Дунё, янгиликлар: Норозиликларга учраган Қозоғистон янги президенти, ҳайдалган Молдова президенти ва АҚШнинг Туркияга ультиматуми

Қозоғистонда янги президент, аммо халқ норози. Молдова Конституциявий суди президент Додонни вазифасидан озод этди. АҚШ Туркияга ультиматум қўйди: «Ё C-400, ё F-35».

9 июнь куни Қозоғистонда ўтган президентлик сайловининг экзит полл натижаларига кўра, кутилганидек, 66 яшар Қосим-Жўмарт Тўқаев 70 фоиз овоз билан олдинда бормоқда. Таниқли мухолифат фаоли Амиржон Кўсанов 15 фоиз овоз билан чекланишга мажбур бўлган. Расмий натижалар бугун эълон қилиниши кутилмоқда.

Жаноб Тўқаев ҳокимият алмашиниш жараёни адолатли ва шаффоф ўтишига ваъда берган бўлсада, аксар қозоғистонликлар бундай фикрда эмас. Пойтахт Нур-Султон ва Олма-ота шаҳарларида муддатидан олдинги сайловга қарши йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Юзлаб тинч намойишчилар ва уларни кузатаётган журналистлар ҳамда фаоллар полиция томонидан ҳибсга олинган. Ички ишлар вазири ўринбосари Марат Кожаев AFP агентлигига 500 нафар одам «рухсатсиз ўтказилган митинглар»да ушланганини билдирган.

Нур-Султон шаҳридаги Би-би-си мухбири полиция одамларни автобусларга қандай судраб олиб чиқаётганини кўргани ҳақида хабар берган. Жаноб Тўқаев полицияни ўзини тийишга чақирган ва Би-би-сига ўз ҳукумати турли қарашларга эга одамларга тоқат қилишини айтган.

Молдова Конституциявий суди президент Додонни вазифасидан озод этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Конституциявий Суд ўзининг парламентни тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарорини бажармагани учун президент Игор Додонни вақтинча ҳокимиятдан четлатган ва унинг ўрнига амалдаги Бош вазир Павел Филипни давлат раҳбари вазифаларини бажарувчи этиб тайинлаган.

Аввалроқ, Молдова Конституциявий Суди агар сайловлардан сўнг уч ой ичида парламент янги ҳукуматни шакллантира олмаса, у ҳолда президент парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар кунини белгилашга мажбур, дея қарор чиқарган эди.

Жаноб Додон суд қарорининг «ҳокимиятни босиб олиш»га қаратилганини таъкидлаган ва халқаро ҳамжамиятга ҳокимиятнинг тинч алмашинув жараёнида воситачилик қилиш даъвати билан мурожаат қилиш ниятида эканини билдирган.

АҚШ Туркияга ультиматум қўйди: «Ё C-400, ё F-35»

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Туркия июль ойининг охирига қадар нимани сотиб олишни танлаши лозим: Россиянинг C-400 зенит тизимларими ёки АҚШнинг F-35 қирувчи-бомбардимончилари.

АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шенахен ўзининг турк ҳамкасби Акар Хулусига ана шундай ультиматум йўллаган.

Жаноб Шенахенга кўра, Туркия бир вақтнинг ўзида Россия мудофаа тизимлари ва Америка учоқларини сотиб ололмайди.

Сўнгги вақтларда Туркия мустақил мудофаа сиёсати юритишга уринмоқда. Ҳукумат Россия қурол-яроғларини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бир вақтнинг ўзида Туркия Вашингтон билан 100 та F-35 учоқларини сотиб олиш борасида келишувга эришган.

АҚШ ультиматумига кўра, агар барибир Туркия C-400 тизимларини сотиб олишга қарор қилса, у ҳолда F-35 учоқларисиз қолади.

Ўтган ҳафта Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдоғон ўзининг мамлакати C-400 хариди жараёнини охирига етказишини таъкидлаган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek