Дунё, янгиликлар: Шимолий Корея нега ўз элчисини қатл этди ва трансгендерлар ортиқ касал ҳисобланмайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Linh Pham/Getty Images
Image caption Шимолий Кореянинг ядро масалалари бўйича АҚШга махсус элчиси Ким Ҳок Чхол ҳам қатл этилгани айтилмоқда

Шимолий Корея Трамп билан учрашув ташкил этган элчисини қатл этди

Жанубий Кореядаги Chosun Ilbo газетасининг ёзишига кўра, Шимолий Корея мамлакат раҳбари Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида Вьетнамда ўтган муваффақиятсиз музокаралар ортидан ушбу учрашувни ташкиллашга бош-қош бўлган амалдорларни жазолаган.

«Тозалов» доирасида Шимолий Кореянинг ядро масалалари бўйича АҚШга махсус элчиси Ким Ҳок Чхол ҳам қатл этилгани айтилмоқда.

Элчи Ким ташқи ишлар вазирлигининг яна тўрт амалдори билан биргаликда март ойида Пхеняндаги аэропорт ҳудудида ўлдирилган. Чосон Илбо уларга АҚШ фойдасига жосуслик қилиш айби қўйилгани ҳақида ёзган.

Февраль ойида Вьетнам пойтахти Ханойда ўтган музокараларда Шимолий Корея ва АҚШ раҳбарлари Корея яриморолини тўла ядросизлантириш масаласи бўйича муросага кела олмаган эди. Жанубий Корея газетасига асосланиб, хабар тарқатган Reuters агентлиги шимоллик амалдорларнинг қатл этилгани ёки жазога тортилганига оид маълумотларни мустақил тасдиқлата олмаган.

Трансгендерлик халқаро руҳий касалликлар рўйхатидан олиб ташланди

Халқаро Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Касалликларнинг халқаро таснифланишининг янги нашрини тасдиқлади. Унда трансгендерлик руҳий бузилиш эмас, балки «жинсий соғлиқ» билан боғлиқ масала ўлароқ кўрилади.

Касалликларнинг халқаро таснифланишининг сўнгги нашрида трансгендерлик инсоннинг жинсий ўзлиги ўзи туғилган жинсга мувофиқ эмаслиги билан изоҳланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PHILIPPE LOPEZ/Getty Images
Image caption Трансгендер аёл

Бундан аввалги нашрда эса трансгендерлик ўзликнинг бузилиши ўлароқ кўрилган ҳамда унга "руҳий ва хулқий бузилишлар" доирасида қаралган эди.

Human Rights Watch ташкилоти вакиллари ушбу янгиликнинг бутун дунё трансгендерларига озодлик олиб келишини айтиб, олқишлаган.

Филиппин минглаб тонна ахлатни Канадага қайтариб юборади

Канада ва Филиппин ўртасида ҳафталаб давом этган чиқинди жанжали ортидан минглаб тонна ахлат келган жойига қайтариб юбориладиган бўлди.

Гап шундаки, Филиппин ҳукумати Канадани қайта ишланувчи пластик, дея ёлғон ёрлиқ ёпиштирилган минглаб тонна маиший чиқиндини 2014 йилда пойтахт Манилага юборишда айблаган.

Канада ўз чиқиндиларини ортга қайтариб олишга рози бўлган. 69 контейнердан иборат илк «ахлат карвони» Шимолий Америка томон йўлга тушган.

Канада барча йўл ва ахлатни йўқ қилиш харажатларини ўз бўйнига олган.

Июнь ойининг охирига қадар яна 1,500 тоннага тенг чиқинди Канаданинг Ванкувер шаҳрига жўнатилиши хабар қилинмоқда.

Охирги вақтда, Ғарб давлатларидан ўз соҳилларига юборилган ахлатни қайтариб олишни талаб этаётган Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари сони ошиб бормоқда.

Уларнинг асосий даъвоси - Ғарб давлатлари қайта ишланувчи номи остида ҳар қандай ахлатни Осиёга жўнатмоқда.

Хитой «хорижий чиқинди» импортига тақиқ қўйиши ортидан ҳар йили Ғарбда ақл-бовар қилмас даражада ахлат йиғилиб қолиши маълум бўлган.

Оқибатда, ахлат уюмидан қандай қутилишни билмай қолган Ғарб давлатлари уларни «қайта ишланувчи чиқиндилар» сохта номи остида Осиёга юборишга мажбур бўлган, дейди кузатувчилар.

Дунёдаги энг кичик чақалоқ касалхонадан чиқарилди

Атиги 245 грамм вазн билан дунёга келган чақалоққа касалхонадан жавоб берилган.

2018 йилнинг декабрь ойида туғилган Сейби номли бу қизчанинг танаси, шифокорларнинг айтишича, илк кунларида бор-йўғи ўртача олма ҳажмига тенг бўлган.

Сейби эрта туғруқдан омон қолган дунёдаги энг кичик чақалоқ эканига ишонилмоқда.

У онаси ҳомиладорлигининг 23-ҳафтасида дунёга келган.

Туғилган пайти шифокорлар унинг ота-онасига қизчанинг атиги бир неча соат яшаши мумкинлигини таъкидлаган.

Бироқ дунёга келганига беш ойдан сал кўпроқ вақт ўтгандан сўнг Сейби 2.5 килограмм вазн тўплаган ва, ҳозирда, соғлом ва бақувват экани айтилмоқда.

Сейбига ғамхўрлик қилган ҳамшира унинг яшаб қолганини «мўъжиза» дея атаган.

Dunyo, Oʻzbekiston, yangiliklar: Suriyadan qaytarilgan oʻzbekistonliklar va Rossiyaning yadro sinovlari

Dunyo, yangiliklar: Yevropaning eng qimmat futbol klubi va sendvichga $420 ming sarflagan ozarbayjonlik “boy xotin”

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek