Дунёнинг учинчи бой аёли $35 миллиардли Маккензи Безос ҳақида нима биламиз?

Jeff Bezos and MacKenzie Bezos Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Жеф ва Маккензи 25 йил олдин турмуш қурган эдилар

Amazon асосчиси ва сайёранинг энг бой инсони Жеф Безос рафиқаси Маккензи Безос билан катта маблағга асосланган келишув остида ажрашган эди.

Эндиликда Безос хонимнинг бойлиги, камида, $35.6 миллиардга тенг экани тахмин қилинади.

Маккензи Безос жамоатчилик назаридан четда юришга ҳаракат қилади, камдан-кам ҳоллардагина журналистларга интервью беради.

Унинг турмуш ўртоғи билан $35 миллиардга тенг ажрашуви катта шов-шувга айланган бўлса, Безос хоним, яқинда, яна бир амали билан дунёни ҳайратга солди - у бойлигининг ярмини хайрия қилмоқчи.

Хўш, дунёнинг энг бадавлат аёлларидан бири бўлмиш Маккензи Безос ҳақида нималарни биламиз?

Қизлик фамилияси Татл бўлган Маккензи Безос болалигидан ёзувчи бўлишни орзу қилганини айтади.

"Биринчи китобимни олти ёшимда ёзганман… ҳар куни мактабдан кейин озгинадан ёзар эдим ва йилнинг охирига қадар 142 саҳифали «Китоб қурти» асаримни тугатгандим," деган у 2013 йилда берган интервьюсида.

Китобнависликка бўлган муҳаббат Безос хонимни мактаб йилларида ҳам тарк этмайди ва у Нобел мукофоти лауреати Тони Моррисон қўл остида ёзувчилик сирларини ўрганиш мақсадида атайин Принстон Университетига ҳужжат топширади.

Кейинчалик, Моррисон хоним Маккензи Безоснинг илмий маслаҳатчиси ва ҳаммаслагига айланади.

'Илк тинглашдаги севгиʼ

Университетни 1992 йилда аъло баҳоларга тамомлаган Маккензи Безос Нью-Йоркга йўл олади.

Бироқ у янги шаҳарда бошлаб қўйган китобини давом эттиришга ва ҳаёт кечиришга молиявий жиҳатдан қийналиб қолади.

Тирикчиликни ўтказиш ва қарзларни тўлаш учун иш топишга қарор қилади.

Ишга кириш вақти уни бўлажак турмуш ўртоғи Жеф Безос суҳбат қилади.

Ниҳоят, Безос хоним ишга қабул қилинади.

Унинг иш ўрни жаноб Безосники билан қўшни эди.

"Девор ортидан унинг қаттиқ қаҳ-қаҳ ураётганини эшитиб турар эдим… бу илк тинглашдаги муҳаббат эди," ҳикоя қилган Маккензи Безос ўз интервьюсида.

Image caption Моррисон хоним Маккензи Безоснинг илмий маслаҳатчиси ва ҳаммаслагига айланади.

Шундан сўнг у жаноб Безос билан яқиндан танишишни истаб қолади.

Уч ойлик учрашувлардан сўнг улар унаштирадилар ва яна ҳеч қанча вақт ўтмай, турмуш қурадилар.

Тўйдан бир йил ўтгач, жаноб Безос Amazon компаниясини ташкил қилиш ғоясини ўйлаб топади.

Бироқ унинг ўзи стартап муваффақиятига катта ишонч билан қарамайди.

Безос хоним компания ғоясини амалга ошириш давомида турмуш ўртоғига яқиндан кўмак беради.

Amazon'нинг илк йилларида жуфтлик тўрт фарзанднинг ота-онасига айланади.

Безос хонимнинг ёзувчиликдаги ишлари ҳам илгари юра бошлайди.

Алал-оқибат, The Testing of Luther Albright (Лютер Олбрайтнинг бошидан ўтганлари) номли илк асари 2005 йилда чоп этилади.

Илк асар

Безос хоним биринчи китобини ёзишга саккиз йил умрини бағишлаганини айтади.

У интервьюларидан бирида бирор китоб битмаган «тиришқоқ ёзувчи»га айланиб қолишдан қўрқув ва номус ҳисси уни ўз асарини тугатишга ундаганини билдирган.

Табиатан тортинчоқ бўлган Маккензи Безос илк китобининг тақдимот маросимида ўзини жуда ноқулай ҳис қилганини ҳам айтади.

Унинг руҳан чўккан муҳандис-қурувчи ва ота тўғрисидаги биринчи романи бестселлер асарлар қаторидан ўрин эгаллай олмаган бўлсада, кўплаб танқидчилар томонидан олқишланади.

Китоб муаллифга бир қанча нуфузли мукофотларни олиб келади.

Шунингдек, Безос хоним Сиэтл шаҳри адабий ҳаётида ҳам обрўга эришади.

Маккензи Безоснинг иккинчи китоби Traps (Тузоқлар) 2013 йилда эълон қилинади, аммо аксар танқидчилар унинг биринчи китобдек кучли чиқмаганини таъкидлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Elliott Bay Book Company

Ўз дўконида номсиз сотувчи

Безос хоним турмуш ўртоғи асос солган Amazon интернет дўконида сотиладиган китоблари изоҳида ўзини танитишни у қадар хушламайди.

Унинг китоблари муаллифи тўғрисидаги маълумотларда "турли ишларни қилгани, жумладан, идиш ювувчи, официант, кийим-кечак сотувчиси, ҳисобчи, ҳостес, кутубхоначи, маълумотлар базаси хизматчиси ўқитувчи, энага вазифаларини бажаргани" қайд этилади.

Бироқ Безос хонимнинг Amazon'даги лавозими ёки компания асосчиси Жефф Безос билан турмуши тўғрисида бирор сўз ёзилмаган.

Илк китоби эълон қилинганда, у шундай деган эди: "Amazon мижозларига таъсир ўтказишни истамайман. Одамлар китобларимга, гўё, мени танимайдигандек муносабатда бўлиши керак."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ажрашув эълонида шундай дейилди: "Агар 25 йилдан кейин ажрашишимизни билганимизда ҳам ҳаммасини бошидан яна шундай қилган бўлар эдик"

Ажрашув

Безос хоним китобларини турмуш ўртоғига тегишли Amazon эмас, балки бошқа мустақил нашриёт уйлари орқали чоп этишга уринади.

У ўзини қанчалик собиқ турмуш ўртоғидан алоҳида кўрсатишга интилмасин, айрим тақризчилар одамлар Безос хонимни ёзувчидан кўра энг бадавлат инсоннинг собиқ рафиқаси ўлароқ кўпроқ танишини айтади.

Шу йилнинг январь ойида 25 йил бирга яшаган жуфтлик ажрашиш ниятида эканини эълон қилди.

Апрель ойида жаноб Безос ва Безос хоним $35 миллиардга тенг келишув остида ажрашганликларини хабар берди.

Бу замонамиздаги энг қиммат ажрим келишувига айланди.

Орадан бир ой ўтиб, Безос хоним собиқ турмуш ўртоғидан олган маблағининг тенг ярмини хайрияга сарфламоқчилигини маълум қилди.

Сиэтл шаҳри адабий жамоатчилигининг баъзи вакиллари Безос хонимнинг шаҳар учун ҳам маблағ сарфлашидан умид қилишини билдиради.

Ҳозирда одамлар Безос хоним китоб ёзишда давом этиши ва бундан кейин ўзини дунёдаги энг бадавлат инсоннинг собиқ рафиқаси эмас, балки ёзувчи сифатида танитишга ҳаракат қилишини тахмин қилмоқда.

Апрель ойида Маккензи Безоснинг ўзи шундай ёзган эди: «Ўз режаларимдан мамнунман. Ҳаётда нима бўлишини интиқиб кутаётган бир пайтда, ўтмишимдан миннатдорман.»

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM

Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Бу мавзуда батафсилроқ