Россия: Путиннинг кечагина паст бўлган рейтинги қандай кўтарилиб кетди?

Getty Images Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Биз тарихда илк бор одамлардан сиз Путинга ишонасизми ёки йўқ, дея тўғридан-тўғри сўраб кўрдик. Ҳар ким, бир вақтнинг ўзида, Путинга президент, оддий инсон, раҳбар сифатида ишонч билдириши мумкин эди. Ҳар бир иштирокчи ўзи қарор қабул қилди. Натижалар ҳайратомуз, дейди ВЦИОМ бош директори Валерий Федоров.

24 май куни Россия матбуоти президент Владимир Путинга бўлган ишонч даражаси сўнгги 13 йил ичида энг қуйи нуқтага етганини хабар берган эди - 31,7 фоиз. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Жамоатчилик фикрини ўрганиш бутунроссия маркази (ВЦИОМ)га мавжуд вазиятни таҳлил қилиш сўрови билан чиқиши ортидан янги сўровнома натижалари эълон қилиниб, фуқароларнинг 72,3 фоизи президентга ишониши маълум бўлди. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Бунинг жавоби оддий: бошқа сўровнома, бошқа саволлар ва бошқа анкета. Шу сабабдан натижалар ҳам турлича.

Ўзбекистон Россия: Путин ўзбек мигрантларга патентдан қандай ёрдам беради?

Қозоғистон-Россия: Путин Назарбоевдан ўрнак оладими?

Россия: Владимир Путин янги президент - Марказий Осиёни олдинда нималар кутмоқда?

ВЦИОМнинг аввалги сўровномасида иштирокчиларга «Сиёсатчилардан кимга ишонасиз?» саволи берилган ва одамлар ўзи истаган исмни тилга олган эди.

Якуний рўйхатдан телебошловчи Ксения Собчак ва мухолифат етакчиси Алексей Навалний жой олган эди.

Бундан ташқари ўша сўровномадан бери жаноб Путинга бўлган ишонч яна пастлаб, 30,5 фоизга тушган.

Ўтган ҳафта ВЦИОМ ўтказган «ёпиқ» сўровда иштирокчиларга саволлар ўзгача йўналишда берилган.

Уларга беш нафар таниқли сиёсатчининг исми кўрсатилиб, "Сиз …га ишонасизми ёки йўқми?" дея сўралган.

Рўйхатда фақат Владимир Путин, Дмитрий Медведев, Владимир Жириновский, Геннадий Зюганов ва Сергей Миронов номи кўрсатилган.

«Сиз Владимир Путинга ишонасизми ёки йўқми?» деган саволга иштирокчиларнинг 72.3 фоизи «Ҳа» жавобини берган.

Шунингдек, Медведев 37 фоиз, Жириновский 36.1 фоиз, Зюганов 32.6 фоиз, Миронов 26.7 фоиз овоз олган.

Одамлар жавоби нега фарқли?

ВЦИОМ бош директори Валерий Федоров янги сўровнома натижаларини ҳайратомуз, деб атаган.

«Биз тарихда илк бор одамлардан сиз Путинга ишонасизми ёки йўқ, дея тўғридан-тўғри сўраб кўрдик. Ҳар ким, бир вақтнинг ўзида, Путинга президент, оддий инсон, раҳбар сифатида ишонч билдириши мумкин эди. Ҳар бир иштирокчи ўзи қарор қабул қилди. Натижалар ҳайратомуз. Рақамлар Путинга 30 эмас, балки 72.3 фоиз одам ишонишини кўрсатди,» деган у Интерфакс билан суҳбатда.

Икки сўровнома натижаларининг бунчалик фарқ қилиши ёндашув ва саволлар шаклининг турлича эканида, дейди жамиятшунослар.

«Очиқ сўровномада одамлар сиёсатчиларнинг исмини эслаши керак бўлади. Кўпчилик одамларга сиёсат умуман қизиқмас,» изоҳлайди Би-би-си билан суҳбатлашган Левада Маркази директори ўринбосари Денис Волков.

Унинг сўзлашича, очиқ сўровномада жавоб вариантларини ўзи ўйлаб топиши зарурлиги туфайли қатнашувчилар сони кўп кўп бўлмайди.

Одамларга тайёр ва аниқ рўйхат тақдим этиладиган ёпиқ сўровномада эса иштирокчи фақат шу рўйхат билан чекланишга мажбур бўлади.

Экспертлар ва жамиятшунослардан нега жаноб Путинга бўлган ишонч даражаси тушиб кетаётганини аниқлашни сўраган президент матбуот котиби Дмитрий Песков янги рақамларни шундай изоҳлаган:

«Биласизми, президентда турли рейтинглар йўқ. Президентда битта рейтинг бор. У одамлар президент амалга ошираётган ишларни қандай баҳолаши, ишларнинг натижалари асосида шаклланади. Қолган бари, жамиятшунослар ишларининг услублари - бу иккинчи даражали масала.»

Россия ҳукумати, жумладан, президент Путинга нисбатан ишонч рейтинги ўтган йилнинг июль ойи - пенсия ёшининг оширилиши эълон қилингандан бери пасайиб бормоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek