фойдаланувчилар қурилмаларига кузатувчи дастур ўрнатишга муваффақ бўлган.

WhatsApp 1,5 миллиардга тенг фойдаланувчиларининг қанчаси ҳужумдан зарар кўргани, ҳозирча, номаълум эканини билдирган.

Компания баёнотида айтилишича, ҳужум "ўта такомиллашган кибер кучлар" томонидан амалга оширилган.

Financial Times чоп этган ҳисоботда мазкур кибер ҳужум Исроилда асосланган NSO Group хавфсизлик фирмаси ишлаб чиққан мобил илова орқали уюштирилгани таъкидланади.

Financial Times'нинг ёзишича, хакерлар WhatsApp'нинг овозли қўнғироқ функцияси орқали нишонга олинган қурилмага қўнғироқ қилган. Фойдаланувчи, ҳатто, қўнғироққа жавоб бермаган тақдирда ҳам кузатувчи илова қўнғироққа ўрнаган.

Пегасус номли ушбу илова қурилма микрофони ва камераси орқали фойдаланувчи тўғрисида яширин маълумот тўплай олади.

Ўтган ҳафта охирида WhatsApp компанияси ўз мессенжерини янгилаган ва душанба куни фойдаланувчиларни зудлик билан янгиланган версияни юклаб олишга чақирган.

Германия полицияси арбалетдан отиб кетилган яна икки инсон жасадини топди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Германия полицияси шимолий Виттинген шаҳридаги квартирадан арбалет (камонга ўхшаш қадимий қурол)дан отиб ўлдирилган икки аёл жасадини топди.

Бундан бир кун аввал Виттингендан 650 километр жанубда жойлашган Бавариянинг сокин гўшасидаги меҳмонхонадан ҳам айнан арбалетдан отиб кетилган уч инсон - бир эркак ва икки аёл - мурдаси топилган эди.

Полицияга кўра, меҳмонхонадаги ҳолатда ҳам, Виттингемдаги квартирада ҳам ҳеч қандай жанг ёки қаршилик кўрсатиш аломатлари аниқланмаган.

Барча беш қурбоннинг Германияси фуқаролари бўлгани айтилмоқда. Ҳозирда, полиция уларнинг бир-бирига қандай алоқада бўлганини аниқлашга уринмоқда.

Қурбонлар бош ва кўкрак қисмига отилган арбалет ўқидан ҳалок бўлган.

Бавариядаги меҳмонхона мижозлари ва Виттенгемдаги квартира қўшниларининг гувоҳлик беришича, бу одамлар ўзини ғалати тутган ва доим қора кийимда юрган.

Ҳатто, Мариана Ботиғида ҳам пластик қолдиғи топилди

Сайёранинг энг чуқур қисмига шўнғиган америкалик саёҳатчи Виктор Весково Тинч Уммонининг деярли 11 километрга тенг тубида пластик халтага дуч келди.

Олимлар бу ҳолат инсониятнинг дунё уммонларини қанчалик пластик билан булғаётганидан яққол далолат беришини айтмоқда. Инсоният ҳар йили миллионлаб тонна пластик ахлатни сувга улоқтиради ва бундан денгиз ҳаёти мисли кўрилмаган зарарга учрайди.

Тинч Уммонида жойлашган Мариана Ботиғининг умумий чуқурлиги 10,994 метрга тенг. Сувнинг босими ҳаддан зиёд кучли бўлганидан, бу ерга, ҳатто, махсус сувости қурилмаларида шўнғиш ҳам ўта хавфлидир.

Жаноб Весковога қадар тарихда атиги икки инсон Мариана Ботиғини забт этишга муваффақ бўлган. Бироқ Виктор Весково 10,938 метрга қадар чуқурга туша олиб, дунё рекордини янгилаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek