Дунё, янгиликлар: Крайсчўрч ҳужумчисига расман қандай айблов қўйилди?

Brenton Tarrant in Christchurch court. file photo 16 March 2019 Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Таррант устидан суд июнда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Брентон Таррантга расман айблов эълон қилинди

Австралиялик эркак 15-март куни Янги Зеландиянинг Крайсчўрч шаҳридаги икки масжидга ҳужум уюштириши оқибатида 51 инсон ҳалок бўлган эди.

Янги Зеландия полицияси Таррантни расман «террор амали содир этиш»да айблагани хабар қилинмоқда.

Бундан ташқари унга «қотиллик» ва 40 га яқин инсонни «ўлдиришга уриниш» айбловларини юклаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Таррант устидан навбатдаги суд июнь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Бироқ Би-би-сининг Австралиядаги мухбири Ҳивел Гриффитнинг сўзларига кўра, Янги Зеландияда Таррантни терроризмда айблаш масаласи жиддий баҳсларга сабаб бўлган.

Янги зеландияликлар фикрича, агар ушбу иш терроризмга қарши қонунлар асосида кўриб чиқилса, у ҳолда суд жараёни узоқ вақтга чўзилиб кетади ва матбуотнинг экстремист қарашларни кенг ёритишига тўғри келади.

28 ёшли ҳужумчи автоматик ўқ отар қуроллар билан Ал Нур ва Линвуд масжидларига йиғилган одамларни отиб ташлаган ва жараённи жонли тарзда ижтимоий тармоққа узатиб турган эди.

Ушбу мудҳиш воқеа ортидан Янги Зеландияда ҳарбий синфга мансуб ярим автомат қуролларга тақиқ қўйилган.

Huawei асосчиси: АҚШ бизни кучимизни етарли баҳоламаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитой матбуоти билан суҳбатлашган Huawei асосчиси Рен Женгфей АҚШнинг компанияга нисбатан ўтказаётган босимига муносабат билдириб, яқин келажакда ҳеч ким 5G технологияси бўйича Huawei'га етиб ололмаслигини иддао қилган.

Ўтган ҳафта АҚШ Huawei'ни зарурий лицензияга эга бўлмагунча, Америка фирмалари савдо алоқалари олиб боролмайдиган компаниялар рўйхатига қўшган эди.

Оқибатда, Google Huawei'нинг Android платформасининг айрим имкониятларидан фойдаланишига тўсиқ қўйган.

«АҚШ сиёсатчилари бизнинг кучимизни етарлича баҳоламаяпти,» таъкидлаган жаноб Рен.

Жаноб Реннинг сўзларига кўра, Huawei АҚШ тақиқларига аллақачон тайёргарлик кўриб қўйган ва бўлаётган босимлар компанияни «синдира олмайди.»

АҚШ расмийлари Huawei ишлаб чиққан мобил тармоқларнинг 5G авлодида қўлланилувчи техник маҳсулотларнинг ахборот хавфсизлигига таҳдид солиши, Хитой ҳукумати улар ёрдамида жосуслик амалларини олиб бориши мумкинлигини даъво қилади.

Аммо Huawei бундай иддаоларни қатъиян рад этади.

Пул ювишда айбланган Аргентина собиқ президенти вице-президент бўлмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аргентина пойтахти Буэнос Айресда мамлакат собиқ президенти, айни вақтда сенатор лавозимида фаолият юритаётган Кристина Киршнер устидан суд маҳкамаси бошланди.

Киршнер хоним ноқонуний пул ювишда айбланмоқда.

Илгари сурилган айбловларга қарамай, сиёсатчи вице-президентга айланиш умидида эканини таъкидлаган.

Кристина Киршнер 2007-2015 йиллар давомида президент сифатида Аргентинани бошқарган. Мамлакат мухолифат кучлари унинг бошқаруви даврида иқтисодиёт турғунликка учраб, инфляция кескин ошганини таъкидлайди.

Ўтган йилнинг август ойида маҳаллий матбуот «дафтарлар иши» номини олган коррупция бўйича йирик текширувни эълон қилган эди.

Мазкур текширув Киршнер хоним ва унинг турмуш ўртоғи, марҳум президент Нестор Киршнер ҳокимиятда бўлган йилларда бир қанча юқори мартабали амалдорларга ҳайдовчилик қилган Оскар Центенонинг қайдномаларига асосланган.

Ҳайдовчи амалдор топшириғи билан ўзи ташиган қоп-қоп пулларнинг кимдан кимга ўтаётгани ва етказилган манзилларни дафтарларга ёзиб борган.

Дафтарлардаги маълумотларда қайд этилишича, жаноб Центено, камида, $56 миллион миқдордаги маблағни кўрсатилган манзилларга етказган.

Мамлакат прокуратураси, умумий ҳисобда, $160 миллионга яқин пул йирик тадбиркорлардан амалдорларга пора сифатида берилганини аниқлаган.

Киршнер хоним бундай айбловларни қатъиян рад этган ва шу йилнинг октябрь ойида ўтиши белгиланган президентлик сайловидан сўнг вице-президент курсисини эгаллашга ҳаракат қилишини маълум қилган.

Украина Бош вазири истеъфо беришини эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA/TASS

Кеча, 20 май куни президентлик лавозимига киришган Владимир Зеленскийнинг ҳукуматдан истеъфо беришни талаб қилиши ортидан Бош вазир Владимир Гройсман лавозимидан кетиш ҳақида қарор олганини маълум қилган.

Жаноб Гройсман чоршанба куни истеъфо тўғрисида ариза бермоқчи эканини билдирган.

Украина қонунларига кўра, Бош вазирнинг истеъфога чиқиши бутун ҳукуматнинг тарқатилишига олиб келади.

Бундан ташқари янги президент Владимир Зеленский ўзининг илк фармони Украина парламенти - Олий Радани тарқатиб юбориш тўғрисида бўлишини маълум қилган ва муддатидан аввал парламент сайлови ўтказилишини билдирган.

Би-би-си Украин Хизмати манбалари Олий Радани тарқатиш тўғрисидаги президент фармони бугун - 21 май куни эълон қилиниши борасида маълумот етказган. Бундай ҳолатда, навбатдаги парламент сайлови 14 июль куни бўлиб ўтади.

Жаноб Зеленскийнинг таъкидлашича, парламентга фақат кейинги сайловда ғолиб чиқишни ўйлайдиган шахслар эмас, балки келажак авлод тақдири йўлида жон куйдирадиган фидойилар зарур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ