Дунё, янгиликлар: Трампнинг янги иммиграция сиёсати - энди Green Card'га нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи NurPhoto

Президент Трамп иммиграция бўйича янги сиёсат лойиҳасини эълон қилди

Жаноб Трампнинг таъкидлашича, АҚШ иммиграция тизими ёш, яхши таълим кўрган ва инглиз тилида сўзлаша олувчи муҳожирларгагина очиқ бўлиши лозим.

Лотерея усулида тасодифий танланган шахсларга АҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Green Card'ни танқид қила туриб, жаноб Трамп бундай тизимнинг Америка қадриятларига мутлақо зид эканлиги ва у дунё бўйлаб кўплаб малакали инсонларнинг мамлакатга келиш имкониятини йўққа чиқаришини айтган.

Дунё: Технология исроилликлар ва фаластинликларни қандай яқинлаштирмоқда?

Трамп муҳожирлик устидан назоратни кучайтирмоқчи

Популист сиёсатчига қарши бўлганлар "халқ душмани"ми?

Доналд Трамп АҚШда ҳам Канададагидек фақат иқтидорли инсонларгагина яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи тизим яратиш лозимлигини таъкидлаган.

Шунингдек, президент Трамп АҚШга сиёсий бошпана излаб келувчиларга нисбатан қатъий талаблар жорий этиш заруриятини ҳам эслатиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ўз ҳукумати таъқибига учраган инсонларга бошпана бериб келишдан ғурурланади, аммо мамлакатга кириб олиш йўлида илгари сурилган «жирканч иддаолар» туфайли чиндан таъқиб этилаётган шахслар ҳимоясиз қолиб кетмоқда.

Бироқ бу лойиҳа қонунга айланиши учун Конгресс уни маъқуллаши талаб этилади.

«Бу қонун лойиҳаси имкон қадар тезроқ тасдиқдан ўтишидан умид қиламиз,» деган жаноб Трамп ўз чиқишида.

Бироқ президент Трампнинг мазкур ташаббуси АҚШнинг ўзида аллақачон жиддий танқидларга учрамоқда. Демократлар партияси вакиллари бу режанинг камчиликларга тўла эканини маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SAM YEH

Тайван Осиёда илк бор бир жинсли никоҳни қонунлаштирди

Тайван парламенти мамлакатда бир жинсли никоҳлар тузишга рухсат берди. Шу тариқа Тайван Осиё қитъасида бир жинсли никоҳ қонунлаштирилган биринчи ҳудудга айланди.

Парламент сўнгги икки йилдан бери ушбу масалани кўриб чиқаётган эди.

Юзлаб гей ҳуқуқлари фаоллари парламент биноси ташқарисида ушбу воқеани олқишлар ва кўз ёшлар билан нишонлаганлар.

Шимолий Корея оғир қурғоқчилик билан юзлашмоқда

Шимолий Корея сўнгги 37 йил ичида илк бор кузатилаётган энг қақшатқич қурғоқчилик асоратларидан қийналмоқда.

БМТ берган маълумотларга кўра, 10 миллионга яқин шимолий кореяликлар (умумий аҳолининг 40 фоизи) зудлик билан етказилиши лозим бўлган озиқ-овқат кўмагига муҳтож ва улар кунига атиги 300 грамм озуқа билан кифояланишга мажбур бўлмоқда.

1990 йиллар бошида юз минглаб Шимолий Корея фуқаролари даҳшатли очарчилик қурбонига айланганига ишонилади.

Ҳозирча, бу даражадаги очарчилик қайта такрорланаётгани аломатлари кўзга ташланмаган бўлсада, жорий йилда мамлакат бўйлаб ҳосилдорлик катта миқдорда зарар кўргани борасида маълумотлар юзага чиққан.

Давлатга қарашли Корея Марказий Ахборот Агентлиги (KCNA) ҳам мамлакатда оғир қурғоқчилик шароити юзага келганини тан олган.

АҚШда жойлашган North Korea News вебсайти муҳаррири Оливер Ҳотамнинг Би-би-сига билдиришича, одамларни очликдан сақлаб қолиш учун Шимолий Кореяга, камида, 1,5 миллион тонна озиқ-овқат киритиш зарур.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Йирик халқаро кибержиноятчилар гуруҳи қўлга олинди

АҚШ, Болгария, Германия, Грузия, Молдова ва Украина ҳуқуқ-тартибот органлари халқаро хакерлар гуруҳига қарши олиб борилган тезкор амалиёт натижаларини эълон қилди.

Хакерлар GozNym номли дастур ёрдамида 40 мингдан зиёд одамнинг $100 миллиондан кўпроқ маблағини ўмаргани хабар қилинмоқда.

Кибержиноятчилар мазкур дастур орқали одамларнинг онлайн-банк ҳисоблари калит сўзларини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Европа Иттифоқининг полиция хизмати бўлмиш Европол тақдим қилган маълумотларда таъкидланишича, гуруҳ аъзолари интернетда хакерлик «хизматлари»ни таклиф этган шахслар орасидан танлаб олинган.

Хакерлар кичик ишбилармонлар, юридик фирмалар, халқаро корпорациялар ва хайрия ташкилотларини нишонга олган, дейилади баёнотда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek