Дунё, янгиликлар: Москвада йирик намойиш, Дмитрий Медведев – “Vk mho cucumber” ва ҳиндларнинг Ойга парвози

Дмитрий Медведев Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Хакерлар Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Twitter саҳифасига бузиб кириб, унинг номидан ғалати жумлаларни ёзиб қолдирган:

"Hop cc very very very hubby cheers cheers her very vav chi hi " ва "Vk mho cucumber uovunpniophvoui ".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Meduza
Фото муаллифлик ҳуқуқи Meduza

Ушбу жумлалар 12 июнь куни Ироқнинг Россиядаги элчиси Ҳайдар Мансур Ходи твити остида қолдирилган. Россия ҳукумати матбуот хизмати, кейинроқ, саҳифа назорати қайта тикланганини хабар қилган ва хакерлар ёзуви ўчириб ташланган.

Хакерлар 2014 йилда ҳам жаноб Медведевнинг Twitter аккаунтини бузишган эди. Ўшанда улар Бош вазир номидан шундай сўзларни ёзганлар: «Истеъфога чиқаман. Ҳукуматнинг ҳаракатларидан уятдаман…», "Анчадан бери айтмоқчи бўлиб юрибман! Вова! Сен ноҳақсан…"

"Биз - Голуновмиз": Москвада йилнинг энг йирик намойиши бўлиб ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи YURI KOCHETKOV

Москвада мингдан ортиқ одам сешанба куни озод этилган журналист ИванГолуновни қўллаб-қувватлаш акциясига чиқди. Бу жорий йил бошидан бери Москвада кузатилган энг йирик намойиш экани айтилмоқда.

6 июнь куни катта миқдордаги наркотик моддаларни тарқатишга уринишда айбланиб, қўлга олинган журналист ва Медуза нашрининг махсус мухбири Иван Голунов иши Россия бўйлаб кенг акс-садо берган эди.

Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг қонунлар ва инсон ҳуқуқларини менсимаслиги қурбони ўлароқ кўрилган жаноб Голунов ҳали ҳибсдалик пайтида унинг ҳимояси йўлида норозилик намойиши ўтказиш режаланган ва ижтимоий тармоқда 20 минг одам митингга чиқишга ўз истагини билдирган эди.

Журналист озод этилиши ортидан норозилик акцияси ташкилотчилари ўз режасидан воз кечган, аммо одамлар барибир намойишга чиққан. Россия ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, 1200 нафар одам тинч митингда қатнашган.

Бироқ фаоллар кўчага чиққанлар сони икки минг бўлганини таъкидлайди.

Полиция ва хавфсизлик кучлари намойиш бошланиши билан норозиларни бирин-кетин ҳибсга ола бошлаган.

Улар ичида Алексей Навалний каби таниқли мухолиф фаоллари ва журналистлар бўлгани хабар қилинади.

Қўлга олинганлар кечга томон қўйиб юборилган.

Ҳиндистон Ойга иккинчи миссияни юбормоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Press Information Bureau, India

Ҳиндистон фазо агентлиги кеманинг кейинги ойда учирилиши ва уни сентябрь бошида Ой сиртига қўндирилишидан умид қилаётганини хабар қилган.

Агар миссия муваффақиятли амалга ошса, Ҳиндистон АҚШ, Собиқ Совет Иттифоқи ва Хитой ортидан Ойга ўз кемасини қўндирган тўртинчи мамлакатга айланади.

Ҳиндистон 2008 йилда Ойга биринчи миссиясини юборган, аммо у Ой юзасига қўнмай, табиий йўлдош орбитасида айланишга мўлжалланган эди.

Чандраян-2 номини олган иккинчи аппарат сентябрь ойи бошида Ойга қўниб, 14 кун давомида унинг юзасидан олинган маълумотлар ва суратларни Ерга узатиб бориши кутилмоқда.

Трамп: АҚШ Полшага қўшимча ҳарбий куч жўнатади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Вашингтонда Полша президенти Андрзеж Дуда билан ўтган матбуот конференцияси давомида президент Доналд Трамп АҚШ Полшага қўшимча 1000 ҳарбий юборишини маълум қилган.

Жаноб Трамп ушбу ҳарбийлар Американинг Германиядаги 52 минг нафарли контингентидан олиниши, шунингдек, Полшага дронлар ва бошқа ҳарбий анжомлар жўнатилишини билдирган.

НАТО билан 2016 йилдаги келишувга мувофиқ АҚШнинг 5 мингга яқин аскари аллақачон Полшада хизмат қилмоқда.

Қримнинг 2014 йилда Россия томонидан аннекция қилиниши ортидан АҚШ ва НАТО давлатлари Шарқий Европадаги ҳарбий мавжудиятни янада ошириш ва кўпроқ ўқув машғулотлари ўтказишга зўр бермоқда.

Шунингдек, Полша ўз ҳудудида АҚШнинг доимий ҳарбий базасини қуришга иштиёқ билдириб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ