Дунё: Шри Ланка портлашларида уч фарзандини йўқотган миллиардер нима деди?

Anne and Anders Holch Povlsen Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўтган ой Шри Ланкада юз берган даҳшатли ҳужумларда уч фарзандидан айрилган даниялик миллиардер Андерс Ҳолк Повлсен ва унинг рафиқаси Анна оммага мурожаат қилди.

Жуфтлик ўзларига ҳамдардлик билдирган инсонларга ташаккур изҳор этган.

Уларнинг фарзандлари бўлмиш Алфред (беш ёш), Агнес (12 ёш) ва Алма (15 ёш) апрель ойида Шри Ланкадаги меҳмонхоналар ва черковларга уюштирилган худкуш ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган.

Миллиардер оиласи ушбу фожиа ортидан билдирилган ҳамдардлик сўзларидан қалби жунбишга келганини маълум қилган.

"Биз севимли фарзандларимиз Алфред, Агнес ва Алманинг фожиавий ўлими ортидан билдирилган таъзиялар, ҳамдардлик ва руҳни кўтарувчи сўзларга нисбатан ўзимизнинг самимий ташаккуримизни изҳор этамиз," дейилади Андрес ва Анна Ҳолк Повлсенлар эълон қилган очиқ мактубда.

Жаноб Ҳолк Повлсеннинг фарзандлари исломий экстремист худкушлар ҳужум қилган вақтда Коломбо шаҳридаги Shangri La меҳмонхонасида бўлган.

Шунингдек, жуфтлик қонли ҳужумларда бегуноҳ яқинларидан жудо бўлган бошқа оилаларга ҳам ўз ҳамдардлик сўзларини юборганини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Фожиадан сўнг 10 яшар Астрид оиланинг ягона фарзандига айланган.

Жаноб Ҳолк Повлсен Британиядаги кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи Asos компаниясининг энг йирик акциядори ҳисобланади. Бундан ташқари у Bestseller халқаро кийим-кечак дўконлари тармоғи ва Шотландияда қарийб 90 минг гектар ерга ҳам эгалик қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek