Дунё, янгиликлар: Гей ва лесбиан - Худо уларни эркак ва аёл қилиб яратган - Ватикан

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ватикан жинсий ўзликнинг замонавий тушунчасига қарши чиқди

Эълон қилинган 31 саҳифали ҳужжатда Ватикан кўплаб давлатларда қабул қилинган жинсий ўзликнинг замонавий концепцияни кескин қоралаган.

Ҳужжат «У уларни эркак ва аёл қилиб яратган» дея номланган.

Унда жинсий ўзликка замонавий ёндашув табиат тушунчасини йўқликка учратиши ва оила институтини поймол этиши тўғрисида сўз боради.

Дунё, янгиликлар: Байрамга таклиф этилмаган Путин, дуоларни ўзгартирган Папа ва БААда танкерларга ҳужум

Дунё, янгиликлар: Норозиликларга учраган Қозоғистон янги президенти, ҳайдалган Молдова президенти ва АҚШнинг Туркияга ультиматуми

Қозоғистон: Назарбоевсиз ўтаётган илк сайлов - намойиш, қўлга олишлар ва қонунбузарлик

Муаллифларнинг қайд этишича, жинсий ўзлик инсон эмас, балки Худо томонидан белгиланиши лозим: «Муқаддас битик инсонга унинг танаси, эркаклик ва аёллик моҳиятини берган Яратгувчи қарорларининг оқиллигини кўрсатади.»

Шунингдек, ҳужжатда таълим даргоҳлари ўз ўқувчиларига фақат «одамнинг асл табиати»ни ўргатишга чақирилади.

Ушбу ҳужжат ЛГБТ ҳамжамияти танқидига учраган. Уларнинг фикрича, ҳужжат нафақат трансгендерлар, балки лесбианлар, гейлар ва бисексуалларга қарши восита сифатида ишлатилиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шимолий Кореяда юзлаб оммавий қатл майдонлари аниқланди

Жанубий Кореяда жойлашган Transitional Justice Working Group нодавлат ташкилоти 610 нафар шимолий кореялик қочқинлар кўрсатмасига асосланган ва тўрт йил давомида ишланган ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда сигир ўғирлашдан тортиб Жанубий Корея телеканалини кўришгача бўлган масалаларда айбланган одамлар омма кўз ўнгида қатл этилган 318 майдон харитаси ҳам тақдим қилинган.

Муаллифларнинг тасвирлашича, бундай қатллар дарё бўйлари, далалар, бозорлар, мактаблар ва стадионларда ташкил этилган ҳамда уларни томоша қилишга минглаб одамлар, кўп ҳолларда, мажбуран олиб келинган.

«Оммавий қатллар қўрқув уруғини сочиш ва фуқароларни тузум томонидан исталмаган ишларга қўл уришдан чўчитишнинг ибтидоий усулидир,» дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда қатлларнинг асосий қисми отиш йўли билан амалга оширилгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ инқироз кучаяётган Суданга элчи жўнатди

АҚШ Давлат Департаментининг хабар беришича, жорий ҳафтада хавотирли вазият ортиб бораётган Суданга америкалик элчи юборилади.

Давлат Департаментининг Африка масалалари бўйича бюроси бошлиғи Тибор Неги Судан ҳарбий ҳукуматини фуқароларга қарши амалга оширилаётган ҳужумлардан тийилишга чақириши кутилмоқда.

Суданлик ишчилар якшанба куни ҳарбий ҳукуматга бўйсунмасликни намоён қилиш мақсадида мамлакат бўйлаб ялпи иш ташлаш бошлаган эди. Хавфсизлик кучлари бу ҳаракатга кўзни ёшлантирувчи газ ва ўқотар қуроллар билан жавоб қайтарган. Иш ташлашнинг биринчи куни тўрт инсон ҳалок бўлган.

Шунингдек, ўтган ҳафтада ҳарбийлар тинч намойишчиларга қарши ҳужум қилган ва, оқибатда, ҳукумат 40 зиёд инсоннинг ўлдирилганини тан олган эди. Айни вақтда, намойишчилар ҳарбийлардан ҳокимиятни фуқаровий ҳукуматга топширишни талаб қилмоқда. АҚШ элчиси ҳар икки томоннинг муросага келиши йўлида воситачилик қилиши айтилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Олимлар: Ўсимликларнинг йўқолиб кетиши барча мавжудотлар учун ёмон хабар

Сўнгги 250 йил ичида ёввойи табиат деярли 600 турдаги ўсимликлардан ажралди, дейилади янги эълон қилинган тадқиқот хулосаларида.

Аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ушбу рақам йўқолиб кетган барча қуш, сутэмизувчи ва судралиб юрувчилар сонидан икки баробарга кўпдир. Олимлар ўсимликларнинг қирилиб битиши табиий жараёндан кўра 500 баробар тезроқ кечаётганини таъкидлайди.

Олимларга кўра, аксар одамлар ўсимликларнинг йўқолиб кетишига жиддий эътибор қаратмайди, аммо Ер юзидаги миллионлаб жонзотлар, жумладан, одамнинг ҳаёти айнан ўсимликларга боғлиқдир.

Май ойида БМТ бир миллион турдаги ҳайвон ва ўсимликлар қирилиб кетиш ёқасига келиб қолганидан огоҳлантирган эди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.