Ўзбекистон аҳолисининг 95 фоизи "эмлашнинг фойдаси бор" деб ҳисоблайди

Эмлаш XX асрда жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрини сақлаб қолган, бироқ сўнгги йилларда дунёнинг кўп мамлакатларида одамларнинг эмлашдан воз кечаётганлари кузатилмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти(ЖССТ) ушбу вазиятдан хавотирда ва 2019 йили дунё саломатлиги учун 10 асосий таҳдид рўйхатига вакцинациядан воз кечишни ҳам киритган.

Wellcome Trust ташкилоти дунёдаги эмлашга муносабатни ўрганиб йирик тадқиқот ўтказди.

Ушбу сўровда 142 мамлакатдаги 140000 инсон қатнашган.

2018 йилда Ўзбекистонда ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 93 фоизи "эмлаш саломатликка хавф солмайди" деб ҳисоблаганлар.

Қозоғистонда "эмлаш саломатликка хавф солмайди" деб ҳисоблайдиганлар 46 фоизни, Тожикистонда 91 фоизни, Қирғизистонда 68 фоизни, Туркманистонда эса 86 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистонликларнинг 95 фоизи "эмлашнинг фойдаси бор" деб ҳисоблайди.

Шундай фикрдаги инсонлар Қозоғистонда 55 фоизни, Тожикистонда 95 фоизни, Қирғизистонда 71 фоизни, Туркманистонда эса 85 фоизни ташкил этади.

Wellcome Trustнинг сўровидан Ўзбекистонда аҳолининг 98 фоизи "эмлаш бола учун зарур" деб ҳисоблаши аён бўлган.

Қозоғистонликларнинг 76, тожикистонликларнинг 97 фоизи, Қирғизистон аҳолисининг 89 фоизи, Туркманистон яшовчиларининг 90 фоизи "эмлаш бола учун зарур" деган фикрдалар.

Ўзбекистонда болаларнинг 93 фоизи, Қозоғистонда 89, Тожикистонда 85, Қирғизистонда 89, Туркманистон гўдакларининг 99 фоизи эмлангани маълум бўлган.

Эмлашни ким ўйлаб топган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Вакцина кашф этилгунича миллионлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмганлар.

Илк бор X асрда Хитойда инсон хасталикка қарши эмланган. Соғлом инсонга имммунитетини кучайтириш мақсадида чечак кўпиклари берилган.

Орадан саккиз аср ўтиб британиялик шифокор Эдвард Женнер ҳамшираларнинг тез-тез сигир чечагини юқтиришлари, лекин ҳалокатли қора чечакка чалинмаслигига эътибор берган.

Қора чечак ўта юқумли касаллик бўлиб, уни юқтирганларнинг учдан бири ҳаётдан кўз юмган. Қора чечакдан даволанишга муваффақ бўлганларда ёки чандиқ қолган ёхуд бутун умр кўр бўлиб қолганлар.

1796 йили Эдвард Женнер 8 яшар Жеймс Филипсда тажриба ўтказган.

Жеймс Филипсга сигир чечаги юқтирилган. Орадан бироз вақт ўтиб, болада хасталик симптомлари пайдо бўлди.

Соғайганидан кейин доктор Женнер Жеймсга қора чечак вирусини юқтирган.

Аммо болага ҳеч нарса қилмаган: сигир чечаги унинг имммунитетини мустаҳкамлаган.

1798 йили Эдвард Женнер экспериментининг натижалари эълон қилинди ва ана ўшанда "вакцина" сўзи пайдо бўлди. У Лотин тилидаги "vacca" - "сигир" сўзидан олинган.

Эмлашнинг асосий ютуқлари

Сўнгги юз йилда эмлаш туфайли кўплаб хасталикларнинг зиёнини кескин камайтириш имконияти туғилди.

1969 йили қизамиққа қарши илк вакцина юзага келгунича қизамиқ дунё бўйлаб ҳар йили 2 миллион 600 минг инсонни ёстиғини қуритган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти(ЖССТ)нинг маълумотларига кўра, 2000 йилдан 2017 йилгача дунё бўйлаб қизамиқдан ўлимлар сони 80 фоиз камайган.

Атиги бир неча ўн йил олдин миллионлаб инсонлар полиомиелит қурбонига айланганлар - полиомиелитни юқтирганлар ё ҳалок бўлганлар ёки бир умр фалаж бўлиб қолганлар. Бугунги кунда бу хасталик деярли йўқ бўлган.

Нега инсонлар эмлашга қарши чиқадилар?

Замонавий вакцина пайдо бўлиши билан уларга қарши исён ҳам бошланган.

Бошида бунинг сабаби диний қилиб кўрсатилган - кўпчилик вакцина тоза эмас, деб ҳисоблаган ва ўзларига танлов имконияти берилмаётганидан ғазабланганлар.

XIX аср бошида Британияда эмлашга қаршиларнинг гуруҳлари ташкил этилган, улар касалликларни даволашнинг муқобил йўллари, жумладан беморни жамиятдан ихоталаб қўйишни таклиф этганлар.

Сўнгги йилларда дунё бўйлаб антивакцина ҳаракати яна жонланишига лондонлик врач Эндрю Уэйкфилднинг ҳисоботи сабаб бўлди.

У 1998 йили ҳисобот эълон қилди.

Бу ҳисоботида Эндрю Уэйкфилд MMR вакцинаси аутизм ва ичак хасталигига сабаб бўлади деган хато хулосани илгари сурган.

MMR - қизамиқ, эпидемик паротит(тепки) ва қизилча хасталиклари олдини олиш мақсадида жорий этилган вакциналарнинг жамламаси ҳисобланади.

Эндрю Уэйкфилд хулосасининг нотўғрилиги исботланиб, унинг номи Британия тиббий регистридан ўчирилганига қарамасдан, болаларнинг MMR вакцинасидан оммавий воз кечилгани ҳолатлари кузатилди.

Биргина 2004 йилнинг ўзида MMR билан эмланган Британиядаги болаларнинг сони 100 мингга камайиб кетди. Оқибатда мамлакатда қизамиққа чалиниш статистикаси кўпайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library

Эмлаш мавзуси кенг сиёсатлаштирилди. Мисол учун, Италия Ички ишлар вазири Маттео Салвини ўзини эмлашга қаршилар тарафдори деб ҳисоблашини эълон қилган.

АҚШ Президенти Доналд Трамп, бирор бир исботини келтирмасдан эмлашнинг аутизмга алоқаси бор, деган баёнот берган. Бироқ яқинда ота-оналарни болаларини эмлашга чақирди.

Ўтказилган халқаро тадқиқотга кўра, дунёда эмлашга нисбатан муносабат яхши. Аммо Европада эмлашга ишонч даражаси паст экани, айниқса, Францияда одамларнинг вакциналарга ишончи паст экани аниқ бўлган.

Таҳдид борми?

Эмлаш аҳолининг аксар қисми орасида, айниқса, иммунитети кучсиз ва вакцина олмаган инсонларнинг орасида хасталик тарқалишининг олдини олади.

Буни коллектив иммунитет деб атаса ҳам бўлади. Агар бу жамоавий иммунитетга шикаст етса, кўплаб инсонлар учун хавф юзага келади.

Коллектив иммунитетни соғлом ушлаб туриш учун талаб қилинадиган инсонларнинг фоизи хасталик турига қараб бир-биридан фарқ қилади.

Мисол учун қизамиқ тарқамаслиги учун аҳолининг 95 фоизи эмланган бўлиши, юқумлилиги қизамиққа нисбатан кучсиз бўлган полиомиелит учун 80 фоиз эмлаш талаб қилинади.

Ўтган йили Бруклиндаги яҳудий ортодокс жамоаси аъзолари "вакцинанинг аутизм хасталигига алоқаси бор" деб ёзилган ёлғон варақаларни тарқатдилар.

Ушбу жамоа аъзолари охирги ўн йилликларда АҚШдаги энг йирик қизамиқ эпидемияси сабабчилари бўлдилар.

Ўтган йили Англия бош врачи ҳаддан зиёд кўп одамлар Интернет социал тармоқлари орқали вакцина ҳақида ёлғон хабарларни олаётганидан огоҳлантирди. Америкалик олимларга кўра, Россиядан экани тахмин қилинган интернет-ботлар вакциналар ҳақида нотўғри маълумотларни тарқатганлар.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эмланиши тавсия қилинган болалар билан боғлиқ рақамлар охирги йилларда ўзгармаган ва 85 фоизлигига қолмоқда.

ЖССТ экспертларига кўра, эмлаш ҳар йили дунёда 2 миллиондан 3 миллионгача ўлим олдини олмоқда.

Дунё бўйлаб эмлаш билан боғлиқ энг абгор вазият қуролли можаролар тинмаётган ва тиббиёт ривожланмаган мамлакатлар бўлиб қолмоқда. Улар орасида Афғонистон, Ангола ва Конго Демократик республикаси бор.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти энг асосий муаммодан огоҳлантиради: бу одамларнинг ҳалокатли хасталикларни ёдидан чиқариб қўйганларидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ