Дунё, янгиликлар, Крайстчўрч ҳужумчиси: Ҳеч нарсада айбдор эмасман

Брентон Таррант Фото муаллифлик ҳуқуқи TVNZ

Март ойида Янги Зеландиянинг Крайстчўрчидаги масжидларга қонли ҳужумни амалга оширган Брентон Таррант ўзига қўйилган барча айбловларни рад этгани хабар қилинмоқда.

29 яшар австралияликка 51 инсонни ўлдириш, 40 нафар инсонни ўлдиришга уриниш ва терроризм айбловлари илгари сурилган эди.

Янги Зеландия Олий Суди Таррант устидан судни келаси йилнинг 4 майига қолдирган ва жорий йилнинг 16 август куни иш юзасидан навбатдаги маҳкама тинглови ташкил этилишини эълон қилган.

Ҳужумчи 15 март куни Ал Нур масжиди ва Линвуд Исломий Марказига жума намозига келган мусулмонларни аёвсиз отиб ташлаган ва жараённи ижтимоий тармоқ орқали жонли узатиб борган эди.

Эрон Уммон Кўрфазини миналаштирмоқдами?

АҚШ танкердан "минани йиғиштириб олаётган" Эрон ҳарбийлари тасвирини эълон қилди

АҚШ пайшанба куни Уммон Кўрфазида ҳужумга учраган нефть ташувчи танкердан портламай қолган магнит минани "йиғиштириб олаётган" Эрон Исломий Инқилоб Ҳимоячилари Корпуси зобитлари тасвирини эълон қилди.

13 июнь куни Саудия Арабистонидан Сингапур ва Тайванга йўл олган икки танкерда портлаш юз берган эди.

АҚШ бу ҳужумлар ортида Эрон турганини иддао қилмоқда.

АҚШнинг даъво этишича, Исломий Инқилоб Ҳимоячилари Корпуси зобитлари портлашлар юз берганидан саккиз соат ўтиб, танкерлардан бирига яқинлашган ва бўлган ҳодисага Эроннинг алоқадорлигини яшириш мақсадида портламай қолган магнит минани йиғиштириб олган.

Бир ой аввал ҳам Бирлашган Араб Амирликлари соҳили яқинида тўрт танкер ўхшаш ҳужумга учраган эди.

Эрон ўзига қўйилаётган айбловларни қатъиян рад этмоқда.

Охирги вақтда Теҳрон ва Вашингтон муносабатларининг кескинлашиши фонида АҚШ Форс Кўрфазида ўзининг ҳарбий мавжудиятини сезиларли оширган.

Ўз навбатида Эрон, агар ўзининг нефть экспорти чеклаб қўйилса, Ҳормуз бўғозидан ҳеч қандай нефтни ўтказмай қўйиши билан таҳдид қилган. Айнан ушбу ҳудуддан дунё нефть экспортининг бешдан бир қисми ўтади.

Пайшанба куни содир бўлган воқеа ортидан нефтнинг дунё бозоридаги нархи 4 фоиз кўтарилиб кетган.

Афғонистонда қадимий минора қулаб тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ғазни вилоятида 12 асрга оид қадимий минора қулаб тушиши ортидан Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда мавжуд кўҳна обидаларни муҳофаза қилиш салоҳияти савол остига олинмоқда.

Мамлакат ахборот вазирлиги минора қулашида "кучли ёмғир"ни сабаб қилиб кўрсатган.

Бироқ танқидчилар ҳукуматни қадимий ёдгорликларни муҳофаза қилишга беэътибор муносабатда бўлишда айбламоқда.

Ғазни VII асрга қадар буддавийлик маркази сифатида гуллаб-яшнаган, аммо араблар 683 йилда бу ерга Исломни олиб келган.

XIII асрда эса Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар ҳудудни вайрон этган.

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти кўҳна Ғазнини Ислом маданиятининг Осиё шаҳри ўлароқ тан олган.

Вилоятда Толибон жангарилари фаол ҳаракат олиб бориши ортидан бу ердаги қадимий обидаларни ҳимоя қилиш анчайин мушкуллигича қолмоқда.

АҚШ ва Украинани душман кўрувчи россияликлар сони кескин камайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS

Россиядаги Левада Маркази ўтказган сўровномалар натижаларига кўра, АҚШ ва Украинани душман ҳисобловчи россияликлар сони кескин камайган.

АҚШ ва Украинани Россияга ёв санайдиган россияликлар нисбати, мос равишда, 78 фоиздан 67 фоиз ва 49 фоиздан 40 фоизга тушган.

Сиёсатшунос Алексей Макаркин бунга асосий сабаб этиб одамларнинг геосиёсатга бўлган умумий қизиқиши озайганини кўрсатган.

Унинг фикрича, бугун россияликларни ташқи сиёсатдан кўра нархлар ва ойлик маошлар кўпроқ қизиқтирмоқда.

Левада Маркази директори Лев Гудковнинг қайд этишича, фаол ҳарбий ҳаракатлар давом этмаётгани ва россияликларнинг янги Президент Владимир Зеленскийга нисбатан умиди ортгани сабабли Украинага бўлган салбий кайфият сезиларли ариган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ