Рамазон: Рўза ҳам тутишмоқда, аёлларига маликам ҳам дейишмоқда

Суданлик намойишчилар ифтор дастурхони устида... Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Африкалик журналист Зайнаб Муҳаммад Солиҳ ҳукумат тузумига қарши намойишларни давом эттираётган суданликларнинг ўз рўзасини қандай тутаётгани борасида сўзлаб берди.

Мамлакатни узоқ йиллар бошқарган Омар ал-Баширнинг ҳокимиятдан ағдарилганидан бир ойдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, суданликлар ҳарбийлар ўрнатган тузумга қарши намойишларни давом эттирмоқда.

Уларнинг ишонишича, муваққат ҳарбий ҳукумат ҳокимиятни фуқаровий бошқарув қўлига бериш жараёнини атайин ортга сурмоқда.

Африка жазирамасида рўза тутиш эса намойишчилар силласини қуритиши тайин. Бироқ суданлик мусулмонлар на келажак учун кураш, на рўзадан воз кечиш ниятида эмас.

Ислом ва мусулмонлар: Трамп Оқ Уйда ифторлик берди

Россия, Рамазон ва Шерали: Аллоҳ йўлига ҳар куни бир қозон ош тарқатаман

Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз

Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман

Кун бўйи муваққат ҳарбий ҳукумат қароргоҳи ташқарисини эгаллаб турган намойишчилар кунботишга бориб, ифтордан сўнг яна жонлана бошлайди.

Оғиз очилгандан кейин «Фуқаролар ҳокимияти ёки абадий инқилоб!» «Ортга чекинмайман, талабларим бор!» каби шиорлар қайта янграй бошлайди.

Ифторга яқин минглаб одамлар намойишчиларга озиқ-овқат, ичимликлар олиб келади, бошқалар эса шу ернинг ўзида овқатга уннайди.

Намойишчиларнинг аёл яқинлари уйда овқат тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар орқали кўнгиллилардан таомни намойиш бўлаётган нуқталарга олиб боришни сўрайди.

Кўплаб компаниялар ҳам катта машиналарда овқат ва ичимлик олиб келиб, эҳсонга тарқатади. Шундай қилиб, ҳеч бир намойишчи ифтор вақтида оч ёки қақроқ қолмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Намойишчилар эски раҳбариятнинг қудратга қайтишидан хавотирда

Кун давомида очликдан йиқилиб қолмаслик ва қувватни сақлаш учун кўчаларда тинч ўтирган намойишчилар таомланиб бўлиб, яна тилга кирадилар.

Оммавий нутқларда улар собиқ тузумга яқин бўлган ҳарбийлардан кўрган жабрлари ҳақида сўзлайдилар.

Микрофон қўлдан-қўлга ўтиб, одамлар шу вақтга қадар айтишга қўрққан дардларини йиғилганлар билан баҳам кўрадилар.

Қонли фуқаролар уруши даврида яқинларидан айрилган, шимолда қурилаётган тўғонни, деб уйидан қувилган, намойишлар вақтида оила аъзолари отиб ўлдирилган одамлар - ҳамма ичидагини чиқаришга интилади.

Туни билан улар бу норозилик намойишининг ёрқин келажак гарови экани тўғрисида суҳбатлашадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ижодкорлик - бу намойишларнинг энг муҳим қирралари, қиёфаларидан бири бўлди

Сўнг аксар одамлар намойиш майдонларида қолади: улар очиқ кафелар, қуруқ ер ёки майса устида уйқуга кетадилар.

Жазирама

Пойтахт Хартумда ҳарорат тез-тез 40 даражадан юқорилаб кетади. Айрим одамлар намойишчиларга кўчма совитиш қурилмаларини ҳадя этган, аммо бундай усул билан жазирама иссиқдан сақланиб бўлмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Some protesters cook for other each other at the sit-in

Суданда илк норозилик ҳаракатлари ўтган йилнинг декабрь ойида - нон ва ёнилғига ажратилган давлат субсидияларининг бекор этилиши ортидан бошланган эди.

Ҳозирда ҳам, шаҳарнинг кўплаб мавзеларида одамлар нақд пул олиш учун банкоматлар, новвойхоналар ва ёнилғи қуйиш шаҳобчалари олдида қаторлашиб турганини кўриш мумкин.

Айрим намойишчилар бундай навбатларни собиқ Башир тузуми асоратлари ўлароқ кўради.

Некбинлик

Омар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилгандан сўнг ҳарбийлар намойишларни қаттиққўллик билан тарқатишга урингани тўғрисида хабарлар мавжуд.

Айрим фаоллар ҳарбий ва фуқаролик кийимидаги шахслар томонидан калтаклагани ҳақида шикоят қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption People once more have to queue for cash in Khartoum

Бироқ вазият оғир бўлсада, Хартумда қандайдир хуш муҳит юзага келаётганига гувоҳ бўлиш мумкин - одамлар олдингидан анча некбин кайфиятда ва юзига табассум қайта югура бошлаган.

Аёлларга бўлган беҳурмат ва тазйиқона муомала камайгани айтилади.

Шу тариқа суданликлар Башир тузуми қайтишига йўл қўймасликка аҳд қилган ва ҳеч қандай тўсиққа қарамай, инқилобдан сўнг эришилган ижобий ўзгаришларни сақлаб қолишга интилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek