Илм-фан: Бевақт ўлимга олиб келувчи озиқ-овқатлар маълум қилинди

Kids eating icecream Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Товуқ гўштидан тайёрланган наггетлар, музқаймоқ ва нонуштада тановул қилинадиган ёрмалар каби ўта қайта ишланган озиқ-овқатлар саломатликка зиён келтириб, эрта ўлимга сабаб бўлади, демоқда олимлар.

Франция ва Испания олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот бундай озиқ-овқатларнинг зарар эканига яққол исбот ўлароқ эътироф этилмаган бўлсада, ўта қайта ишланган маҳсулотлар одамни ортиқча овқат истеъмол қилишга мажбурлаши айтилади.

Ўта қайта ишланган маҳсулотлар нима ўзи?

Ушбу тавсиф озиқ-овқат маҳсулотларининг қай даражада саноат ишловидан ўтганини кўрсатади.

«Қайта ишланмаган ёки кам даражада қайта ишланган маҳсулотлар»га қуйидагилар киради:

  • мевалар
  • сабзавотлар
  • сут
  • гўшт
  • дуккакли донлар
  • гуруч каби донлар
  • тухум

Аксар озиқ-овқат маҳсулотларига сақлаш муддатини узайтириш ва мазасини яхшилаш мақсадида, асосан, туз, ёғ, шакар билан ёки ферментлаш усули орқали ишлов берилади.

Уларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:

  • пишлоқ
  • колбаса маҳсулотлари
  • нон маҳсулотлари
  • консерваланган мева ва сабзавотлар
  • дудланган балиқ
  • пиво

Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Сақловчи, ширинлаштирувчи ва ранг берувчи моддалар қўшилган кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳозирги кунда, кенг истеъмолнинг юқори ўринларидан жой олган.

«Агар маҳсулот бештадан зиёд қўшимчани ўз ичига олган бўлса, уни ўта қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулоти, деб аташ мумкин,» изоҳлайди Наварра Университетидан профессор Майра Бес-Растролло.

Қуйидаги маҳсулотлар таркибида, одатда, бештадан кўп саноат қўшимчаси бўлади:

  • колбаса каби қайта ишланган гўшт маҳсулотлари
  • ёрмалар
  • тез тайёр бўладиган лапшали шўрвалар
  • газланган ширин ичимликлар
  • товуқ гўштидан тайёрланган наггетлар
  • кекслар
  • шоколад
  • музқаймоқ
  • фабрикада тайёрланган нон маҳсулотлари

Бундай маҳсулотлар қанчалик зарарли?

Испаниядаги Наварра Университети томонидан эълон қилинган биринчи тадқиқотда 10 йил давомида 19,899 инсоннинг овқатланиш тартиби кузатиб борилгани айтилади.

Тадқиқот вақтида 335 инсоннинг нотўғри овқатланиш билан боғлиқ сабаблар оқибатида вафот этгани қайд қилинган.

Париж Университети эса беш йил давомида 105,159 инсонни кузатиб, уларнинг овқатланиш тартибини йилда икки бор баҳолаб борган.

Франциялик олимлар ўта қайта ишланган маҳсулотларни доимий истеъмол қилганларнинг соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келганини аниқлаган.

Париж Университетидан доктор Матилда Тувернинг сўзларига кўра, бундай маҳсулотлар истеъмолининг шиддат билан ортиши кейинги ўн йилликларда юрак-қонтомир касалликларининг кескин кўпайишига олиб келиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўтган йили саноат томонидан кенг истеъмол учун қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва саратон хасталиги ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинлиги аниқланган эди.

Бироқ, ҳозирча, олимлар бундай маҳсулотлар ва соғликнинг бузилиши ўртасидаги боғлиқликнинг тагига ета олмаганлар.

Ўта қайта ишланган маҳсулотлар танага қандай таъсир қилади?

Ўтказилган тадқиқотнинг илк синовларида асосан бу каби маҳсулотлар билан озиқланган одамларда яна кўпроқ ейиш ва семиришга мойиллик юзага келиши аниқланган.

Шунингдек, қуйидаги салбий ҳолатлар аниқланган:

  • Бу маҳсулотлар танага кўп қувват беради, аммо уларда осон ва хавфсиз ҳазм бўлувчи моддалар миқдори кам
  • Уларга қўшилувчи қўшимчалар хавфсизлик синовларидан ўтган бўлсада, бир вақтнинг ўзида, турли озиқ-овқат маҳсулотларидаги қўшимчаларни истеъмол қилиш соғликка зиён етказиши мумкин
  • Истеъмол қилиш осон бўлганидан одамлар бундай маҳсулотларни кўп ейди
  • Улар мева ва сабзавотлар каби соғлом маҳсулотларни истеъмолдан сиқиб чиқаради - тайёр бананли музқаймоқ турганда, ким ҳам бананнинг ўзини ейиши мумкин?

Олимлар бу фаразларнинг тадқиқотлар орқали янада кенгроқ ўрганилиши зарурлигини эслатиб ўтган.

Нима қилмоқ керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Британиялик парҳезшунос олима Виктория Тейлор кўп тавсия қилинувчи овқатланиш тартибига одатланиш кераклигини айтади.

Масалан, саноат ишлови берилмаган ёки кам ишлов берилган мева, сабзавот, балиқ, ёнғоқ, дуккакли экинлар ва бошоқли донларни кўпроқ истеъмол қилишга одатланиш зарур.

«Шу билан бирга мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш, чекмаслик ҳам юрак-қонтомир касалликлари хавфини камайтириши исботланган.»

Танқид

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Аксарият кузатувчилар озиқ-овқат маҳсулотларини ўта қайта ишланган, дея таснифлашда кўплаб ноизчилликларга йўл қўйилишини таъкидлайди.

Рединг Университетидан озиқланиш ва соғлиқ масалалари бўйича эксперт Гантер Кунлга кўра, салями колбасаси каби маҳсулотлар шундай синфга киритилган бир пайтда, кўплаб ишлов босқичлари ва қўшимчаларни талаб этувчи пишлоқ ўта қайта ишланган маҳсулотлар рўйхатида йўқ.

«Соғлиққа турлича таъсир кўрсатувчи кенг озиқ-овқат турларини ўз ичига олган бундай таснифлаш тавсиялар учун асос бўлиб хизмат қилишга у қадар ярамайди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek