Дунё: Мен Чернобил портлашининг гувоҳи бўлганман

Oleksiy Breus was on the morning shift at the Chernobyl Nuclear Power Plant on 26 April 1986, after the explosion that night and helped to fight consequences of the disaster Фото муаллифлик ҳуқуқи Moloda gvardiya/MICHAELA VONDRUSKA/SKY UK LTD/HBO
Image caption Телесериалда асос қилиб қилиб олинган Чернобил инженери Олексий Бреус ўша пайтда ва бугун

Дунё тарихидаги энг ҳалокатли ядро авариясидан соатлар ўтиб, муҳандис Олексий Бреус Чернобил атом станциясининг тўртинчи реактор бошқарув хонасига киради.

1982 йилдан станцияда ишлай бошлаган жаноб Бреус 1986 йил 26 апрели тонгида юз берган даҳшатли фалокат асоратларини ўз кўзи билан кўрган.

АҚШнинг HBO ва Британиянинг Sky компаниялари ҳамкорлигида ишланган "Чернобил" телесериали ҳам айнан ушбу фалокатга бағишланган. Май ойида тақдим этилган сериал, зум ўтмай, дунё бўйлаб тилга тушди ва таниқли IMDB вебсайти рейтингида энг кўп эътироф этилган телесериалга айланди.

Томошабинлар сериални Чернобил ҳалокатини бор бўёқларда очиб бериш ва ўша қўрқинчли кунларни илк бор жонли намоён эта олишда олқишладилар.

Сериалда тасвирланган аксар тарихий шахслар билан бирга ишлаган жаноб Бреус "Чернобил"даги бадиий тўқима ва ҳақиқат борасида ўз фикрларини билдирди.

Бадиий тўқима ва ҳақиқат

"Бизни нега у ерга олиб боришганидан ҳайрон бўлган эдим," сўзлайди портлаш содир бўлган куни тонгда станцияга келган жаноб Бреус.

"Реактор вайрон бўлган, у ерда қиладиган ишнинг ўзи йўқдек кўринган эди."

Жаноб Бреус ўша тонгда ўз кўзи билан кўрган айрим ҳолатлар сериалда ҳаққоний тасвирланганини айтади. Бироқ бадиий тўқима ҳам етарлича, дейди.

"[Сериалда] Чернобил бутун дунёга таъсир кўрсатган ва кўплаб одамларни ўз домига тортган фалокат ўлароқ жуда кучли тасвирланган. Ҳам станция ишчилари, ҳам расмийларнинг ўша вақтдаги ҳиссиётлари ва кайфияти анчайин аниқ кўрсатиб берилган."

Фото муаллифлик ҳуқуқи OLEKSANDR KUPNYI
Image caption Олексий Бреус Чернобил АЭСининг назорат хонасини орадан 20 йил ўтиб яна бориб кўрди

«Аммо технологик жиҳатдан баъзи номувофиқликларга йўл қўйилган… улар ёлғон бўлмаслиги мумкин, лекин аниқ бадиий тўқима,» қўшимча қилади у.

Бош қаҳрамонлар

Сериалда уч асосий қаҳрамон фалокатга масъул этиб кўрсатилган: Станция директори Виктор Брюханов, бош муҳандис Николай Фомин ва бош муҳандис ўринбосари Анатолий Дятлов. Олексий Бреус бу тарихий шахслар образини тўқима демаса ҳам, уларнинг фалокатга жавобгар сифатида намоён этилишини "қип-қизил ёлғон" деб атайди.

"Уларнинг образи бузиб кўрсатилган. Гўё, улар ёвуз одамлар бўлгандек. Аслида, мутлақо бундай эмас."

"Эҳтимол, портлашдан сўнг станция ишчилари, унинг қўл остидагилар ва юқори раҳбарият Анатолий Дятловни ҳаммасига жавобгар шахс ўлароқ кўргани учун у сериалда асосий салбий қаҳрамонга айлангандир. Бироқ, кейинроқ, унга нисбатан бундай қараш ўзгарган эди."

Мазкур уч тарихий шахс фалокатдаги роли учун 10 йилга меҳнат жамлоғига юборилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Чернобил ҳодисаси устидан ўтказилган маҳкама. Чапдан биринчи Виктор Брюханов, ёнида сариқ кўйлакдаги бош инженер ўринбосари Анатолий Дятлов, унинг ёнида АЭС бош инженери Николай Фомин ўтирипти

Сериал яратувчиси Крейг Мезин Дятловни "ҳақиқий зўравон" сифатида тасвирлаган.

"Станция операторлари ундан қўрқар эди," дея тасдиқлайди жаноб Бреус Анатолий Дятловнинг сериалда кўрсатилган хулқ-атворини. "У хонага кириб келганда, ҳамма ўзини ўнғайсиз ҳис қила бошлар эди. У қанчалик қаттиққўл бўлмасин, барибир юқори малакали мутахассис эди."

Нурланиш оқибатлари тўғри тасвирланганми?

Жаноб Бреус сериал муаллифлари нурланишнинг инсон танасига таъсирини яхши кўрсатиб берган, дейди.

Портлашдан бир неча соат ўтиб, Олексий Бреус тўртинчи реактордаги смена бошлиғи Олександр Акимов ва оператор Леонид Топтунов билан суҳбатлашган. Сериалда бу икки инсоннинг ҳам образи мавжуд.

"Юмшоқроқ айтганда, уларнинг аҳволи яхши эмас эди. Соғлиги ёмонлашгани яққол кўриниб турар, ранги оқариб кетган эди. Топтунов буткул оқариб кетган эди."

Жаноб Акимов ва жаноб Топтунов икки ҳафтадан сўнг ўткир нурланиш синдроми оқибатида Москвада оламдан ўтади.

"Ўша тунда ишлаган бошқа ҳамкасбларни ҳам кўргандим. Уларнинг баданлари қизғиш тус олган эди. Улар, кейинроқ, Москвада вафот этдилар", деб эслайди жаноб Бреус.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SKY UK LTD/HBO
Image caption Британиялик актёр Адам Нагаитис ҳодиса жойига биринчи бўлиб борган ўт ўчирувчи Василий Игнатенконинг ролини ўйнаган

«Нурланиш таъсири, қизғиш тусга кирган тери, нурланиш ва буғдан куйиш тўғрисида ўша вақтлар ҳам кўп одам гапирган эди, лекин бундай ҳолатлар сериалдагидек ҳали ҳаётий кўрсатилмаган. Сменам тугагач, терим, худди, қуёшда товлангандек жигарранг бўлиб қолди. Кийим билан ёпилмаган тана қисмларим - қўлларим, юзим ва бўйним - қизариб кетганди.»

Совет расмийларига кўра, портлашдан сўнг бир неча ҳафта ичида 29 нафар станция ишчилари ва ўт ўчирувчилар ўткир нурланиш синдроми туфайли оламдан кўз юмган.

Икки ишчи вайроналар остида ҳалок бўлади. Улардан бири - Валерий Ходемчукнинг жасади ўша ерда қолиб кетади.

Ёнғин қанчалик кучли эди?

Сериалда кўрсатилган Василий Игнатенко реакторда кўтарилган ёнғинни ўчиришга келган илк ўт ўчирувчилар орасида эди.

Ўт ўчирувчилар нурланиш таъсиридан бехабар эди ва Василий Игнатенко шундай асоратлар билан 1986 йилнинг 13 майида вафот этади.

Жаноб Бреус ишга етиб келган вақт ҳеч қандай ёнғинни кўрмаганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Вайрон бўлган 3-реактор томидаги манзара

«Тўртинчи реактор зарарланганини кўрдим. Жиҳозлар ва насослар атрофда сочилиб ётар эди. Ҳеч қандай олов ёки тутун йўқ эди, шунчаки портлаш бўлган қисмдан тутун чиқиб турарди.»

Аксар ўт ўчирувчилар вайрон бўлган реакторга сув сепиш билан овора эди, дейди жаноб Бреус.

«Сепилаётган сув эса реакторга етиб бормасдан, буғланиб кетар эди.»

Ўт ўчирувчилар, кейинроқ, том қисмдаги қолдиқларни тозалашга ҳам жалб этилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 4-реактор томи вайроналарини тозалашга жалб қилинган ўт ўчирувчиларнинг 1986 йили олинган фотосурати

Ишчиларнинг образи ҳақиқатга мосми?

Станциянинг уч ишчиси ўз ихтиёри билан вайрон бўлган реактор остидаги туннель орқали муҳим дренаж клапанини очишга йўл олган вақт сериалнинг энг ҳаяжонга солувчи саҳналаридан биридир.

Ўша пайт реактордан оқиб тушаётган «лава» сувга қадар етиб борса, портлашдан кўра даҳшатли фалокат юз бериши эҳтимолидан катта хавотир билдирилган эди.

Кейинроқ бу уч ғаввоснинг нурланиш оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар урчийди. Бироқ улар, аслида, омон қолган бўлиб, Борис Баранов 2005 йилда оламдан ўтган, Валерий Беспалов ва Олексий Ананенко эса ҳамон Украина пойтахти Киевда ҳаёт кечирмоқда.

"Бу бизнинг ишимиз эди," сўзлайди Олексий Ананенко.

Фото муаллифлик ҳуқуқи OLEKSIY ANANENKO/BBC/SKY UK LTD/HBO
Image caption Олексий Ананенко(ўша кунлари ва ҳозир) телесериалда противогазлар билан дренаж клапанларини очишга тушгани тасвирланган уч ишчидан бири бўлган

Бу уч қаҳрамон дренаж клапанлари айнан қаерда жойлашганини билар, шу сабабли улардан бошқа инсон бундай вазифани бажаришга мос келмас эди.

"Агар бу ишни бажармаганимда, улар мени шучаки ишдан ҳайдар эди. Кейин қандай қилиб бошқа иш топардим?" иккиланади жаноб Ананенко.

Олексий Ананенко ўзи ва икки шеригининг сериалда намойиш этилган образида баъзи бир ноаниқликлар борлигини айтади.

Уларнинг юзи респираторлар билан тўлиқ ёпилмаган, бир-бири билан суҳбатлаша олган, уларга ҳеч қандай мукофот таклиф қилинмаган ва топшириқни муваффақиятли бажариб қайтгандан кейин ҳеч ким уларни олқишлар билан кутиб олмаган.

"Бу шунчаки ишимиз эди. Бунинг учун бизга ким ҳам қарсак чаларди?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи SKY UK LTD/HBO
Image caption Телесериалда 400 кончи қандай қилиб реактор остида туннел қазгани акс этган

Эриётган ёқилғининг бетон ёстиқ орасидан ўтиб, миллионлаб одам истеъмол қиладиган ерости сувларини заҳарлашини тўхтатиб қолиш учун реактор остидан туннель қазишга кончилар олиб келинади.

Реактор остида ҳарорат юқори бўлганидан, сериалда кончиларнинг кийимларини ечиб ишлагани кўрсатилган.

«Улар ҳақиқатан кийимларини ечишган, аммо сериалдагидек қип-яланғоч ишламаганлар,» хотирлайди жаноб Бреус. У, бундан ташқари, кончиларнинг роли ҳақиқий ҳолатда у қадар аҳамиятли бўлмаганини таъкидлайди.

Кончилар вазифани муддатидан аввал адо этадилар, лекин бунга қадар эриган атом ёқилғиси ўз-ўзидан совиб бўлади.

«Ўлим кўприги» ҳақиқатми?

Сериалда нурланиш хавфидан бехабар Припят шаҳри аҳолиси ёнғинни аниқроқ кўриш мақсадида темирйўл кўпригига тўплангани, болалар эса қор каби осмондан ёғаётган нурланган чангда ўйнаётгани тасвирланади.

Кейинроқ, ўша ерда бўлган одамлар нурланиш туфайли ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқаб, у ер «Ўлим кўприги» номини олади.

Бироқ жаноб Бреус припятликларнинг кўпчилиги портлашдан бехабар ухлаётган бўлганига ишониши, ўзи ҳам фалокат тўғрисида фақат эрталаб ишга келгандан сўнг хабар топганини таъкидлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SKY UK LTD/HBO
Image caption Телесериалда Припят шаҳарчаси яшовчилари кейинчалик "Ўлим кўприги" номини олган жойда портлаш оқибатини ўз кўзи билан кўриш учун борганлари тасвирланган

«Ўша тунда ёнғинни кўришга борган оломон ҳақида ҳеч эшитмаганман,» дейди у.

"Касалхонада 26 апрель тонгида ёнғинни томоша қилиш учун кўприкка борган бир йигит билан ётганман. Докторлар унинг ўртача даражада нурланганини айтганди."

Совет Иттифоқи тўғри тасвирланганми?

Олексий Бреус бу воқеа Совет тизимида мавжуд жиддий камчиликларни очиб ташлагани борасида сўзлайди.

«Масалан, Чернобил фалокати ортида турган асосий сабаблардан бири бўлмиш бемаъни махфийликни олайлик. Операторлар қизил тугмани босган вақтда, реактор ўчиш ўрнига портлаб кетган эди.»

Жаноб Бреус сериалда нохолисликларга кўзи тушганини ҳам маълум қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UKRINFORM
Image caption Дунёдаги энг йирик ядровий ҳалокат АЭС биносига етказган шикаст кўриниши

"Сериал Совет Иттифоқи тўғрисида Ғарбда шаклланиб қолган нотўғри қарашларга тўла. Ҳамма ерда катта темир кружка, ароқ, КГБни кўриш мумкин."

Шунга қарамай, у сериал одамлар эътиборини 33 йил муқаддам содир бўлган фалокатга қайтадан қаратгани ва Чернобилнинг мислсиз асоратларини очиб бера олганидан хурсандлигини билдиради.

"Сериалнинг юксак эътирофларга сазовор бўлгани одамлар ҳали ҳам Чернобилга қизиқишидан дарак беради. Бу фалокат тўғрисида билиш фақат бир гуруҳ одамлар эмас, балки бутун дунё учун қизиқ."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ