Дунё, янгиликлар: Афсонавий Путин ва ҳокимиятдан ҳайдалган Курц

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tass
Image caption Волков апрель ойида Twitter'даги саҳифасида «Путин - афсона ***» деб ёзган

Алексей Навальнийнинг сафдоши ҳокимиятни ҳақорат қилишда айбланди

Россиялик таниқли мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг яқин сафдоши, Коррупцияга Қарши Кураш Фонди (ФБК) лойиҳалари менежери Леонид Волковга нисбатан ҳокимиятга беҳурмат муносабатда бўлиш тўғрисида янги қабул қилинган қонун бўйича айблов илгари сурилган.

Айблов баённомаси тузилишига жаноб Волковнинг апрель ойида Twitter'даги ўз саҳифасида «Путин - афсонавий ***» деб ёзгани сабаб бўлган.

Россияда ҳокимиятга нисбатан беҳурмат муносабатда бўлиш тўғрисидаги қонун 29 март куни кучга кирган.

Қонунга кўра, жамият, давлат, давлат рамзлари, конституция ва ҳокимият органларига нисбатан ҳақоратомуз фикр билдирган шахслар жавобгарликка тортилиши мумкин.

Жазо тариқасида бундай шахсларга 30 минг рублдан 300 минг рублга қадар ($465-4,650) жарима қўллаш ва маъмурий ҳибсга олиш кўзда тутилган.

Новгород вилояти яшовчиси Юрий Картижев янги қонуннинг илк «қурбони»га айланган эди. У ҳам ижтимоий тармоқда «Путин - афсонавий ***» деб ёзгани учун апрель ойида 30 минг рубль жаримага тортилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Японияда эркак болаларга ҳужум қилди. Қурбонлар бор

Пойтахт Токионинг жанубида эркак мактаб ўқувчилари тушган автобусга қўлда пичоқ билан ҳужум қилган.

Оқибатда, камида, 18 одам жароҳатланган. Уларнинг икки нафари - 12 яшар қиз ва 39 ёшли эркак - ҳалок бўлган.

50 ёшлардан ўтган ҳужумчи эркак ўз бўйнига пичоқ ургани хабар қилинган. Эркак ҳам, кейинроқ, олган жароҳати туфайли касалхонада вафот этган.

Ҳозирча, эркак ҳужумни нима мақсадда амалга оширгани номаълумлигича қолмоқда.

NHK телеканали билан суҳбатлашган автобус ҳайдовчисининг сўзларига кўра, болалар автобусга чиқиш учун навбатда турган пайтда, эркак дуч келган одамга қўлида пичоқ билан ташлана бошлаган.

Сўнг у автобусга ҳам чиқиб, улов ичидаги баъзи болаларни пичоқлаган.

Ҳужумни амалга оширган кейин эркак ўз бўйнига, камида, тўрт марта пичоқ урган, дея хабар бермоқда маҳаллий матбуот.

Япония дунёда зўравон жиноятчилик даражаси энг паст мамлакатлардан бири саналади. Бироқ сўнгги йилларда Японияда пичоқ иштирокида бир неча ҳужумлар кузатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Австрия канцлери бир видео сабаб ҳокимиятдан кетди

Австрия парламенти депутатлари махсус мажлисда канцлер Себастиан Курцни вазифасидан озод этди.

Депутатлар билдирган ишончсизлик ортидан мамлакат президенти Александр Ван дер Беллен бугун эрталаб ҳукуматни тарқатиб юборишга мажбур бўлган.

Вице-канцлер Ҳартвиг Лўгер муваққат ҳукуматга бошчилик қилиши эълон қилинган.

Кузатувчилар Австрия сиёсий тарихида Иккинчи Жаҳон Урушидан бери бундай чигал вазият ҳеч юз бермаганини таъкидламоқда.

Ҳукуматнинг қулашига 17 май куни тарқалган махфий видео сабаб бўлган.

Ким томонидан тасвирга олингани номаълум қолаётган видеода Озодлик Партияси етакчиси ва собиқ вице-канцлер Ҳейнз-Кристиан Страч россиялик олигархнинг жияни экани иддао қилинган аёлга чексиз бизнес имкониятлар таклиф қилаётгани кўринади.

Жаноб Страч видео пайдо бўлганидан бир неча соат ўтиб, истеъфо беришга мажбур бўлган.

246 халта кокаин ютган эркак самолётда оламдан ўтди

Мексика пойтахти Мехико шаҳридан учоққа ўтирган япониялик эркак 246 халта кокаинни ичга ютиши ортидан парвоз вақти вафот этган.

Эркакнинг аҳволи оғирлашгандан сўнг Японияга учаётган самолёт Мексиканинг ўзида фавқулодда қўнишни амалга оширган.

Мексика расмийлари ёриб кўриш натижасида эркакнинг қорин қисмидан узунлиги 2,5 сантиметр, кенглиги 1 сантиметр бўлган халтачалар топилганини маълум қилган.

Мексика федерал ҳукумати тез орада воқеа юзасидан тергов ишлари бошланишини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Уч франциялик жангари гуруҳга қўшилишда айбдор деб топилдилар.

Эндиликда, AFP ахборот агентлиги Кевин Гонот (32 ёш), Леонард Лопез (32 ёш) ва Салим Машо (41 ёш), дея атаётган эркакларда суд ҳукми юзасидан аппеляция бериш учун 30 кун вақт бор.

Улар Сурияда қўлга олинган 12 нафар француз фуқаролари орасида бўлиб, февраль ойида суд қилиш мақсадида Ироққа олиб борилган эди.

Ушбу эркаклар ИШИДнинг илк бор ўлим жазосига маҳкум этилаётган франциялик аъзоларидир.

Франция Бағдод судининг якшанба кунги қарорига, ҳозирча, муносабат билдирмаган.

Бироқ февраль ойида президент Эммануэл Макрон журналистларга бу Ироқнинг ички иши эканини айтган эди.

Ўтган йиллар давомида ўнлаб мамлакатлардан 41 мингдан зиёд одам Сурия ва Ироққа бориб, "Исломий Давлат" сафларига қўшилганига ишонилади.

Хорижий жангариларнинг қарийб 6 мингтаси Ғарбий Европа давлатларидан бориб қўшилган.

Аниқ сони маълум бўлмасада, хорижий жиҳодчиларнинг катта қисми ўлдирилгани ёки асир олингани тахмин қилинади.

Тадқиқотчилар, камида, 7 минг хорижий жангари ўз ватанига қайтиб кетганига далиллар топган.

Бир қанча мамлакатларда жиҳодчиларнинг ортга қайтиши юзасидан жиддий хавотирлар юзага келган.

Европарламент сайловларида йирик сиёсий кучлар қудратдан айрилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Европа Парламентига сайловлар бўлиб ўтди.

Кеча якунланган сайловлар Европа Парламентидаги йирик сиёсий кучлар - марказ-ўнг ва марказ сўл блоклари - учун жиддий йўқотиш билан якунланган.

Европаликлар либераллар, Яшиллар ва миллатчиларни дастаклашни афзал билган.

Италия ва Францияда миллатчиларнинг қўли баланд келган.

Иттифоқнинг айрим аъзо давлатларида популистларнинг обрўси ошгани кузатилган.

Масалан, Буюк Британияда 12 апрелдагина тузилган Брексит Партияси йирик ғалабани қўлга киритган.

Либерал-демократлар иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Буюк Британиянинг икки етакчи партияси - Лейбористлар ва Консерваторлар - энг аламли мағлубият таъмини тотишга мажбур бўлган.

Европа Парламенти учун сайловлар иттифоқнинг барча 28 аъзо-давлати ҳудудида бўлиб ўтди. Ушбу сайловларда ўнгчи-популистлар мавқейи ошиши олдиндан башорат қилинган эди ва бу башорат қисман тўғри бўлиб чиқди.

Италия, Венгрия ва Полшада айнан ўнгчи-популистлар яхши натижаларни намоён қилган.

Шунга қарамай, янги парламентда кўпчилик ўринни барибир европапараст кучлар эгаллаган.

751 ўриндан иборат Европарламентга барча аъзо-давлатлардан депутатлар сайланади. Ушбу қонун чиқарувчи органнинг ваколатлари у қадар кенг бўлмасада, у Европа Иттифоқи сиёсий ҳаётидаги қатор муҳим масалаларни ҳал этади, жумладан, иттифоқ бюджетини маъқуллайди ва ижро ҳокимияти функциясини бажарувчи Еврокомиссия таркибини тасдиқлайди.

Денгиз ҳуқуқи бўйича Халқаро трибунал Украина фойдасига ҳукм чиқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган денгиз ҳуқуқи бўйича Халқаро трибунал 2018 йил 25 ноябрь куни Керч бўғозида Россия томонидан украиналик денгизчиларнинг ҳибсга олиниши масаласи юзасидан Украина фойдасига ҳукм ўқиган.

Қарорда суд Россияга Украинага тегишли икки ҳарбий кема, бир ёрдамчи кема ва 24 нафар денгизчини зудлик билан озод этиш талабини қўйган.

Бироқ Россия томони суд маҳкамаларида иштирок этмаган ва трибунал талабини бажаришни қатъиян рад этган.

Россия ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, денгиз сувларидан фойдаланиш бўйича Украина билан имзоланган битимлар мазкур ҳолат ортидан юзага келган икки томонлама жанжалга халқаро судлар аралашувини истисно этади.

Трибунал қарорига муносабат билдирган Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг суд ҳукмини бажариши Кремль Украина билан мавжуд ихтилофнинг тинч йўл билан ҳал этилишига тайёр эканидан дарак бериши мумкинлигини таъкидлаган.

Непал: Эверестдаги ўлимларга фақат "ур-тўполон" сабаб бўлмаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Project Possible

Бир неча кун аввал Эверест чўққисида юзага келган одамларнинг узун навбати сурати шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Ушбу сурат одам қадами етиши қийин, дея кўриладиган дунёнинг энг баланд чўққиси борасидаги тасаввурларни ўзгартириб юборган эди.

Бироқ сайёранинг энг баланд нуқтасига кўтарилиш ҳамма учун ҳам хурсандчилик билан тугайвермайди.

Баҳорги мавсумнинг ўзида Эверестда аллақачон 10 нафар ҳаваскор альпинист ҳалок бўлган.

Сурат тарқалиши ортидан аксарият ўлимларга узундан-узун навбатлар ва тартибсизликлар сабаб бўлаётгани тўғрисида тахминлар юзага келган.

Аммо Непал Туризм Агентлиги бош директори Данду Раж Гимирнинг сўзларига кўра, фақат чўққида юзага келаётган «ур-сур» бахтсиз ҳодисаларга олиб келмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ