Ажиб Дунё: Қизимнинг отасини ҳеч учратмадим

Shira and Liat Фото муаллифлик ҳуқуқи Liat Malka
Image caption Шиар ва Лиат

Лиат Малка доим фарзанд кўришни истаган, аммо ўзига умр йўлдош бўлишга мос эркакни учрата олмаган эди. Шундан сўнг у бир йигитнинг сўнгги истагини адо этиб, ҳомиладор бўлишга қарор қилган.

2013 йилда Лиат Малка Исроил жанубида яшаётган 35 яшар болалар боғчаси тарбиячиси эди.

Бу вақтда у она бўлишга вақти камайиб бораётганидан ташвишда тушиб қолганди.

Олимлар: Асаларилар математик масалаларни еча олади

Илм-фан: Инсон 18 ёшда вояга етмайди

Ўзбекистон аҳолиси эрта қаримоқда. Қўшнилар ҳам.

Сўнг у ҳомиладор бўлиш имкониятларини билиш мақсадида шифокорга учрайди.

Шифокор агар ўзига муносиб эркакни кутиб ўтираверса, ҳеч қачон она бўла олмаслигидан огоҳлантиради.

Шундан кейин Лиат қандай йўл билан бўлмасин, имкон қадар тезроқ бола кўришга ошиқади.

Касалхонадан уйга қайтиши билан у интернетга шўнғиб, ҳомиладор бўлишнинг турли усулларини кўриб чиқа бошлайди.

"Боламнинг ўз отасини танишини истаганим туфайли сперма донори хизматидан фойдаланиш менга тўғри келмас эди," дейди у.

Бироз вақт ўтиб, Лиат YouTube'да 2009 йили суратга олинган бир жуфтликнинг интервьюсига кўзи тушади.

Интервьюда ўзини Влад ва Жулия Познианский дея атаган жуфтлик марҳум ўғлидан қолган спермадан фойдаланиб, набира кўришга рухсат олиш учун судма-суд югуриб юргани, оналикка мос аёл топиб ҳам қўйгани тўғрисида сўзлар эди.

Бу ишга қизиқиб қолган Лиат Познианскийларнинг адвокати билан боғланади.

Адвокат билан суҳбат давомида Лиат орадан тўрт йил ўтган бўлса ҳам, Влад ва Жулия ҳали набира кўришга муваффақ бўлмагани, уларга бола туғиб беришга розилик билдирган аёл бу ишдан бош тортганидан хабар топади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Julia Pozniansky
Image caption Баруч Познианский

Лиат Познианскийлар билан учрашув белгилайди. Эр-хотин учрашувга севимли ўғли Баручдан ёдгорлик қолган суратларини кўтариб келади.

Хайфа шаҳридаги университетда ўқиётган 23 яшар Баруч оғзида пайдо бўлган ғалати ярани пайқаб қолган, кейинроқ, бу саратон экани аниқланган эди.

Кимётерапия сперма ишлаб чиқариш фаолиятини секинлаштириши ёки буткул тўхтатиб қўйиши мумкинлиги туфайли шифокорлар, ҳар эҳтимолга қарши, унинг уруғидан сақлаш учун олиб қўйган эди.

Ўлими олдидан Баруч ота-онасига муносиб аёл топиш ва спермасидан фойдаланиб, набира кўришни васият қилади.

Баруч 2008 йили 25 ёшида уйланмасдан ва ортидан фарзанд қолдирмасдан вафот этади.

Жигарбандининг вафотидан ҳеч қандай вақт ўтмай, Жулия унинг сўнгги истагини адо этишга киришади.

Бу ишда жуфтликка адвокат Ирит Розенблум ёрдам бера бошлайди.

Баруч ўлимидан олдин шундай васият қолдирган дунёдаги биринчи одам бўлганидан ушбу масала Исроилда қонуний чигалликка сабаб бўлади.

Жулиянинг вазифаси нафақат муносиб аёл топиш, балки спермадан фойдаланиш учун суд ижозатини қўлга киритиш ҳам эди.

Адвокат Розенблумнинг кўмаги билан Влад ва Жулия асли россиялик бир аёл билан келишишга муваффақ бўладилар. Бироқ энди суд ижозати олинган вақтда, аёл ўзига янги йигит топиб, келишувни бекор қилади.

Жулиянинг сўзларига кўра, бошқа бир ёш аёл жуфтликка набира туғиб беришга рози бўлади. Суд ҳужжатларида ҳам биринчи аёл ўрнига унинг номи қайд этилади. Ҳаммаси кўнгилдагидек ўтаётган бир пайтда, аёл ҳомиладор бўлишда муаммоларга дуч келади.

"Баручдан қолган сперманинг кўп қисми беҳуда сарфланди," сўзлайди Жулия.

Жулия набираси тимсолида ўғли Баручни қайта кўришни умид қилганча, тинмай ҳаракат қилади, лекин бирор фойда чиқмайди.

Фарзандининг сўнгги хоҳишини амалга ошира олмаслигига кўзи етган Жулия 55 ёшга кирганида, турмуш ўртоғи Влад билан келишиб, сунъий уруғлантириш орқали ўзи ўғил кўради.

Жулия Лиат билан 2013 йилнинг бошида ўтган илк учрашувини ҳануз яхши эслайди.

"У қорасоч, гўзал аёл эди. Бошиданоқ уни ёқтириб қолган эдим," хотирлайди Жулия.

Жулия Баручнинг ўзи билан олиб келган суратларини Лиатга кўрсатади. Ғайритабиий равишда, Баруч Лиатнинг кўзига иссиқ кўринади.

«Шунчаки суратларга тикилиб, бу инсонни олдиндан танигандек ҳис қилдим ўзимни,» сўзлайди Лиат.

«Ҳар бир суратда у отаси ва онасини қучиб турар эди. Унинг кўзларида муҳаббат ва бахтни кўрдим. Унинг яхши инсон бўлганига бирор шубҳам йўқ эди.»

Жулия Лиатга Баручнинг қандай ажойиб, ақлли йигит бўлгани, қўли ширин пазандалиги ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Шу пайт Лиат ўзи ҳеч қачон учрашмаган ва беш йил муқаддам вафот этган йигитнинг бўлажак фарзанди отаси бўлишини истаб қолади.

Келишувлардан сўнг Лиат, Влад ва Жулия шартнома имзолайдилар ва спермадан фойдаланиш ҳуқуқи тўлиқ Лиатга ўтади.

Шунингдек, шартномаларда Влад ва Жулиянинг туғилажак гўдакни вақти-вақти билан кўриб туриш ҳуқуқи ҳам белгилаб қўйилади.

Расмиятчилик жараёни тугаши билан Лиат ҳомиладор бўлишнинг илк босқичига киришади.

Бироқ биринчи уруғлантириш жараёни муваффақиятсиз ўтади.

Шифокорлар Лиатда атиги бир дона тухум борлигини аниқлайдилар. Бу ҳомила шаклланиши учун етарли эмас эди.

Тухумдонлар фаолиятини кучайтириш йўлида қўлланган муолажа ҳам иш бермайди - иккинчи уринишда ҳам тухум биттадан кўпаймайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Julia Pozniansky
Image caption Жулия, Влад ва Баруч Германияда

Шунда шифокорлар таваккалга қўл уриб, атиги бир тухумни уруғлантирадилар.

Бу сафарги уриниш жуфтлик ва Лиат учун яхши янгилик билан тугайди.

Уруғланган тухум Лиатнинг бачадонига жойлаштирилади. Бир ҳафта давомида вақтини дам олиш билан ўтказган аёл касалхонага бориб, ҳомиладорлик тестини топширади.

"Шифокорлар кутилмаганда, 'Ҳа, ҳомиладор бўлибсиз!ʼ дея қичқириб юборишди," эслайди Лиат.

Умрида фарзанд кўрмаган Лиат ҳомиладорлик жараёни қандай кечишини билмас, бу жараённи эсон-омон ўтказиб олишдан ташвишга тушган эди.

Бироқ муаммолар фақат бу билан тугамаганди. Лиат асли марокашлик бўлган ўз оиласи ва илдизи Россияга бориб тақалувчи Влад ҳамда Жулиянинг ўзаро тил топишиб кетиши заруриятини ўйлаб ҳам, сиқилар эди.

«Икки оила маданий жиҳатдан бир-биридан жуда фарқ қилади,» дейди Лиат.

Камига Лиат бир жуфтликнинг вафот этган ўғлидан ҳомиладор бўлганини синглисидан бошқа ҳеч бир яқини, ҳатто, онасига айтмаган эди.

«Одамлар, айниқса, онамнинг насиҳат ёмғири остида қолиб кетишни истамадим. Шунинг учун ҳаммасини сир тутдим,» дейди Лиат.

Бу вақтда Лиат Жулия ва Влад билан бундан кейин ҳам алоқани узмаслиги лозимлиги, улар билан қандай яқин муносабат ўрнатиш мумкинлигини ўйлаб, қийналади.

Ўз навбатида, Жулия ҳам ҳомиладорликнинг ҳар бир босқичида Лиатга яқин бўлишни истайди, аммо аёлнинг масофа сақлаш борасидаги истакларини инобатга олишга мажбур бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Liat Malka
Image caption Лиат Ширага кўзи ёригандан сўнг

Ниҳоят, отасининг ўлимидан етти йил ўтиб - 2015 йил 1 декабрь куни узоқ кутилган кичкинтой дунёга келади.

Лиат Влад ва Жулияга қиз набирали бўлганликларини хабар қилишга ошиқади.

Бахтдан масрур жуфтлик ва Лиат биргаликда қизалоққа Шира исмини берадилар.

Жулия илк учрашувга олиб келган Баручнинг суратлари, бугун, Лиат ва Шира яшайдиган уйда турибди. Она ва қизалоқ, тез-тез, бу суратларни бирга томоша қиладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Julia Pozniansky
Image caption Шира ва Жулия

Лиат Ширанинг мовий кўзлари отасиникига тортганини айтади.

"Бир куни қизим мендан 'Балки дадам тез орада эшикни тақиллатиб, келиб қолар?ʼ деб сўради. Мен унга йўқ, деб жавоб беришга мажбур бўлдим," хўрсинади Лиат.

Шира ҳозир уч ёшга тўлган. Лиат унинг отасиз ўсишидан ташвишлана бошлаганини билдиради.

«Шира отаси йўқлигини яхши билади, аммо унга ҳамма меҳр берган, ҳеч ўксимайди,» сўзлайди Лиат.

Ўғлининг сўнгги истагини адо этган Жулия эса бу ишга қўл урганидан ҳеч пушаймон бўлмаслиги ва агар тирик бўлганда, Баруч ҳам қизини жондан ортиқ кўрган бўлишига ишонишини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Liat Malka
Image caption Шира 2018 йил декабрида.

Жулия илк учрашувга олиб келган Баручнинг суратлари, бугун, Лиат ва Шира яшайдиган уйда турибди. Она ва қизалоқ, тез-тез, бу суратларни бирга томоша қиладилар.

Лиат Ширанинг мовий кўзлари отасиникига тортганини айтади.

"Бир куни қизим мендан 'Балки дадам тез орада эшикни тақиллатиб, келиб қолар?ʼ деб сўради. Мен унга йўқ, деб жавоб беришга мажбур бўлдим," хўрсинади Лиат.

Шира ҳозир уч ёшга тўлган. Лиат унинг отасиз ўсишидан ташвишлана бошлаганини билдиради.

«Шира отаси йўқлигини яхши билади, аммо унга ҳамма меҳр берган, ҳеч ўксимайди,» сўзлайди Лиат.

Ўғлининг сўнгги истагини адо этган Жулия эса бу ишга қўл урганидан ҳеч пушаймон бўлмаслиги ва агар тирик бўлганда, Баруч ҳам қизини жондан ортиқ кўрган бўлишига ишонишини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek