Дунё ва Ўзбекистон: «Онасиз қишлоқ»да ўсаётган болалар

Ely Susiawati with a photo of her mother
Image caption Эли Суциавати онасининг сурати билан

Индонезия шарқида Ўзбекистонда ҳам урф бўлаётгани каби ёш оналарнинг деярли бари хорижга иш излаб кетган ҳудудлар талайгина. Индонезияликлар бундай жойларни «онасиз қишлоқлар» деб атайдилар. Би-би-си мухбири Ребекка Ҳенчке волидасиз ўсаётган болалар билан суҳбатда бўлди.

Онаси хорижга кетганда, Эли Суциавати атиги 11 ёшда эди. Қиз бувисининг қўлида тарбия топган.

Элининг ота-онаси ажрашиб кетгандан сўнг ёш онаси, Марша, Саудия Арабистонига йўл олиб, уй хизматчиси сифатида ишлай бошлайди.

Элини илк бор учратганимда у мактабни битираётган эди. У менга онасиз катта бўлиш азоблари, унинг қайтишини қанчалик истаётгани тўғрисида сўзлаб берганди.

Элининг Шарқий Ломбок туманида жойлашган Ванасаба қишлоғи аҳлида ёш оналар четга ишлашга бориши шарт қабилида қараш шаклланган.

Қишлоқ эркакларнинг асосий қисми деҳқончилик ёки мардикорлик қилади. Бироқ улар ишлайдиган пул аёлларнинг уй хизматчиси ёки энага ўлароқ топадиган маблағидан анча камдир.

Оналар хорижга кетгандан сўнг оиланинг бошқа аъзолари ва эрлар бола тарбияси билан шуғуллана бошлайди.

Бундай муҳитдан энг кўп қийналувчилар - болалар.

Кариматул Адибиянинг онаси тўққиз ёшида чет элга кетган. Қиз, ҳатто, онаси ёнида ўтган кунларини яхши эслолмайди ҳам.

Фақатгина бошланғич мактабни битиргандан сўнг у онаси билан қайта кўришган. Бунга қадар холаси уни она сифатида тарбиялаган.

Аммо Кариматул унга қучоқ очиб келаётган аёл ўзининг ҳақиқий онаси эканини қабул қила олмаган.

«Онам тинмай йиғларди. У холамдан қизим нега мени танимаяпти, деб қайта-қайта сўрар эди.»

Кариматулнинг холаси «Менда сенинг ҳеч қандай расминг қолмаган, қизинг фақат исмингни эшитган, холос,» дея жавоб қайтарган.

Кариматул бир вақтнинг ўзида ҳам онасини қайта кўрганидан беҳад шод бўлгани, ҳам уни болалигида ташлаб кетганидан ғазабга мингани ҳақида сўзлайди.

Ҳозирда, 13 ёшга кирган Кариматул яна ортга қайтиб кетган онаси билан ҳар тун видеоқўнғироқ орқали суҳбатлашади.

Лекин у ҳамон онасига кўника олмаганини тан олади.

«Онам ҳар сафар таътил вақти уйга қайтганда, мен барибир холамнинг ёнида бўлишни афзал биламан,» дейди у.

Image caption Кариматул холаси Баиқ билан

Унинг холаси Байқ Нуржона қариндошларининг яна тўққиз фарзандини вояга етказмоқда. Улардан фақат биттаси ўзининг асл боласи.

«Болалар мени катта она, деб атайдилар,» кулади у.

Ёши 50 дан ошган «катта она» ҳар гапида Аллоҳга ҳамд айтишдан чарчамайди.

«Уларнинг ҳаммасини тенг кўраман. Улар гўё ака-сингиллар каби яқин бўлиб қолган, алҳамдулиллоҳ,» дейди у.

Индонезиянинг бу қисмида яшовчи аёллар 1980 йилларда иш излаб, хорижга чиқиб кета бошлаган.

Уларнинг аксарияти хорижда ноқонуний ишлагани туфайли, кўп ҳолларда, ноинсоний муносабат билан юзлашади: калтакланади, ишлаган пулидан мосуво этилади ёки уйга тобутда қайтади.

Баъзида аёллар ватанга бола орттириб ҳам келади.

Маҳаллий аҳоли бундай болалаларни anak oleh-oleh - эсдалик болалар, деб атайди.

Оталари турли ирққа мансуб «эсдалик болалар» қишлоқларда ҳамманинг эътиборини ўзига жалб этади.

18 яшар Фотиманинг отаси араб.

«Одамлар менга ҳайрон бўлиб қарайдилар. Рост, мен бошқаларга ўхшамайман. Араб қони бўлганидан чиройлисан, дейишади улар. Бундай гаплардан хурсанд бўламан,» ҳикоя қилади Фотима жилмайганча.

Бироқ инсон ҳуқуқлари фаоллари «эсдалик болалар»нинг, кўпинча, жамият ва тенгдошлари томонидан таҳқирланишини таъкидлайди.

Фотима саудия арабистонилик отасини ҳеч қачон кўрмаган бўлсада, у Индонезияга пул жўнатиб турган. Бир қанча вақт муқаддам у вафот этган ва Фотима билан онасининг ҳаётида қийинчиликлар бошланган. Шундан сўнг онаси яна Саудия Арабистонига кетишга мажбур бўлган.

«Агар онам яна кетмаганда, укам билан яшаш учун етарли пулни сира топа олмас эдик,» йиғлаб юборади Фотима.

Бу ҳудуд қишлоқларидаги иккита боладан, камида, бирининг ота-онаси чет элда ишлайди.

Маҳаллий аёллар ва муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи гуруҳлардан бири болалар учун мактабдан сўнг кўмак клубини ташкил қилган.

Икки ўғли ҳали чақалоқлигида Саудия Арабистонига кетишга мажбур бўлган Суприҳати клуб учун ўз уйидан жой берган.

«Тақдиримга ёзилган қийинчиликларни бошдан ўтказдим, лекин ҳаммаси яхшилик билан тугади,» сўзлайди Суприҳати.

Image caption Суприҳати

У хорижда ўғилларини ўқитиш учун етарлича пул топишга муваффақ бўлган. Ҳозир Суприҳати болалари таъминлаб берган тўкис ҳаётда умргузаронлик қилмоқда.

Бироқ болаларнинг ота-онасиз қандай қийналишини яхши тушунган аёл ўз уйида уларга қўлидан келганча ёрдам беришга уринмоқда.

«Она ва қариндошлар қарамоғида ўсишнинг жуда катта фарқи бор. Бу она муҳаббатининг мутлақо ўзгача кўриниши. Аксар ҳолларда, болалар одамови бўлиб қолиб, ўзига нисбатан ишончини йўқотиб қўяди.»

«Биз болаларнинг дарс тайёрлашига кўмаклашамиз, уларнинг нимани истаётганини билишга ҳаракат қиламиз,» давом этади Суприҳати.

Юли Африана Сафитри ҳам шу клубга қатнайдиган болалардан бири. Бугун у беш ука-синглисига кечки овқат тайёрлаб берганидан дарсларга кеч қолди.

Image caption Юли Африана Сафитри

Бувиси оламдан ўтгандан сўнг кичкинтойларга ғамхўрлик қилиш ёш Юлининг гарданига тушган. Уйда, асосан, у, баъзан, отаси овқат пиширади.

Онаси хорижга кетганда Юлининг энг кичик синглиси атиги бир ёшда бўлган. Она маълум вақт уйга пул юбориб турган, аммо, кейинроқ, у билан алоқа буткул узилган.

Ванасаба қишлоғидаги бошқа болалардан фарқли ўлароқ Юли онасиз қийналмаслигини таъкидлайди.

«Одамлар бизга ачинишини кўрсам, роса жаҳлим чиқади. Ўзим укаларимга бемалол қарай оляпман. Ҳеч кимни соғинаётганимиз йўқ,» дейди у менга.

«Укаларим онамизни умуман эслай олмайди, ҳеч қачон уни соғиниб, йиғламайди. Шукр, дадамиз ёнимизда. У овқат пиширади, идиш-товоқларни ювади. Агар банд бўлмаса, кечаси дарсларимизга қарашади.»

Юлининг орзуси - мактабни аъло баҳоларга битириш ва Индонезия денгиз кучларида хизмат қилиш.

Индонезиялик меҳнат муҳожирларининг учдан икки қисмини аёллар ташкил қилади.

Улар юборадиган пул ёш авлод орзуларининг рўёбга чиқишидаги асосий манба ҳисобланади.

Эли Суциавати онасини тўққиз йил мобайнида кўрмаган бўлса ҳам, у юборган пуллар ёрдамида оилада биринчи бўлиб, университетга ўқишга кира олган.

У ҳудуд марказидаги университетда исломий молия сирларини ўрганмоқда. Эли фарзандининг келажаги учун онаси ўз ҳаётини қурбон қилганини яхши англашини айтади.

Image caption Эли

«Агар у пул топишга кетмаганда, мен ҳозирга ҳаётга эриша олмаган бўлардим. Мен доим онам билан фахрланаман. У ажойиб аёл! Онамдан кучлироқ аёл йўқ!»

Она-бола мессенжерлар орқали доимий мулоқот қилиб боради.

«Мен ҳар сафар кўчага чиқишдан олдин онамдан рухсат сўрайман. Кўриша олмасак ҳам, мунтазам суҳбатлашамиз. Онам ҳаётимда юз бераётган ҳар бир воқеадан хабардор,» дейди Эли.

Шаҳар жоме масжиди айвони остида Эли мени онаси билан гаплаштириб қўяди.

Марша Саудия Арабистонида ҳаммаси жойида экани ҳақида сўзлайди. У хизмат қилаётган уй соҳиблари жуда меҳрибон ва маошни вақтида тўлайдиган инсонлар экан.

«Оиламиз кўп оғир кунларни бошдан ўтказди. Қийинчиликлардан чиқиб олиш учун тер тўкишимизга тўғри келди,» тушунтиради Марша.

«Албатта, Элини жуда соғинаман, лекин ҳаёт бизни айро яшашга мажбур қилмоқда. Унинг тиним билмай ўқиётганидан бошим осмонда.»

Марша қизи олийгоҳни тамомлаганидан сўнг уйга қайтишини билдиради.

Бу унинг яна уч йил хорижда қолишини англатади.

«Қизингиз сизни ажойиб аёл, деб атади,» Элининг сўзларини етказаман унга.

«О, буни эшитганимдан жуда хурсандман,» кулади у. Назаримда, бу вақт унинг кўзларидан ёш оқаётгандек туйилади менга.

Гўшакни қўйганимиздан кейин Эли ўзининг ҳаёт йўли онасиникига ўхшаш бўлмаслигини таъкидлайди.

«Таълим олиш имконияти бўлмаганидан ота-оналаримиз бизни ёлғиз ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Агар мен ҳам хорижга кетишга мажбур бўлсам, хизматкорлик қилмайман. У ерга бораман ва бизнес билан шуғулланаман!»

Суратлар муаллифи: Бангун Вираван

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek