Уруш ва тинчлик: Гитлер Германиясида қора танлиларга муносабат қандай бўлган?

A slide used on lectures on genetics at the State Academy for Race and Health in Dresden, Germany, 1936. Original caption: "Mulatte child of a German woman and a Negro of the French Rhineland garrison troops, among her German classmates Фото муаллифлик ҳуқуқи Library of Congress
Presentational white space

Режиссёр Амма Асанте Нацистлар ҳукмронлиги даврида Германияда олинган қора танли қизчанинг суратига тасодифан дуч келиб қолган.

Оқ танли синфдошлари орасида суратга тушган қизалоқ ҳамма фотокамерага қараган вақтда, бошқа томон тикилиб турар эди.

Бу қиз ким ўзи ва у Германияда нима қилаётган эди, деган саволлар юзага келтирган қизиқувчанлик ортидан режиссёр Where Hands Touch (Қўллар теккан жой) фильмини ишлаган.

Ушбу фильмнинг тўқима сюжети қора танли ўсмир қизнинг Гитлерюгенд (Ёш гитлерчилар уюшмаси) аъзоси билан яширин муносабати тўғрисида ҳикоя қилсада, картинанинг ўзи тарихий далилларга асосланган.

1933 йилдан 1945 йилга қадар давом этган Нацистлар даврида Германияда минглаб қора танли инсонлар яшаган.

Улар яҳудийлар каби махсус кийим ва белгилар билан жамиятдан ажратиб қўйилмаган, аммо қора танлиларнинг оқ одамлар билан муносабат ўрнатиши, таълим олиши ва айрим лавозимларда ишлашига тақиқ қўйилган.

Баъзи қора танлилар стерилизация қилинган ва меҳнат жамлоқларига ташланган.

'Ишончсизлик ва камситишʼ

Асанте хоним ўз фильмини яратиш йўлида Нацистлар Германиясидаги қора танли инсонлар аҳволини ўрганишга 12 йил умрини сарфлаган.n.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Spirit Entertainment

Унинг сўзларига кўра, Гитлер Германиясида бундай инсонларга нисбатан ишончсизлик кайфияти юқори бўлган ва улар, кўпинча, камситилган ҳам. Оқибатда, қора танлилар оғир кунларни бошдан кечиришга мажбур бўлганлар.

Мамлакатдаги африкаликлар жамоати қисқа умр кўрган Германия Империяси даврида турли мустамлакалардан - бугунги кундаги Камерун, Того, Танзания, Руанда, Бурунди ва Намибия - денгизчилар, талабалар ва санъаткорлар сифатида келиб қолган.

Асанте хоним уларнинг Германияда ўтган ҳаёти деярли ўрганилмаган, дея таъкидлайди.

Тарихчи Робби Айткеннинг сўзлашича, Биринчи Жаҳон Уруши юзага келиши ортидан ушбу жамоат аъзолари Германияда ўтроқлаша бошлаган. Ҳаттоки, уларнинг бир қисми Германия Империяси учун фронтларда жанг қилган ҳам.

Аммо қора танлиларнинг мавжудияти қудрати ортиб бораётган нацистларнинг ирқлараро омихталашиш борасидаги хавотирининг янада урчишига туртки берган.

Биринчи Жаҳон Уруши адоғида Германия имзолаган битимга биноан французлар Германия ғарбидаги Рейнланд ҳудудини босиб олган.

Франция бу ҳудудни назорат этиш учун ўзининг, асосан, Шимолий ва Ғарбий Африкадаги мустамлакаларидан келтирилган, камида, 20 минг қора танли аскарлар хизматидан фойдаланган. Уларнинг айримлари немис аёллари билан турмуш ҳам қурган.

Ирқчи карикатуралар

1920 йилларда қора танли оталардан дунёга келган 600-800 нафар болани «Рейнланд ҳаромилари» дея аташ урфга кирган эди.

Ирқларнинг аралашиб кетишидан ташвишланган шахслар бу атамани тез-тез қўллар эди. Ўша вақтларда, кўзи шаҳватга тўлган, дея тасвирланган африкалик аскарлар тўғрисида турли бидъатлар тўқилган, ирқчи карикатуралар тарқалган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Robbie Aitken
Image caption 1920 йилларда қора танли оталардан дунёга келган 600-800 нафар болани «Рейнланд ҳаромилари» дея аташ урфга кирган эди.

Антисемитизм нацизм мафкурасининг марказий қарашларидан бирига айланган бўлсада, Адолф Гитлернинг 1925 йилда чоп этилган Mein Kampf (Менинг курашим) асарида нацистлар етакчиси яҳудийлар ва қора танлиларни бир қолипга солганини кўриш мумкин.

"Негрларни ҳаромилар билан тўлдириш орқали оқ ирқни йўқ қилиш йўлидаги махфий режа ва аниқ мақсад ила Рейнландга олиб келган ҳам, олиб келаётган ҳам яҳудийлар бўлади," деб ёзади Гитлер.

Ҳокимиятни эгаллагандан сўнг нацистлар қадамба-қадам яҳудийлар, шунингдек, лўлилар, ногиронлар ва славянларни оммавий қира бошлайди.

Жаноб Айткен мақсадли бўлмасада, Германиядаги қора танлилар ҳам нацистлар томонидан кенг нишонга олинганини айтади.

'Ўзимни фақат ярим-одам ҳис қилгандимʼ

Яҳудийлар ва немислар ўртасидаги никоҳ муносабатларини тақиқлаган 1935 йилга оид Нюрнберг қонунларида қора танлилар ва лўлилар яҳудийлар билан бир синфга киритилади.

Бироқ нацистларнинг ирқлар аралашиб кетиши юзасидан қўрқуви шу билан тугамайди. 1937 йилда аралаш ирққа мансуб Рейнланддаги болалар ҳам мажбурий стерилизацияга йўлиқади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Отаси жазоирлик аскар, онаси оқ танли немис аёли бўлган Ҳанс Ҳаук мажбуран бичилган, камида, 385 инсоннинг бири эди.

1997 йилда ишланган "Гитлернинг унутилган қурбонлари" ҳужжатли фильмида у қандай қилиб бичилиш операциясини бошдан ўтказгани тўғрисида сўзлаб берган.

Жаноб Ҳаукнинг ҳикоя қилишича, жарроҳлик амалиётидан сўнг унга ишлашга ижозат берувчи стерилизация сертификати тақдим этилган ва у уйланмаслик ёки «немис қонли» аёллар билан секс қилмаслик тўғрисидаги келишувни имзолашга мажбурланган.

"Бу жуда таҳқирона талаб эди. Ўзимни фақат ярим-одам ҳис қилгандим," деган у фильм ижодкорларига.

Ушбу фильмда кўриниш берган бошқа бир қурбон - Томас Ҳолзҳаузер шундай деган: «Баъзида, фарзанд кўрмаганимдан хурсанд бўламан. Жилла қурса, улар мен яшашга мажбур иснод нималигини билмайдилар.»

Жаноб Айткен нацистлар меҳнат жамлоқлари ва стерилизация амалиётлари тўғрисидаги кўплаб ҳужжатларни йўқ қилиб юборганидан бундай ноинсоний ҳолатларнинг аксарияти ўтмишнинг сассиз қаърига ғарқ бўлганини таъкидлайди.

Асанте хоним эса қора танли немисларнинг кўпчилиги ўзининг аслида ким эканини англолмай, қийналиб ўтгани ҳақида сўзлайди.

«Уларнинг онаси немис эди ва улар ўзларини немис сифатида кўрар эди. Бироқ, бир вақтнинг ўзида, улар жамиятдан ажратиб қўйилган эди.»

Таҳқир усуллар бир-биридан фарқ қилган эсада, Германиядаги барча қора танли инсонлар нацистлар таъқибига учраган эди.

Германия Империяси даврида Намибиядаги Гереро ва Нама қабилаларини йўқ қилишга уриниш африкаликлар тўғрисида салбий қарашни уйғотиб бўлган эди.

Гитлер ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг улар оммавий таҳқирланади, ишлаш ва таълим олиш ҳуқуқидан мосуво этилади ва, пировардида, давлатсиз инсонларга айланади.

Африкалик немислар орасида Гитлер тузумига қарши бош кўтарган инсонлар ҳам учраб турган. Масалан, аралаш ирққа мансуб Ҳиларус Гилжес коммунист ва аксил-нацист тарғиботчи эди. У 1933 йилда ўғирлаб кетилади ва ўлдирилади.

Иккинчи Жаҳон Уруши бошлангандан кейин қора танлиларнинг аҳволи янада оғирлашади.

Шарпага айланишга уриниб...

1925 йили Берлинда дунёга келган Теодор Воня Майклнинг отаси камерунлик, онаси немис аёли эди.

У 2017 йилда Deutsche Welle нашрига «инсоний ҳайвонот боғлар» аталмиш томошаларда иштирок этгани борасида сўзлаб берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи US Holocaust Memorial Museum

«Бундай томошаларда кенг кўйлак кийган африкаликлар дўмбиралар садоси остида қўшиқ куйлаб ва рақсга тушиб, томошабинларга ўз тарихий ватанидаги аҳволни кўрсатишга уринар эди,» деган у.

Нацистлар ҳокимиятга келган вақтлар ўсмир бўлган жаноб Майкл имкон қадар кўзга ташланмасликка урина бошлайди.

«Албатта, тана рангим билан одамлар орасида бутунлай яширина олмас эдим, аммо шунга ҳаракат қилгандим.»

«Ҳар қандай оқ танли аёл билан гаплашмасликка тиришардим. Йўқса, мени бичишлари ва ирқни булғашда айблашлари мумкин эди.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Spirit Entertainment
Image caption Асанте хоним ўзи ишлаган фильмда ана шундай мунгли ҳикояларни кенгроқ ёритишга уринган.

Холокост муаллифларидан бири бўлмиш Гейнрих Гимлер 1942 йилда Германияда яшаётган қора танли одамларни рўйхатга олишга кўрсатма беради. Бу оммавий қирғиннинг биринчи босқичи аломати эди, лекин бундай режа ҳеч қачон амалга ошмайди.

Шундай бўлсада, камида, йигирмадан зиёд қора танли германияликларнинг меҳнат жамлоқларига ташланганига далиллар мавжуд.

Асанте хоним ўзи ишлаган фильмда ана шундай мунгли ҳикояларни кенгроқ ёритишга уринган.

Асли ганалик бўлган Асанте хоним африкалик инсонларнинг Европа тарихида тутган ўрни, кўпинча, эътиборсиз қолдирилишини таъкидлайди.

"Менимча, қора танлилар бошдан кечирган кўплаб кўргиликлар, ҳозирда, одамлар назаридан четда қолиб кетмоқда."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek