Дунё: Технология исроилликлар ва фаластинликларни қандай яқинлаштирмоқда?

Zada Haj Фото муаллифлик ҳуқуқи Tech2Peace

Исроилликлар ва фаластинликлар технология соҳасидаги бир қанча ҳамкорлик лойиҳалари шарофати билан ўзаро мулоқот ўрнатиб, янги маҳорат ва зиддиятли ҳолатларга ечим топиш сирларини ўзлаштирмоқдалар.

Исроилни, том маънода, стартаплар ватани, дейиш мумкин. Исроил технология соҳасида яратилаётган стартапларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича дунёда биринчи ўринларда туради.

Бироқ технология тараққий этиш билан бирга етмиш йилдан буён зиддиятли муносабатда бўлиб келаётган Араб-Исроил жамиятларини бир-бирига яқинлаштирмоқда.

Tech2Peace ана шундай лойиҳалардан биридир.

«Мен бу лойиҳага бир ўзим қўшилиб, ҳам Фаластин, ҳам Исроилдан ажойиб дўстлар орттирдим,» сўзлайди Зода Ҳаж.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Икки жамият ёшлари мазкур лойиҳа доирасида 3D, вебсайт яратиш, мобил иловалар ишлаб чиқиш сирларидан воқиф бўладилар, шу билан бирга, зиддиятларни дипломатик йўл билан ҳал этиш йўлларини ўрганадилар.

Ҳаж хонимнинг айтишича, у лойиҳага қўшилишдан аввал анимация ёки 3D моделлаштиришни «умуман билмаган,» аммо сессия охирига бориб, у ўз ғояларини амалиётга кўчира олган. Шунингдек, бу ёш қиз ўрганган маҳорат ва билимлари орқали яхши иш топишдан ҳам умид қилмоқда.

Фаластинлик ишбилармон Аднан Авни ҳам Tech2Peace лойиҳасида иштирок этиш ортидан бир қанча яҳудий ёшлар билан яқин дўстга айлангани ҳақида сўзлайди.

«Технология икки зиддиятли томон ўртасидаги деворларни қулата олишига ишонаман. Сабаби у чегараларни писанд қилмайди,» дейди у Би-би-сига.

«Бу соҳада икки томонни мулоқотдан тўсиб тура оладиган ҳеч қандай ғов мавжуд эмас.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Adnan Awni Jaber
Image caption Фаластинлик ишбилармон Аднан Авни

Абдуллоҳ Сакран, лойиҳанинг бошқа бир иштирокчиси, сиёсат ва технология тўғрисида фикр алмашиш гуруҳ аъзоларини янада яқинлаштирганини таъкидлайди.

«Бошида ҳеч ким осон тил топишиб кета олмади, лекин учинчи кунга бориб, биз ўзимизнинг сиёсий қарашларимизни муҳокама қила бошладик.»

Tech2Peace лойиҳаси асосчиларидан бўлмиш исроиллик Томер Коэн болалигида тинчликни тарғиб этувчи турли оромгоҳларга борган, аммо ҳамма уй-уйига тарқагандан сўнг эндигина дўстлашган ёшлар алоқаси узилиб қолишини пайқаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tomer Cohen
Image caption Tech2Peace лойиҳаси асосчиларидан бўлмиш исроиллик Томер Коэн

Кейинроқ, у ва унинг фаластинлик ҳамда исроиллик дўстлари икки жамият ёшлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни илиқлаштириш, ҳаётий тажриба ўрганиш асносида бир-бирини англашига имкон яратиш мақсадида Tech2Peace лойиҳасига қўл урганлар.

Унинг фикрича, ҳам исроиллик, ҳам фаластинлик ёшларни бирлаштириб турувчи ягона умумий жиҳат - бу ҳаётда ўз йўлини топишга бўлган истакдир. Шу тариқа улар технология ва дастурлаш сирларини ўргатиш баҳонасида бир-бирига ёт икки жамият ёшларини бир жойга йиғишга қарор қилганлар.

Яқин ҳамкорлик молиявий жиҳатдан ҳам иккала томонга манфаатлидир, фикр юритади исроил-америкалик инвестор ва ишбилармон Ядин Кауфман.

2014 йилда у фаластинлик ёшларнинг Исроил компанияларида касбий малака оширишини кўзлаган дастурга асос солган.

«Аксар фаластинликлар бу дастурда иштирок этиб, чегарадаги зобитлардан бошқа оддий исроилликларга илк дуч келади. Ўз навбатида, исроилликлар ўзи билан профессионал даражада ишлай оладиган фаластинликни биринчи бор учратади,» дейди жаноб Кауфман.

2008 йилда Ядин Кауфман фақат Фаластин технология соҳасига эътибор қаратган Sadara Ventures инвестиция фирмасини ташкил қилган. Ҳозирда, Sadara Ventures олтита компанияни қўллаб-қувватлаб келади. Бу компаниялар шу вақтга қадар, умумий ҳисобда, $70 миллион инвестиция жалб қилишга муваффақ бўлган.

Фаластин Ҳамкорлик Фонди - жаноб Кауфманнинг янги лойиҳаси. Ушбу фонд фаластинлик ишбилармонлар ва Исроил компаниялари ўртасидаги қўшма сармоя лойиҳаларига грантлар ажратишга мўлжалланган.

Айни дамда, АҚШ Конгресси бу фондни молиявий дастаклаш масаласини кўриб чиқмоқда.

«Агар биз илгари сураётган ташаббуслар муваффақиятли бўла олса, у ҳолда, Фаластин иқтисодиёти бундан сезиларли манфаат кўради.»

Қисқа қилиб айтганда, технология соҳаси йиллар давомида совуқ муносабатда бўлиб келган икки қўшни жамиятнинг тил топиша олишига кўмаклашмоқда.

Масалан, фаластинликларнинг мобил иловалар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи Exalt Technologies фирмасининг 20 нафар ходими Nokia компаниясининг 5G тармоғини яратиш устида ишлаётган Исроилда асосланган жамоасига техник масалаларда кўмаклашмоқда.

«Фаластинда кўплаб сиёсий ва иқтисодий чекловлар мавжудлигига шубҳа йўқ, аммо матбуот… қийинчиликларга қарамай, яшаш ва тараққий этишга бўлган интилишларга диққат қаратиш ўрнига фақат вайронагарчиликларни кўрсатмоқда,» дейди Exalt Technologies раҳбари Тариқ Маъя.

Exalt Technologies фирмаси бир вақтлар Исроилда ташкил топган, HP компаниясининг график санъат бизнеси бўлими бўлмиш HP Indigo учун Android ва iOS платформаси иловаларини яратиб келади.

Бироқ жорий йилнинг январига қадар икки томоннинг аксарият муҳандислари бир-бири билан ҳаётда учрашмаган эди.

Шу йил бошида HP Indigo муҳандислари Фаластиннинг Рамаллоҳ шаҳрида жойлашган Exalt Technologies офисига ташриф буюрган.

«Бу биз билан узоқ йиллардан бери бирга ишлаётган муҳандислар билан илк бор юзма-юз учрашувимиз бўлди,» изоҳлайди Exalt Technologies ходими Дара Жараллоҳ.

«Учрашувлар чоғида фирмамиз муҳандислари ўз ишларини HP вакилларига намойиш этганда, қалбим ғурурга тўлди.»

Бироқ бундай ҳамкорликлар чиндан ҳам Фаластин иқтисодиётини оёққа турғазиб, икки ўртадаги зиддиятга барҳам бера оладими?

Ғарбий Қирғоқда жойлашган Бирзеит Университети қошидаги Халқаро Тадқиқотлар Институтидан Мағид Шиҳаденинг фикрича, бу саволнинг жавоби - йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption Ғарбий соҳилдаги Исроил қурган бинолар

«Сабаби савдо алоқаларига қўйилган оғир чекловлар ҳали ҳам ўз ўрнида турибди,» дейди у.

Фаластин Мухторияти ва Исроил ҳукумати ўртасида имзоланган Париж Протоколига кўра, фаластинликлар ўзи истаган маҳсулотларни импорт қила олмайди ва уларнинг ўз маҳсулотларини эркин ишлаб чиқаришига ҳам тўсиқлар қўйилган.

«Биринчи қадам Исроилнинг савдо бўйича қўйган барча чекловларини олиб ташлаш билан бошланиши лозим. Шундан сўнг фаластинликлар ва исроилликлар тенг равишда бизнес ҳамкорлик қила олади,» дейди жаноб Шиҳаде.

Аммо Исроил бу чекловлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун сув-ҳаводек зарур, дейди.

Нима бўлганда ҳам, технология икки томоннинг ўзаро муроса қила олишини таъминловчи соҳалардан бирига айланишига умид катта.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek